Хўжанд шаҳридаги "Тожикистон Мустақиллигининг 20 йиллиги" стадионига фотосаёҳат

  • Mr.NoBoDy 16.08.2022 23:17
  • 423
  • 30

Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби ОФК Кубоги Марказий минтақа финали доирасида Тожикистоннинг "Хўжанд" клубига қарши майдонга тушади.

Бугун бўлажак учрашув олдидан расмий тадбирлар бўлиб ўтди. Championat.asia сайтининг икки ходими бўлажак учрашувни ёритиб бориш мақсадида Хўжанд шаҳрига йўл олди. Улар ўйин олди матбуот анжумани ҳамда "Сўғдиёна" клубининг ўйинолди машғулотларига оид фотосуратлар тақдим этишди.

Мураббийлар бўлажак ўйин олдидан қандай фикрда?

"Бизнинг жамоа Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги турида сафарда ғалаба қозондик ва бўлажак ўйинга ҳам жисмоний, ҳам руҳий томонлама яхши ҳолатда етиб келдик. Эртанги баҳсга тайёрмиз.

"Хўжанд" жамоасини яхши биламиз. Мақсадлари улкан ва ёш жамоа. Яхши футболчиларга эга. Рақиб ўз майдонида ўйнаши уларга устунлик беради. Учрашув маҳаллий вақт билан 15:30да бошланади, бу дегани хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Агар хато қилсак уни тўғрилашнинг имкони бўлмайди", - деди "Сўғдиёна" бош мураббийи Улуғбек Бақоев.

Эртанги ўйин бўйича гапирадиган бўлсак, рақибимиз "Сўғдиёна" ўйинини ўрганиб чиқдик. Аммо биз ўз ўйинимиз ва тайёргарлигимизга эътибор қаратамиз. Тайёргарлигимизга яраша ўйин кўрсатамиз деган умиддаман. Ўйлайманки, мухлисларимизни хурсанд қила оламиз.

"Сўғдиёна"нинг даражаси олдин гуруҳ босқичида тўқнаш келган клубларимиздан юқори. Қайтараман, биз рақибни яхши биламиз ва тайёргарликка катта эътибор қаратдик. Ёзги трансфер ойнасида Элчибек Рашидбеков, Сергей Гаранжа ва бошқа ёш футболчилар орқали таркибимизни кучайтирдик. Ўйлайманки, мавжуд футболчиларимиз учрашувга тайёр. Жиззах клубига қарши ўйинимиз ҳаммасини кўрсатиб беради", – деди "Хўжанд" бош мураббийи Рустам Хўжаев.

Кечга яқин Жиззах клуби ўйинолди машғулотини ўтказди. Йиғинда барча футболчилар иштирок этди. Сайтимиз фотографи Толибжон Қосимов бўлажак учрашув олдидан майдоннинг қай даражада тайёр эканлигини ўз суратлари орқали намоён этди. 

Бироздан сўнг "Сўғдиёна" клуби машғулотидан фотогалерея ҳамда жамоа ҳужумчиси Шоҳрўз Норхоновнинг бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашамиз.

Эслатиб ўтамиз, Марказий минтақа финали 17 август, соат 15:30 да "Тожикистон Мустақиллигининг 20 йиллиги" стадионида бўлиб ўтади. 

Ўхшаш янгиликлар