ads


Шота Арвеладзе: "Ўзбекистондаги сўнгги матбуот анжуманимда ўзбекча гапиришга ваъда бераман"

  • Mr.NoBoDy 07.07.2019 23:21
  • 559
  • 30

Ўзбекистон Лига Кубогининг 3-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Локомотив" (2:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Шота Арвеладзе ўз фикрларини билдирди.

"Бу мусобақани жуда ёмон бошлаган эдик. Бугунги асосий мақсад гуруҳдан чиқиш эди, буни уддаладик. Рақиб сафидаги ёш футболчилар бизга муносиб қаршилик кўрсатишди. Мавсумнинг биринчи қисми биз учун жуда узун бўлди. Шунга қарамай бугунги баҳсда ҳам асосий таркиб билан ўйнашга қарор қилдик.

Бизнинг футболчилар "Локо" сафида ёшлар эканини кўриб бироз хотиржамликка берилишди шекилли. Ўйин бу ўйин, "Пахтакор"нинг ҳар бир расмий ўйини клуб имиджи ҳисобланади. Лига Кубоги кўплаб мамлакатларда бор ва Ўзбекистонда адашмасам илк бор ташкил этилмоқда. Кейинчалик бу мусобақага эътибор кучаяди деб умид қиламан.

Игорь Сергеевга "Персеполис" қизиқаётган экан? Мен арабча ўқишни билмайман. Бу ерга миш-мишларни муҳокама қилиш учун йиғилмадик. Бизга ҳеч қандай расмий таклиф бўлгани йўқ.

Нима учун мухлислар камайиб кетди? Сабаби ҳозир "чилла". Сабаби фақат бу эмас. Аммо баъзида мухлислар уйда қолишни маъқул кўради. Талабалар таътилда, кўплаб одамлар шаҳардан ташқарига чиқиб кетишган, улар қайтишади ва стадионимизда мухлислар кўпаяди.

Ўзбек тилини ўрганиб олдимми? Кўп сўзларни ўрганиб олганман. Туркча ва ўзбекча бир бирига яқинроқ тил бўлгани билан фарқлари бор. Ўзбекистондаги сўнгги матбуот анжуманимда ўзбекча гапиришга ваъда бераман.

Акром Комилов жароҳатини даволамоқда. Селекция ишлари давом этади. Балки янги футболчиларни қўшиб олармиз. Сидиқов бу мавсумда деярли майдонга тушмайди. Садриддин Абдуллаев, Достонбек Ҳамдамов ва Жасурбек Яхшибоев эса яқин кунларда майдонга қайтишади деб умид қиламан", - дейди Шота Арвеладзе.


Ўхшаш янгиликлар