Эҳсони Паншанбе "Истиқлол"га ўтадими? Бекободдаги ўйин нима учун ёпиқ ўтди? Виталий Левченко билан интервью

  • Mr.NoBoDy22.07.2021 11:17
  • 168
  • 30

Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоаси кеча Тошкентда "Сўғдиёна"га қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди.

Қизиқарли кечган учрашувда жиззахликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бундан аввал Бекободда "Металлург" меҳмони бўлган душанбеликлар кичик 1:0 натижасида ғалабани ўзиники қилган эди. Биз ушбу учрашувлар ва бўлажак ўйинларга тайёргарлик хусусида "Истиқлол" бош мураббийи Виталий Левченкога бир нечта саволлар билан юзландик.

- Виталий Григорьевич дастлаб тайёргарлик жараёни ва ўтказилган учрашувлар ҳақида фикрларингизни билдириб ўтсангиз...
- Чемпионат баҳслари якунлангач йигитларга бир неча кун дам олиш имконини бердик. 17 июль санасидан эътиборан йиғинга киришдик. 18 июль куни Бекободда "Металлург"га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Ўйлайманки, бу баҳс биз учун фойдали бўлди. Икки кунлик машғулотлардан сўнг мана кеча "Сўғдиёна" билан ўйнадик. Тошкентда битта "Локомотив"га қарши учрашувимиз қолди. Мазкур баҳсдан сўнг футболчиларга дам берамиз ва ички чемпионат, кубок мусобақасига ҳозирлик кўрамиз. Бу бизга ОЧЛга тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Ҳозир биз натижага кўп ҳам эътибор бераётганимиз йўқ. Муҳими футболчиларнинг босимга қай даражада дош бера олиши. Таркибимизда янги футболчилар бор. Ўртоқлик учрашувлари орқали уларнинг ҳаракатларини кўриб, таҳлил қилиб боряпмиз.

- Бекободда "Металлург" билан ўйин ёпиқ тарзда ўтди. Бу сизнинг хоҳишингиз билан бўлдими?
- Юқорида айтганимдек жамоамизда бир нечта янги футболчилар кўрикдан ўтаётганди. Уларни эртароқ эълон қилмасликни лозим топгандик. Ортиқча ажиотаж бўлмаслигини истадик.



- Эшитишимизга қараганда "Истиқлол" "Навбаҳор" футболчиси Эҳсони Паншанбега қизиқаётган экан...
- Эҳсонини "Навбаҳор" билан шартномаси бор. Агар клуби билан буни ҳал қилса, ушбу футболчини "Истиқлол"да кўришдан фақат хурсанд бўламиз.

- Узоқ йўл босиб келингани учунми ёки бошқа сабабми, футболчиларнинг жисмоний ҳолати паст экандек кўринди...
- Футболчилар кўп юклама олишгани, тетик эмаслиги майдонда кўринди. Бундай ўйинлар бизга керак. Рақибларимиз яхши савиядаги жамоалар ҳисобланади. Мана шундай ўйинлар кучсиз томонларимизни, ишлашимиз керак бўлган жиҳатларни кўрсатиб беради.

- Биламизки, "Истиқлол" ҳимоявий тактик футбол кўрсатади. Шундай бўлсада, олдинги чизиқда жамоавий ўйинни яхшилаш кераклиги кўринмоқда. Футболчилар ҳужумда кўп тўп йўқотишмоқда...
- Сиз тўғри пайқабсиз. Футболчилар вазиятларда қарор чиқаришга қийналишди. Иккинчи бўлимда темпни оширишга ҳаракат қилдик. Бироқ иккита тезкор қарши ҳужумдан гол ўтказиб юбордик. Қўлни туширмаймиз ва ишлашда давом этамиз.

- Интервьюларингизда ўзбекистонлик футболчиларни яхши билишингиз ҳақида айтган эдингиз. "Истиқлол" сафида ўзбекистонлик ижрочиларни кўрамизми?
- Айрим футболчилар Тожикистон чемпионатига ўтишни истамайди. Яна бошқалари билан молиявий томондан келишиш қийин. Мазкур жараённи ўйлаб кўриб таҳлил қиламиз.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар