Суперкубок олдидан. "Андижон", "Металлург", "Қизилқум" матбуот котиблари ва Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли қандай фикрда?

  • Mr.NoBoDy 29.05.2024 11:50
  • 81
  • 30

Бугун "Пахтакор" ва "Насаф" ўртасида Ўзбекистон Суперкубоги учун ўйин бўлиб ўтади.

Ушбу учрашувдан олдин Суперлига клубларида ишлаётган матбуот котибларининг фикрлари билан қизиқдик.

"Ўзбекистон Суперкубогига қизиқиш катта. ПФЛ ҳам бу ўйинни етарлича ва қизиқарли кўринишда анонс қилиб берди. Шунга яраша бу ўйин ҳақиқий футбол шоусига айланишини истардим.

Лекин унутмаслик лозимки, соврин эгаси фақат ушбу биргина учрашувда аниқланадиган баҳсда жамоалар барибир биринчи ўринга эҳтиёткор футболни қўядилар. Бу эса аввало жамоалар учун ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаш устивор вазифага айланади. Лекин ким биринчи гол урса, ўйин “очилиб” кетади, деб ўйлайман. “Пахтакор”ни ҳам, “Насаф”ни ҳам ҳамма билади. Таркиб ва ўйин сифати бўйича Рўзиқул Бердиев жамоаси устунроқ.

Лекин бу билан “Пахтакор”нинг кучига шубҳа қилиш яхши эмас. Назаримда, асосий вақтда ҳаммаси ҳал бўлади. Шу билан бирга мураббийларнинг қандай тактика қўллашлари ҳам натижага бевосита таъсир кўрсатади. Фикримча, ким ғалаба қозонса ҳам 2:1 натижаси қайд этилса керак", - деди "Андижон" матбуот котиби Шуҳратбек Жўраев.




"Кубок учрашувлари натижасини башорат қилиш қийин. Боиси битта ўйиндан иборат учрашув тақдирини арзимаган хато ҳал этади. Шу боис бугун мен ҳар иккала жамоадан эҳтиёткорона ўйин кутаяпман.

Жамоаларнинг потенциал имкониятидан келиб чиқсак, бироз устунлик “Насаф” томонида. Жамоа ўзаги йиллар давомида шаклланган. “Пахтакор”да эса бу мавсум таркиб борасида муамолар юзага қалқиб чиқди.

Қолаверса, бугунги учрашувда жамоалардаги йўқотишлар ўйин сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Тахминим, “Насаф” кичик ҳисобда ғалаба қозонади", - деди "Металлург" матбуот котиби Комилжон Жумаев.




"Суперкубок! Номнинг ўзиёқ футболчи ва мухлислар учун кўп нарсани беради. Тўғри, айримлар битта ўйиндан иборат турнир ва жамоаларга (халқаро майдон учун) ҳеч нарса бермайди, деган гап сўзларни таъкидлашсада, футбол оммаси бу учрашувга қизиқиш билан қарашиям айни ҳақиқат, десак янглишмаган бўламиз.

Учрашувда шубҳасиз, “Насаф”га мухлислик қиламан. Тахминимча, “Насаф” ғолиб чиқса керак, баҳсни пенальтилар сериясигача ўйинни обориб бўлсада... Лекин “Пахтакор” бу ҳар қандай ҳолатда “Пахтакор”. Улар “Насаф” билан қандай ўйнаш кераклигини ҳаммадан яхшироқ билишади. Суперлига-2024 дастлабки турларида ҳам кучсизланган “Пахтакор” таркиб жиҳатдан ҳаммадан кучли эканлиги айтилаётган “Насаф” билан қандай ўйнаганлигини кўрдик. Қолаверса, ҳамкасбимиз Нарзулла Сайдуллаев таъкидлаганидек, бу соврин ушбу икки жамоа мавсум якунида 2024 йил учун қўлга киритадиган биринчи ва охирги трофей ҳам бўлиши мумкин. Шу ва бошқа сабабларга кўра ҳам бугунги матчнинг аҳамияти жуда юқори. Насиб этса, ўйинни стадиондан кузатамиз ва жанговар футбол спектаклига гувоҳ бўламиз", - деди "Қизилқум" матбуот котиби Азиз Нурий.





"Суперкубок - номланиши жарангдор холос. Катта масъулият юкламайдиган ўйин. Агар мукофот жамғармаси ёки бошқа имтиёзи бўлганида эди, мотивация ўзгача кутиларди. Шунинг учун жамоалар майдонда жиддий босимсиз ҳаракатланишлари табиий.

Бу барча мамлакат Суперкубок ўйинларида шундай. Тахминга келсак, голларга бой дуранг бўлишини кутяпмиз. Пенальтилар сериясида эса омад кимга кулиб боқишини айтиш қийин. Қўполликларсиз, аммо шиддатли футбол кечса керак", - деди мустақил журналист Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли.

Ўхшаш янгиликлар