Трансферлар ойнаси очилди: Супер трансферларни кўрамизми?

  • Mr.NoBoDy 06.07.2022 21:51
  • 189
  • 30

Шундай қилиб 4 июлдан Ўзбекистон футболида трансферлар ойнаси очилди.

30 июль, шанба кунигача очиқ бўладиган "ойна"дан бир нечта футболчининг "кириши" кутилмоқда. Маълум бўлишича, 4-30 июль оралиғидаги трансфер ойнаси фақат Суперлига клублари учун эмас, балки Пролига ва Биринчи лига, шунингдек футзал ва аёллар жамоалари учун ҳам амалда бўлади. Бу жуда яхши ва тўғри ўйланган қадам. Ҳаммага бир хил имконият бериляпти. 

Яна бир яхши томони - клублар ёзги трансфер пайтида 5 нафардан ортиқ бўлмаган футболчини ўз сафларига қўшиб олишлари мумкин. Бу ҳам оқилона юриш. Чунки клубларни етти ўлчаб бир кесишга ундайди. Эшитишимча, бир жамоа биринчи даврада ўйнаган 7-8 нафар футболчисидан воз кечмоқчи экан. Чунки мураббий уларнинг ўйинидан қониқмапти. Лекин қараса, нечта футболчини кетказсаям 5 нафардан ортиқ ўйинчи олмаскан. Мураббийнинг Регламентнинг бу бандидан хабари йўқ экан. Шу боис ҳозир нима қилишни билмай ўйланиб юрганмиш. Ана шунақа. (У ўйлаганки, ўнта футболчини кетказиб, ўрнига ўнта оламан).

Мухлислар хоҳ қишда, хоҳ ёзда бўлсин, трансфер ойнаси очилишини интиқлик билан кутади. Чунки бу ҳам футболнинг бир қисми. Ким келди, ким кетди ҳар доим қизиқ бўлган. Масалан, ўзим ҳам трансфер ойнасидаги ўтишларни кузатиб бораман, фақат эътиборни кўпроқ ўзимизнинг маҳаллий ўйинчиларга қаратаман. Легионерлар билан ишим йўқ. Чунки охирги 2-3 йилда ҳеч бир легионер ўз ўйини билан ҳайрон қолдиргани йўқ. Балки Сизни ҳамдир. 

Легионерларнинг қандай келиб қолиши, уларни ким таклиф этиши ва қайси кўрсаткичлари эвазига Суперлига клубларидан қўним топиши алоҳида масала. Келяпти, ўйнаяпти, кетяпти. Бизга кўпроқ ўзимизникиларнинг тақдири қизиқ.

Қанийди бизда ҳам клублар Европадаги каби фаол бўлиб, бир-биридан ўйинчи сотиб олса. Икки томонлама ўзаро келишувга асосан футболчи жамоаси билан хайрлашди ва бошқа жамоага ўтди деган хабар эмас, балки фалончи клуб пистончи жамоадан фалон футболчини фалон пулга харид қилди каби янгиликлар бўлармикан деб интиқлик билан кутаман.

Эркин агент бўлиб ўтиш бошқа, пулга харид қилиш бошқа. Зеро клублар хусусий бўлишининг бирламчи йўли бу - трансфер ойнасида фаол бўлиш, пул сарфлаш ва пул ишлаш. Ахир 2030 йилгача ҳамма клубларни хусусий қиламиз деб ваъда бериб қўйганмиз.

Ўтган йил "Тезкор студия"га чиққанимда ҳам шу мавзуни кўтаргандим. Ўшанда чемпионликка талашадиган клублар "Насаф"дан олсин Ҳусайн Норчаевни 10 миллиардга дегандим. Чунки трансфер ойнаси очилганидан кейин шов-шувли воқеа бўлиши керак-да. Тўғри, Норчаев "Насаф"нинг ўзига керак, лекин бу бир мисол тариқасида айтилган гап эди. Яъни, айтмоқчи бўлганим: клубларнинг ўзаро олди-берди қилишини кузатиш эди.

Йўқ, биз яхшиси футболчининг шартномаси тугаб эркин агент бўлишини кутамиз. Чунки битта футболчи учун сарфланадиган пул фойда бермай қолиши мумкин. Бу борада жуда эҳтиёткормиз, таваккал қилмаймиз, пулни авайлаймиз, трансферга қўл урмаймиз, агар ўша футболчи ўзига сарфланган пулни оқламаса-чи деган ҳадик бўлади. 

Бу томонлама клубларни айблаш фикридан йироқмиз. Негаки смета тасдиқланган, сметада эҳтимолий трансферлар кўзда тутилмаган бўлиши мумкин. Ҳозир билиб-билмай пул ишлатиб қўйсак, чемпионатнинг иккинчи ярмини қандай ўтказамиз?

Футболда етти ўлчаб бир кесган яхши, лекин токи ҳақиқий бозор ишга тушмас экан, клубларимиз ривожланади деб ўйламайман. Ҳар қайси мамлакатда футбол ривожланиши учун бозор ҳам зўр бўлиши керак. Клубларда пул бўлиши керак. Клублар қўрқмай харажат қиладиган даражага чиқсагина, биз ана ундан кейин ОЧЛни, керак бўлса Жаҳон чемпионатини орзу қилсак бўлади. Унгача эса футболчиларнинг эркин агентга айланишини кутиб ўтиришдан ўзга чорамиз йўқ. 

Х.Холиқов. 

P.S. Буларнинг ҳаммаси муаллиф фикри. Муаллиф фикри таҳририят, клублар ёки мухлислар фикрига мос тушмаслиги мумкин.

Ўхшаш янгиликлар