Қатар нега ЖЧ саралашида ўйнайди деган саволга жавоб

  • Mr.NoBoDy 11.07.2019 07:42
  • 926
  • 30

Маълумки, 17 июль куни Осиё минтақаси учун ЖЧ-2022 саралаш босқичининг иккинчи раундига қуръа ташланади.

Кейинги босқичда жами 40та жамоа иштирок этади ва улар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бор. Жамоалар 8тадан бешта саватчага бўлиб чиқилган. 

1-саватча: Эрон, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Хитой. 

2-саватча: Ироқ, Ўзбекистон, Сурия, Ливан, Уммон, Қирғизистон, Вьетнам, Иордания. 

3-саватча: Фаластин, Ҳиндистон, Баҳрайн, Таиланд, Тожикистон, КХДР, Хитой Тайпеи, Филиппин. 

4-саватча: Туркманистон, Мьянма, Гонконг, Яман, Афғонистон, Мальдив ороллари, Кувайт, Малайзия. 

5-саватча: Индонезия, Сингапур, Непал, Бангладеш, Мўғулистон, Гуам, Камбоджа, Шри-Ланка. 

Демак, қуръа механизмига кўра, ҳар бир саватчадан биттадан жамоа олинади ва 40 жамоа бештадан 8та гуруҳда баҳс олиб боради. Ўзбекистон иккинчи саватчадан жой олиши аниқ бўлган. 

Шу ўринда кўпчиликни қизиқтираётган савол: Қатар ЖЧ-2022 мезбони бўла туриб нега саралашда ўйнайди? (Қатар 1-саватчага тушган). Бу савол кўпчилик мухлислар томонидан бериляпти. Шу боис алоҳида жавоб бериб ўтмоқчимиз. 

Гап шундаки, ушбу саралаш босқичи нафақат ЖЧ-2022 балки, 2023 йил Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги учун ҳам саралаш вазифасини ўтайди. Яъни аввалги йилларда бўлгани каби ОФК ЖЧ учун алоҳида, Осиё Кубоги учун алоҳида саралаш ташкил этишдан воз кечган. 

Шундан келиб чиқиб Қатар жаҳон чемпионати мезбони бўлгани билан ҳали Осиё Кубогига йўлланма олган эмас. Демак, қатарликлар бу ўринда Осиё Кубоги-2023 мусобақасига йўлланма олиш учун баҳс олиб боришади. 

ЖЧ саралаш босқичининг иккинчи раунди 5 сентябрда старт олади ва келаси йилнинг 9 июнига қадар давом этади. Ҳар бир гуруҳдан 1-ўринни эгаллаган жамоалар (8та) ва энг яхши кўрсаткич қайд этган тўртта (4та) иккинчи ўрин соҳиблари кейинги босқичга йўл олади. 

Демак, мана шу 12та жамоа учинчи раундга йўл олишдан ташқари автоматик равишда Осиё Кубоги йўлланмасига ҳам эга чиқади. Шунинг учун Қатар бу ерда Осиё Кубогини кўзлаб ўйнайди. Ўз навбатида Хитой 2023 йилги Осиё Кубоги мезбони бўла туриб, ЖЧ саралаш босқичида жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашади. 

Маълумки, бу йил БААда ўтказилган қитъа биринчилигида тарихда илк бор 24 терма жамоа қатнашди. ЖЧ-2023 саралаш босқичининг иккинчи раундидан муваффақиятли ўтган 12 терма жамоа тўғридан-тўғри Осиё Кубоги йўлланмасига эга бўлишини ҳисобга олсак, кейинги 12та жамоани аниқлаш учун алоҳида саралаш ташкил қилинади ва бу ҳақда ОФК кейинроқ маълумот беради. 

Ҳозир биз учун энг асосийси 17 июль куни Ўзбекистон терма жамоаси рақиблари ким бўлишини билиб олиш. Қатар ё Хитой ўз ўйинларини қандай ўтказади, бу уларнинг муаммоси. Шунчаки бу маълумот Қатар нега саралаш босқичида ўйнаяпти деган саволга жавоб тарзида бериб ўтилди.

Ўхшаш янгиликлар