ads


Зиқна ёки айёр? "Ювентус" текинга қўлга киритган топ юлдузлар

  • Mr.NoBoDy 05.07.2019 13:42
  • 681
  • 30

ПСЖ ярим ҳимоячиси Адриен Рабьонинг эркин агент сифатида "Ювентус"га ўтишидан трансфер бозорини жонлантирди.

Кўплаб таҳлилчи, мутахассис ва ишқибозларнинг фикрича, Турин клуби пулни максимал даражада тежаб, ажойиб келишувни амалга оширди. Тўғри, Рабьонинг йиллик маоши кам эмас (йилига 7 млн. евро), шу билан бирга унга 10 млн. евро кўтарма пули тўланди, бироқ Transfermarkt порталидаги нарх 35 млн. еврони ташкил қилади, шунинг учун трансфер фойдали бўлганини тан олмасдан илож йўқ.


Аммо Рабьо "Ювентус" босслари сўнгги йилларда текинга қўлга киритган ягона топ футболчи эмас. Эътиборингизга эркин агент сифатида Турин клубига ўтган 9 юлдузни ҳавола қиламиз.


АНДРЕА ПИРЛО

Андреа Пирло "Милан"да ўтказган 10 йилидан сўнг 2011 йилнинг ёзида клубни тарк этишга қарор қилди. Пирло билан музокара ўтказиб, уни кўндириш ҳамда расман таништириш учун бор-йўғи 6 кун керак бўлди.

Аввалига Пирло ва "кекса синьора" ўртасидаги меҳнат шартномаси 3 йилга мўлжалланган эди, аммо Андреа клубда яна бир мавсум қолди. Ёшига қарамай "Ювентус" Пирлога ишонч билдирди, аммо хавбек кутилганидан яхшироқ натижа қайд этди. У "Юве" сафидаги 4та мавсумни ўйин сифати бўйича жуда яхши ўтказди. Тўрт марта Италия чемпиони, Кубок соҳиби бўлди, икки бора мамлакат Суперкубогини қўлга киритди, 2014/15 мавсумда эса Чемпионлар лигаси финалигача етиб боришди.


ФАБИО КАННАВАРО

2004 йилда "Ювентус" Фабио Каннаварони сотиб олиш учун "Интер"га 10 млн. евро ўтказиб берди. Икки йилдан сўнг туринликлар босслари марказий ҳимоячини 7 млн. евро эвазига "Реал"га сотди, аммо бу иш "кекса синьора" Б Серияга тушиб кетгани туфайли амалга оширилганди.

Уч йил ўтиб "Ювентус" Каннаварони эркин агент сифатида қайтариб олди, аммо тажрибали Фабионинг фаолиятини якунига етаётган эди. Каннаваро 2009/10 мавсумда "кекса синьора" сафида А Сериядаги ўзининг 400-учрашувини ўтказди, аммо бир йил ўтиб у фаолиятини БААнинг "Ал-Аҳли" клубида якунлашга қарор қилди.


САМИ ХЕДИРА

2015 йилнинг ёзида "Ювентус" "Реал" хавбеки Сами Хедирани қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ўша ёзда Хедиранинг "Қироллик клуби" билан шартномаси якунига етган эди. Трансфер бозоридаги нархи эса 18 млн. еврони ташкил қиларди, бироқ туринликлар бу маблағни "қаймоқранглилар"га ўтказиб бермади.

Хедира ҳозиргача "Ювентус"да тўп тепади, шартномаси эса 2021 йилда якуниланади. Жамоанинг асосий футболчиси эмас, бироқ ротация масаласида фойдали ўйинчилардан бири ҳисобланади, шу сабабли "кекса синьора" тўрт йил аввал Самини қўлга киритганидан афсусланмайди.


ЭМРЕ ЖАН

"Ювентус" текинга қўлга киритган яна бир немис марказий ярим ҳимоячиси. 2018 йилнинг ёзида Жаннинг "Ливерпуль" билан шартнома муддати якунига етди, Эмре эса янги битимни Турин клуби билан тузди.

25 ёшли Жан якунланган мавсумда А Сериянинг 29та учрашувида майдонга тушиб, 4та гол урди ва 1та голли пас берди. "Ювентус" шартнома тузаётган пайтда Эмренинг трансфер нархи 30 млн. евро эди, ҳозир эса бу нархга яна 10 млн. евро қўшилди.


ФЕРНАНДО ЛЬОРЕНТЕ

Ўзини "Атлетик"да кўрсата олган испаниялик Льоренте 2014 йилда 4 йиллик шартнома имзолаб, Туринга кўчиб ўтган эди. Голлари сони етарлича бўлмасада у жастлабки икки мавсумда жамоанинг муҳим ҳужумчисига айлана олди.

2015 йилда "Ювентус" Льоренте истагини ҳисобга олиб, уни Испанияга қайтарди, бироқ "Севилья" клубига. Фернандо "кекса синьора" сафида 92та учрашувда майдонга тушди ва 27та гол уриб, 10та голли пас беришга муваффақ бўлди.


ПОЛЬ ПОГБА

Келажаги порлоқ франциялик хавбек Поль Погба билан 2012 йилда шартнома имзоланди. Погба "Манчестер Юнайтед"ни эркин агент сифатида тарк этиб, туринликлар сафига қўшилганди. Бу Турин клуби тарихидаги энг муваффақиятли келишув бўлган. "Ювентус" Погба учун бир тийин ҳам тўламади, Поль эса тўрт мавсум сифатли ўйин намойиш этди. Кейин Полни ўша "Манчестер Юнайтед"га сотиб юборилди, аммо ўша вақт учун энг катта нархга - 105 млн. евро.

Погба "Ювентус"да тўрт марта скудетто, иккита Кубок ва учта мамлакат Суперкубогини қўлга киритди. У жамоа сафида 178та баҳсда майдонга тушиб, 34та гол урди ва 43та голга ассистентлик қилди. Поль "қизил иблислар" таркибида ўзининг Туриндаги ўйинини кўрсата олмаяпти, шу сабабли Погбанинг "Ювентус"га қайтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ОАВда кўпайиб кетди. Бу сафар Италия гранди францияликни эркин агент сифатида қўлга кирита олмаслиги аниқ.


КИНГСЛИ КОМАН

2014 йилнинг июлида "Ювентус" ПСЖнинг иқтидорли футболчиси Кингсли Коман учун жиддий курашда ғолиб бўлди. Вингернинг сўзларига кўра, унга "Арсенал", "Ливерпуль", "Ньюкасл", "Тоттенхэм", "Байер", "Бавария", "Зенит" ва "Бордо" даъвогарлик қилган. Бироқ Коман "Ювентус" фойдасига қарор қабул қилди. У "Ювентус"га эркин агент сифатида ўтди.

Коман "Ювентус"да бор маҳоратини кўрсата олмади. Бир йил ўтиб уни 7 млн. евро эвазига "Бавария"га икки йиллик ижарага бериб юборишди. Натижада Мюнхен клуби 21 млн. евро эвазига Кингслини сотиб олди. Эътибор беринг, "Ювентус" шу жойда ҳам фойдада қолди.


ДАНИ АЛВЕС

2016 йилнинг июлида тажрибали бразилиялик "Барселона"да ўтказган саккиз йилдан сўнг клубни тарк этишга қарор қилди. Унинг янги жамоаси "Ювентус" бўлди. Дани Алвес янги клубида битта мавсумни жуда муваффақиятли ўтказди, "кекса синьора" билан А Серия ва миллий Кубок ғолибига айланди.

Алвес ПСЖда яхшигина даромадли таклиф олгани учун "Ювентус"ни тарк эркин агент сифатида тарк этди. Дани Турин клуби сафида 33та ўйинда иштирок этиб, 6та гол урди ва 7та голли пас берди.


ААРОН РЭМСИ

"Арсенал" иқтидорли уэльсликни 2008 йилда сотиб олганди. "Тўпчилар" сафида 11 йилни ўтказган Рэмси Лондонни тарк этди. Миш-мишларга кўра, клуб ва футболчи янги битим борасида келиша олишмаган.

"Ювентус" вазиятдан фойдаланиб қолди. Рэмси Турин клуби билан ҳафталик маоши 400 минг фунт бўлган 3 йиллик шартномага имзо чекди. Мухлислар Рабьо каби Ааронни ҳам янги мавсумда "Ювентус" либосида кўришади.

Ўхшаш янгиликлар