ads


"8+3". Катанец — хато танлов (18-сон)

  • Mr.NoBoDy 08.12.2021 12:17
  • 165
  • 30

Championat.asia'да "8+3" рукни давом этади.

Бу гал Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот котиби, журналист Омонжон Тўхтамирзаев билан суҳбатлашдик. У кишига футболга оид 8, футболдан ташқари 3та савол билан мурожаат қилдик.  

- Сиз ўйинларини бевосита кузатган энг кучли футболчи ким?

- Мен кузатган футболчилар орасида энг кучлиси - Роналдиньо.

- Сиз кўрган энг чиройли гол қайси?

- ЕЧЛ 1/8 финалида (2004 йил адашмасам) Роналдиньо "Челси" (Чех) дарвозасига урган голи.


- Футбол оламида бошқалардан мутлақ ажралиб турадиган шахс ким? 

- Криштиану Роналду (меҳнаткашлиги эвазига шу даражага чиққан деб ҳисоблайман). 

- Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган энг кучли мураббий ким?

- Халқаро миқёсда ўлчасак, чинакамига кучли мураббий бўлмаган. Назаримда, Катанец ҳам хато танлов. 

- Ўзбек футболидаги энг омадсиз шахс ким?

- Ҳар сафар ЖЧга чиқамиз деб кутадиган мухлислар. Бевосита футболчиларга келсак - Одил Аҳмедов. Менимча, умумий фаолияти инобатга олинса, у кўпроғига лойиқ эди. 

- Сизнингча, бугун ўзбек футболининг қайси жиҳатлари танқидга лойиқ?

- Ташкилий масалаларга ҳозиргидан чуқурроқ қараш зарур. Деярли ҳаммамиз осонгина футболчиларни айбдорга чиқаришга ўрганиб қолгандекмиз. Лекин майдон ташқарисидаги ишлар ҳам анча муҳим. 

- Сиз бевосита стадиондан кузатган энг охирги ўйин?

- Вазият тақозоси туфайли охирги марта стадиондан ўйинни кузатганимга ярим йилдан кўпроқ бўлибди.

- Ўзингиз ўйинларини кузатган футболчилар орасидан рамзий жамоа тузиб беринг.

Икер Касильяс, Филипп Лам, Карлес Пуйоль, Серхио Рамос, Гари Невилл, Зинедин Зидан, Каземиро, Тони Кроос, Роналдиньо, Криштиану Роналду, Фернандо Торрес.

- Ҳаётдаги кумирингиз ким?

- Кимнидир тўғридан-тўғри кўчириш керак эмас, имкон қадар яхши ҳислатларни кўпайтириш керак. 

- Ўзингизга ёқмаган тарафингиз қайсилар? Камчиликларингиз...

- Ёқмаган тарафим - вақтимдан максимал равишда унумли фойдаланмаяпман, менимча. Камчиликларим борасида яқинларим, атрофимлагилардан сўраш тўғрироқ бўлса керак.

- Ҳаётингизнинг бурилиш нуқтаси сифатида қайси воқеани эслайсиз?

- Умид қиламанки, чинакамига бурилиш нуқтаси дейишга арзийдиган вазият, воқеа энди (келажакда) амалга ошади. 

"8+3". Ўзбекистон МТЖни бошқарган энг кучли мураббий — Боб Хоугтон (17-сон)

Ўхшаш янгиликлар