ОЧЛ 1/8 финалга тайёргарлик: Араб клублари Европада

  • Mr.NoBoDy 06.07.2019 17:42
  • 1140
  • 30

Осиё чемпионлар лигасида Шарқий минтақа клублари 1/8 финал ўйинларини ўтказиб бўлишди.

1/8 финал натижаларига кўра, "Шанхай СИПГ" (Хитой), "Урава Редс" (Япония), "Гуангжу Эвергранд" (Хитой) ва "Кашима Антлерс" (Япония) жамоалари чорак финалда ўйнайдиган бўлишди. Ғар минтақаси клублари эса август ойида 1\8 финал учрашувларини ўтказишади. 

1/8 финал жуфтликлари: 

"Ал Наср" (Саудия Арабистони) - "Ал Ваҳда" (БАА)

"Ал Иттиҳод" (Саудия Арабистони) - "Зобаҳан" (Эрон)

"Ал Дуҳайл" (Қатар) - "Ал Садд" (Қатар)

"Ал Аҳли" (Саудия Арабистони) - "Ал Ҳилол" (Саудия Арабистони) 

Дастлабки учрашувлар 5-6 август, жавоб баҳслари эса 12-13 августда бўлиб ўтади. 

Ҳозирда барча 8та жамоа бўлажак беллашувларга тайёргарликни бошлаб юборган. Хусусан Саудия Арабистонининг икки клуби "Ал Ҳилол" билан "Ал Иттиҳод" ўз режаларини маълум қилди. Унга кўра, "Ал Ҳилол" янги мавсумга ҳозирликни Австрияда ўтказади. Маълумки, ушбу жамоага яқинда бош мураббий этиб Резван Луческу тайинланди. Янги мураббий жамоани Австриянинг Лиенц шаҳрига олиб боришни маъқул кўрди. "Ал Ҳилол" бу ерда уч ҳафта мобайнида машғулот ўтказади. 


"Ал Иттиҳод" ёзги йиғинни Англиянинг Манчестер шаҳрида ўтказмоқда. Хосе Луис Сиерра шогирдлари Эроннинг "Зобаҳан" клуби билан бўладиган ўйинга тайёргарликни мана шу ерда олиб боришади. Маълумки, "Ал Иттиҳод" бу йилги ОЧЛда "Локомотив" билан битта гуруҳда кураш олиб борди ва гуруҳда "Ал Ваҳда"дан сўнг иккинчи ўринни эгаллади. Жиддаликлар Манчестерга кетишдан олдин ўз сафларига Абдуллоҳ Ал Малки, Ҳамдан Ал Шаммари, Абдулраҳмон Ал Обуд каби футболчиларни қўшиб олишди. 


"Локомотив"нинг ОЧЛдаги яна бир гуруҳдоши "Ал Ваҳда" Голландия вариантини маъқул қўлди. Жамоа у ерда 25 июндан бери машғулот ўтказяпти. Икки ҳафта олдин клубда бош мураббий ўзгарди: Хенк Тен Кате жамоани тарк этиб, ўрнига Маурисе Стейн тайинланди. Хенк Тен Катенинг клубдан кетишига сабаб "Ал Ваҳда"нинг ички чемпионатда 3-ўринни эгаллагани бўлди. Бу жамоа ОЧЛ 1/8 финалида Саудия Арабистонининг "Ал Наср" клубига қарши баҳс олиб боради.


Европада йиғин ўтказаётган яна бир жамоа бу Қатарнинг "Ал Дуҳайл" клуби. "Ал Дуҳайл" Португалиянинг Порто Майо шаҳрини танлади. Маълумки, бу жамоа ўтган мавсумни Қатар Амири Кубоги финалида "Ал Садд"ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиш билан якунлади. Руи Фариа шогирдлари ОЧЛ навбатдаги босқичида ҳам "Ал Садд"га қарши баҳс олиб боришади. Қизиғи шундаки, бу икки жамоа 17 август куни яна бир-бирига қарши, бу сафар Шайх Жассим Кубогида майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар