"Навбаҳор" янги мавсумга қай даражада тайёргарлик кўрди: клуб ОЧЛни тарк этди, лекин терма жамоа футболчилари билан кучайди (мутолаа учун)

  • Mr.NoBoDy 27.02.2024 21:50
  • 117
  • 30

Championat.Asia сайти Суперлиганинг янги мавсуми олдидан клубларнинг тайёргарлиги тўғрисида сўз юритади.

Таркиб ва трансферлар

Мавсум якунига етгач, "Навбаҳор"ни бир қанча етакчилар тарк этди. Жумладан, жамоа етакчи ва тўпурарларидан бири Остон Ўрунов Эронга йўл олди. Ярим ҳимоячи ўтган мавсум Суперлигада 9 та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасида 3, Ўзбекистон кубогида яна 2 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Унинг ўрнини Россиянинг "Пари НН" клубидан бир йилга ижарага олинган Руслан Жиянов тўлдиради.

Темирхўжа Абдухолиқов эса "Бунёдкор" сафига қўшилди. 32 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумнинг катта қисмини асосий таркибда бошлади. Гарчанд у Суперлигада атиги 3 та гол урганига қарамай, шерикларига 7 та голли узатмани амалга оширишди. Унинг ўрнига эса ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида "Навбаҳор"га ўтган Табатадзе ўрнига "Нефтчи" таркибини тўлдирган Гиоргий Никабадзе харид қилинди. Грузиялик ҳужумчи Суперлигада 12 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол уришга эришди.

Асосий таркиб ўйинчиларидан яна бири — черногориялик ҳимоячи Милош Милович Хитой Суперлигасида иштирок этувчи "Циндао Жуннэн" клуби билан шартнома тузди. 2023 йилда Милович "Навбаҳор" таркибида барча мусобақаларда жами 32 та ўйинда майдонга тушганди. 

Яна бир асосий мудофаа вакилларидан бири Игорь Голбан "Насаф"га қайтди. 33 ёшли футболчи ўтган мавсумни тўлақонли равишда асосий таркибда ўтказганди.

Шунингдек, Шаҳбоз Жўрабеков, Лука Чермель, Даврон Ҳошимов сингари ҳимоячилар ҳам наманганликлар билан хайрлашди. "Лочинлар" орқа чизиқ вакилларидан фақатгина Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Фарруҳ Сайфиев билан битим тузди.

Бундан ташқари, клубни биринчи даврада ишончли ўйин намойиш этиб, иккинчи ярмида келишмовчиликка борган Жасур Яхшибоев, ёзда "Бунёдкор"дан келиб қўшилган Дониёр Абдуманнопов, бирорта ўйинда имконият тақдим этилмаган машҳур дарвозабон Игнатий Нестеров тарк этди.

Бироқ таркибга яна бир қатор номдор ўйинчилар жалб этилди. Жумладан, "Пахтакор"дан Сайфиевдан ташқари Одил Ҳамробеков, ОКМКнинг эронлик ярим ҳимоячиси Сияваш Ҳақназарий, "Металлург" посбони Александр Лобанов ҳамда "Локомотив" ярим ҳимоячиси Нурмуҳаммад Тошпўлатов янги мавсумда "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилади.

Наманган жамоаси ўйинчилари ички чемпионатда қуйидаги рақамлар остида майдонга тушишади:

Ўткир Юсупов - 1, Александр Лобанов - 12, Озодбек Маърупов - 41, Алижон Алижонов – 5, Иброҳим Йўлдошев - 6, Азимжон Аҳмедов - 7, Сияваш Ҳақназари - 8, Одилбек Ҳамробеков - 9, Жамшид Искандеров - 10, Асадбек Собиржонов – 11, Филип Иванович – 13,  Жамшид Болтабоев - 14, Русланбек Жиянов - 17, Шерзодбек Абдулбориев – 19, Гиорги Никабадзе - 21, Тома Табатадзе - 22, Йован Жокич - 23, Достонбек Абдулҳаев - 24, Наврўзбек Иминжонов - 25, Озодбек Ўктамов - 27, Шодиёр Шодибоев-33, Фаррух Сайфиев - 34, Аброрбек Исмоилов – 77, Нурмуҳаммад Тошпўлатов – 88.

Бундан ташқари, "Навбаҳор" билан Туркиядаги йиғинда иштирок этган "Олимпик" футболчилари Алишер Одилов ҳамда Саидазамат Мирсаидов Париж Олимпиадаси саралаш босқичига тайёргарлик режаси доирасида клуб ихтиёрига қайтарилди.

Қолаверса, асосий таркибнинг муҳим фигураларидан ҳисобланган Жамшид Искандеров, Ўткир Юсупов ҳамда Йован Жокич билан шартнома узайтирилди.

Раҳбарият ва мураббийлар штабидаги ўзгаришлар

“Навбаҳор” мураббийлар штабида кичик ўзгариш содир бўлди. Жамоанинг ёрдамчи мураббийи Григорий Колосовский тарк этди. Шунингдек, йил бошида “Навбаҳор-U-21” жамоасига бунгача “Пахтакор” клуби ҳамда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида фаолият юритган Дмитрий Ан мураббий этиб тайинланди.

Қишки йиғиндаги натижалар

3 январь куни Тошкентда жамланган жамоа аъзолари 5 январь куни Анталияга йўл олди ва 6 февраль кунига қадар ўқув-машғулот йиғинларини ўтказди. Назорат учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди. 

"Оренбург" - "Навбаҳор" 2:2

Голлар: Капленко 90, Прохин 90+ — Йўлдошев 42’, Табатадзе 62’


"Навбаҳор" — "Мауэнсе" 2:0

Голлар: Сияваш Ҳақназари ва Русланбек Жиянов

ВИДЕО

"Кубань"  — "Навбаҳор"  1:0

"Гэлакси" - "Навбаҳор" 5:0

Голлар: Можела, Раквена, Мбатха, Видал, Нуркович (пенальтидан)

"Навбаҳор" — "Спартак" (Варна) 1:2

Гол: Азим Аҳмедов

"Навбаҳор" — "Қизилжар" 1:2

Гол: Азим Аҳмедов 

Осиё Чемпионлар лигаси

Қитъа турнирининг 1/8 финалида "Навбаҳор" Карим Бензема, Абдулрраззоқ Ҳамдаллаҳ, Нголо Канте, Фабиньо каби дунё юлдузларини таркибида мужассам этган Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" клубига муносиб қаршилик кўрсатди. Ўз майдонида 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган водий клуби сафарда сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол туфайли 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Янги мавсумда "Навбаҳор" халқаро мусобақаларда иштирок этмайди.

Қўшимча маълумот

"Навбаҳор" бир қатор етакчи ўйинчиларни таркибга қўшиб олганига қарамай, уларни ПФЛ рўйхатидан ўтказа олмаслиги мумкин эди. Гап шундаки, ўтган йилнинг декабрь ойида ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси "Навбаҳор", "Машъал", "Янгиер" футбол клубларига футболчи ва мураббийлар олдида юзага келган қарздорликни бартараф этиш бўйича муддат белгилаганди. Наманганликлар Хуршид Хўжаев ва Рустам Ашурматов олдидаги қарзларини тўлаган. Бироқ кейинроқ Остон Ўрунов ва “лочинлар”нинг ёрдамчи мураббийи Григорий Колосовский Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарздорлик бўйича мурожаат қилишган. Шунингдек, клубнинг футзал, аёллар, фарм жамоаси ҳамда ПФЛдан ҳам қарзи мавжудлиги аниқланди.

21 февраль куни эса ПФЛ "Навбаҳор" клубига истисно билан янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга рухсат берди.

Жамоа қайси бренд либосларидан фойдаланади?

Бир неча йил давомида “Адидас” брендини кийган “Навбаҳор” 2024 йилги мавсумда “7SABER” брендининг маҳсулотларидан фойдаланади. 

Суперлигадаги имкониятлар

"Навбаҳор" клубининг янги мавсумда камида кучликдан жой олиш имконияти юқори. Бунга бир нечта сабаблар мавжуд. Биринчидан, жамоа охирги икки йилда кучли учликдан ўрин олди. Иккинчидан, таркиб кучсизлангани йўқ. Аксинча, бир неча йиллик чемпионлик тажрибасига эга "Пахтакор" футболчилари жалб этилди. Бу эса чемпионлик учун кураш эҳтимолини оширади. Қолаверса, мураббий Самвел Бабаянда чемпионлик учун курашиш тажрибаси етарлича. 

Бошқа тарафдан, жамоа биринчи даврада бир қатор муаммоларга дуч келиши мумкин. Маълумки, Бабаян тажрибали ўйинчиларга кўпроқ таянади ва улардан ўйин давомида максимал фойдаланиб, захира кучларини кеч ташлайди, баъзида умуман фойдаланмайди. Бу эса захирадаги футболчилар (айниқса, ёшлар)нинг ўйин амалиётисиз қолиб кетиши, улардан фойдаланишга тўғри келиб қолганида, етарли эффектни ҳосил қила олмаслиги мумкин. 

Янги мавсум "Навбаҳор"нинг асосий таркиби тахминан шундай кўриниш олади: Ўткир Юсупов, Одил Ҳамробеков, Жамшид Искандеров, Руслан Жиянов, Филип Иванович,  Жамшид Болтабоев, Аброр Исмоилов, Йован Жокич, Фарруҳ Сайфиев, Асадбек Собиржонов, Тома Табатадзе.

Энди эса захира кучларини кўриб чиқамиз: Александр Лобанов, Азим Аҳмедов, Иброҳим Йўлдошев, Шодиёр Шодибоев, Гиорги Никабадзе, Достонбек Абдулҳаев, Алижон Алижонов, Нурмуҳаммад Тошпўлатов, Озодбек Ўктамов, Сияваш Ҳақназари, Шерзодбек Абдулбориев, Наврўзбек Иминжонов.

Булар орасидан Азим Аҳмедов, Иброҳим Йўлдошев, Гиорги Никабадзе ва Сияваш Ҳақназарига нисбатан кўпроқ имконият берилса керак. Қолганлар эса вазият қараб майдонга туширилиши мумкин. Яъни наманганликларнинг захирасини ҳам асосий таркиб сингари қудратга эга деб бўлмайди. Мабодо асосий таркиб ўйинчиларидан кимдир жароҳатга йўлиқса ёки дисквалификацияга учраса, бу натижаларга таъсирини ўтказиши мумкин. Айниқса, клубни кўпгина етакчи ҳимоячилар тарк этди ва улар ўрни етарлича тўлдирилмади. Захирадаги бошқа ўйинчиларга ҳам имконият тақдим этилмаса, бу жамоага кейинчалик панд бериши мумкин.

Жамоани чемпионатда қандай старт кутмоқда?

2024 йилги Суперлига "Навбаҳор" учун нисбатан енгилроқ старт олади. Наманганликлар чемпионатни 1 март куни ўз мухлислари қаршисида "Динамо"га қарши ўйин билан бошлайди. Самарқандликларнинг Про лигадан элитага йўл олганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, мезбонларнинг 3 очко қўлга киритиш имконияти юқорироқ. Қолаверса, жамоа 2-турни ҳам ўз майдонида, Олмалиқнинг ОКМК клубига қарши ўтказади. Шунингдек, "лочинлар" "Бунёдкор" ва "Сурхон"дан кейингина жиддий рақиб — "Насаф"га рўбарў келади.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар