Бахтсиз юлдузлар ёхуд жамоасини ўзгартира олмай қолганлар кимлар?

  • Mr.NoBoDy 20.10.2021 21:23
  • 528
  • 30

Ёзда янги жамоага трансфери амалга ошмаганидан ёки уларга шу мавсумда ўйин вақти берилмагани учун, қисқа қилиб айтганда, ўз жамоаларидан норози бўлган бир неча юлдузлар бу мавсумда етарлича топилади. Бу юлдузлар келаси йили ва ҳатто, шу қишдаёқ янги жамоага интилишлари табиий.

Улардан баъзилари омадини бошқа жойда синаб кўриш нияти борлиги ҳақида очиқчасига гапиришди. Бошқалари эса мавсумнинг биринчи босқичида ўз клублари ўйини пайтида ўзларини безовта ҳис қилишларини намойиш этишди.

Биз ҳозирда айни дамдаги жамоаси таркибида бахтсиз бўлган бешта юлдуз ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.


Ҳарри Кейн 

“Тоттенхэм“дан ёзда уни қўйиб юборишларини сўраганига қарамай, клуб Ҳарри учун “Манчестер Сити“ ва “Манчестер Юнайтед“ каби яхши таклиф юборган жамоалар билан музокаралар олиб боришни истамади. Шу тариқа, Кейн севимли жамоаси учун яна бир мавсум давомида ўз орзуларига қарши чиқади. Сабаби “шпорлар“нинг ва АПЛнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, “Тоттенхэм“нинг чемпион бўлиши анча мушкул эканини айта оламиз. Аммо Еврокубокларда, хусусан, Конференциялар Лигасида Ҳарри жамоаси билан биргаликда ғолибликка асосий даъвогар дея қаралмоқда.

2020-йилги Европа чемпионатида қатнашганидан сўнг, машғулотларга қайтган Кейн 2021/22 йилги мавсумни муваффақиятсиз бошлади. Чунки у Премьер Лиганинг 7та ўйинида атиги 1та гол урди. Бу биз билган Кейнга хос натижалар эмас. Кўриниб турибдики, футболчининг атрофида рўй бераётган трансфер машмашалари унга салбий таъсир қилмоқда. Биз эса бу статистикаларни вақтинчалик ҳолат дея ҳисоблаб турамиз.


Раҳим Стерлинг

Ёзда Жек Грилиш "Манчестер Сити"га келганидан сўнг, бош мураббий Пеп Гвардиола Стерлингнинг асосий таркибдан кўра кўпроқ захирадан тушишини фойдалироқ деб ҳисобламоқда. Инглиз футболчиси ҳам яқинда жамоани тарк этиб, омадини чет элда синаб кўришга тайёрлигини таъкидлади.
“Агар бошқа жамоага (кўпроқ ўйин амалиёти учун) ўтиш имконияти бўлса, мен бундай таклифни ўйлаб кўрган бўлардим“, – деди Стерлинг АҚШнинг FТ Business of Sport саммитида.

“Айтганимдек, футбол – мен учун энг муҳими. Мен ёшлигимдан бери чет элда ўйнашни орзу қиламан. Инглиз ўйинчиси сифатида футболда мен биладиган ягона нарса – Премьер Лига эди. Аммо бир кун ўз юртимдан ташқарида ҳам ўйнашим мумкинлигини ва бу қийинчиликка қандай бардош бера олишимни синаб кўришим кераклигини ҳам билардим“.

Стерлингнинг бу гапларидан кейин, кўпчилик журналистлар унинг “Барселона“га ўтиши ҳақида хабарлар бера бошлашди. “Кўк-анорранглилар“ ҳозирда молиявий томондан ҳам қийин аҳволда. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, Раҳим Каталония суперклубида фақат ижара асосида тўп суриши мумкин.

Килиан Мбаппе

“ПСЖ“ юлдузи яқинда жамоасидан “Реал“га ўтишига рухсат беришини сўраганини тан олди. Бу орқали Килиан парижликларга трансфери орқали молиявий ёрдам бермоқчи эканини таъкидлади. Акс ҳолда, у ёзда эркин агент сифатида “қироллик клуби“га кўчиб ўтишига тўғри келади.

Мбаппенинг “ПСЖ“ билан шартномаси 2022 йилгача тузилган ва франциялик футболчи уч ойдан кам вақт ичида, яъни 1 январга қадар клубидагилар билан ўз келажаги ҳақида музокара ўтказиши мумкин.‌‌

Ҳозирча шайхлар Мбаппедан воз кечиш ниятида эмас ва уни олиб қолиш учун ҳар қандай иш қилишга тайёр. Бироқ “айёр“ Флорентино Перес ҳам “оғзидаги оши“ни осонликча олдириб қўймайди.
Хуллас, ушбу сериал ҳали узоқ давом этадиганга ўхшамоқда.


Донни ван де Бек

Жорий мавсумда учта мусобақада атиги 141 дақиқа ўйнаган Донни Ван де Бекга ўтган ёзда “қизил иблислар“ сафига қўшилганидан буён Оле-Гуннар Сульшер томонидан кўп имконият берилмаяпти. Ваҳоланки, Доннига “Барселона“, “Интер“ ва бошқа бир қатор кучли клублардан таклифлар келиб тушмоқда. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, биз Ван де Бекни бошқа жамоада кўришимиз деярли аниқ.

Қўшимчасига шуни айтиш мумкинки, нидерландиялик футболчи Чемпионлар Лигаси доирасида “Вильярреал“га қарши ўйинда майдонга тушмаганди. Ўша баҳсда камера орқали у сақичини майдон томонга отиб юборгани кўриниб қолди. Бу ҳаракати билан у Сульшердан норозилигини билдирган.


Жоржиньо Вейналдум

Нидерландиялик яна бир ярим ҳимоячи Вейналдум “Энфилд“даги мухлислар учун ҳурматга лойиқ футболчи эди ва “Ливерпуль“даги кучли рақобатда йўқолиб қолмаганди. У майдонда Клопп учун муҳим фигура эди. Аммо шунга қарамай, нидерланд ўтган йили ёзда “Пари Сен-Жермен“ сафига қўшилишга қарор қилди.
Бироқ, ҳамма нарса у хоҳлагандек бўлмади. Чунки “ПСЖ“ шу пайтгача ўтказилган чемпионатнинг 10 ўйинида Вейналдум атиги 2та тўлиқ ўйин ўтказди.
“Мен тўлиқ бахтлиман деб айта олмайман, чунки вазият мен хоҳлагандек эмас, лекин бу футбол“, - деди Жоржиньо NOS нашрига.

“Мен жангчиман, мен ўз даражамни ушлаб туришим ва яхшилашим учун кўп ҳаракат қилишим керак, мен бу орқали курашишни ўрганишим керак. Сўнгги йилларда мен жуда кўп ўйинлар ўтказдим, мен ҳар доим бунга тайёр бўлганман. Аммо Парижда вазият нимагадир бошқача“.


Кўриб турганингиздек, бу юлдузлар жамоаси учун ҳар қандай фойдали иш қилишга тайёр. Футболчилар ўзлари хоҳлаган жойда тўп суриши керак. Уларга имкон берилиши керак. Улар бунга ҳар томонлама муносиб. Шу каби бахтсиз машҳурлар футболда қидирилса жуда кўп. Аммо муҳими, улар мана шундай оғир пайтларда ўзлари учун тўғри хулоса чиқармоғи даркор. Ана шунда, улар юксалишда давом этишлари мумкин.

 

Ўхшаш янгиликлар