"Пахтакор" Кападзени таклиф этмоқчи

  • Mr.NoBoDy 08.07.2019 11:00
  • 1047
  • 30

Яқиндагина "Локомотив"нинг ёшлар жамоаси бошқарувидан кетган Темур Кападзега пойтахтнинг бошқа клуби жиддий қизиқмоқда.

Бизга маълум бўлишича, Темур Кападзенинг хизматларига "Пахтакор" клуби томонидан қизиқиш мавжуд.

Клуб ёш мутахассисни ёшлар жамоаси бош мураббийи ўрнида кўрмоқда. 

"Локомотив" ёшлари билан ярим мавсум ишлаган ва айни пайтда пешқадам бўлиб туришини таъминлаган Кападзенинг иши "Пахтакор" раҳбариятида илиқ таассурот қолдирган. 

Шунингдек, "Пахтакор" ёшлар жамоасидан асосий таркибга етишиб чиқаётган футболчилар камнамо ва керакли даражада эмаслиги раҳбариятни ўйлантириб қўйган. Шу боисдан ҳам Кападзе номзоди ўртага чиққан. Агарда клуб томондан расмий таклиф бўлса ва томонлар музокараларда ўзаро келиша олишса, унда катта эҳтимол Темур Кападзе собиқ клуби "Пахтакор"нинг ёшлар жамоаси бошқарувини қўлга олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги мавсумдан кейин футболчилик фаолиятини тугатган Кападзе маълум вақт Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида тўртта ўйинда ишлади ва Сенегал, Марокаш, Эрон ва Уругвай сингари жамоалар билан ўртоқлик учрашувларини ўтказди. Шунингдек, жорий мавсумдан бошлаб "Локомотив" ёшларини бошқарган мутахассис 13 ўйинда 8 ғалаба, 4 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган ҳолда ёш "темирйўлчилар"ни турнир жадвали пешқадамига айлантирди.

Ўтган ҳафтада эса Кападзе ўз хоҳишига кўра "Локомотив" ёшлар жамоаси бошқарувидан кетишга қарор қилганди.

Ўхшаш янгиликлар