Артур Юнусов: "Нефтчи"да терма жамоада ўйнаб кетиши мумкин бўлган ўйинчилар бор"

  • Mr.NoBoDy 15.01.2022 13:51
  • 483
  • 30

Айни пайтда футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 5-тур беллашувлари бўлиб ўтмоқда.

Кеча турнинг марказий учрашувида АГМК ҳамда "Локомотив" жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди. Жуда ҳам қизиқарли кечган ўйин футзалда жуда кам кузатиладиган 0:0 ҳисоби билан якунланди.

Футзал. АГМК - "Локомотив". Марказий баҳсдан ФОТОГАЛЕРЕЯ

Учрашув якунлангач, олмалиқликларнинг тажрибали ўйинчиси Артур Юнусовнинг фикрлари билан қизиқдик.

"Қарама-қаршиликларга бой ўйин бўлди. АГМКга ҳам, "Локомотив"га ҳам очко зарур эди. "Локо" ўтган гал бизга ютқазганди, шу боис бугун ютиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Жароҳатдагилар ва сафда бўлмаганларнинг ўрни билинди.

Таркибимизда асосий тўртлик шаклланмай қолди. Музаффар Аҳаджонов ва Аваз Абдувалиев касал бўлиб қолишганди. Аксига олиб, 1-бўлимда асосий ўйинчимиз Даврон Валижонов ҳам жароҳатланди.

Янги йилдан кейин жамоамиз аъзолари ҳали тикланиб улгуришмагани сезилмоқда. Тайёргарликка ҳам қисқа вақт бўлди, узоқ ҳордиқ чиқардик. Бугун жисмонан қийинчиликка учрадик.


Биринчи таймда рақиб устунлик қилди. Иккинчи бўлимда эса улар чарчаб қолишди ва биз босим қилдик.

Умуман олганда, дўстлик ғалаба қозонди. Қайсидир маънода бундан "Ҳуахин-Жиззах" ютган бўлиши мумкин. 

Ҳечқиси йўқ, ҳали ҳаммаси олдинда. Бизни "Ҳуахин-Жиззах" ва бошқа рақибларга қарши ўйинлар кутиб турибди. Ўйлашимча, "Динамо" ва "Нефтчи" жамоалари ҳам чакки эмас. "Нефтчи" таркибида терма жамоада ўйнаб кета олиши мумкин бўлган футзалчилар бор. Фақат уларга тўғри йўлни кўрсатиш керак. Ўйлайманки, уларга имконият берилса, ўйинлари ўз-ўзидан очилиб кетган бўларди.

Бу йилги чемпионат қизғин давом этмоқда. Олдинги йилларда совринли ўринларни банд этадиган жамоалар олдиндан маълум бўлиб улгурарди.

Кузатилаётган йўқотишлар бизга қимматга тушяпти деб ўйлайман. Кейинги турларда ҳам жисмоний тарафлама қийналсак керак. Шахсан ўзимни 60% га тайёр ҳис қиляпман, холос. Чемпионат олдидан бироз бетоб бўлиб қолганим ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти", - деди Юнусов.


Эслатиб ўтамиз, айни пайтда "Локомотив" 13 ўйиндан кейин 34 очко билан пешқадамлик қилмоқда. АГМКда 31 ва "Ҳуахин-Жиззах"да 30 очко мавжуд. Лекин, улар пешқадамдан битта кам ўйин ўтказишган.

Ўхшаш янгиликлар