Отабек Шукуров қандай клубга ўтди? Қанча маош олади?

  • Mr.NoBoDy 28.07.2022 01:17
  • 2613
  • 30

Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси фаолиятини Туркияда давом эттиради.

Бунга қадар Жасурбек Жалолиддинов, Жалолиддин Машарипов ва Элдор Шомуродовнинг номи турк клублари билан боғланган, лекин трансфер амалга ошмаганди. Ниҳоят, "Фатиҳ Карагюмрук" Отабек Шукуров билан шартнома имзоланганини маълум қилди. Қуйида шу ҳақда.

"Фотиҳнинг авлодлари"

1926 йилда ташкил топган Истанбул клуби номини Фатиҳ туманидаги Карагюмрук маҳалласидан олган. Узоқ муддат давомида қуйи дивизионларда юрган жамоанинг Суперлигага қайтганига кўп бўлмади (3 йил). 

Клубнинг элитага мос стадиони йўқлиги туфайли 2020 йилда Отатурк номидаги олимпия ўйингоҳини ижарага олди. "Карагюмрук" бюджет ва таркиб жиҳатидан турк Суперлигасининг энг камтарин жамоаларидан бўлса ҳам, ўтган мавсумда 8 ўринни эгаллади.

Жамоани яқиндагина афсонавий Андреа Пирло қабул қилиб олган эди. Унинг қўл остида терма жамоадаги собиқ шериклари Эмилиано Вивиано ҳамда Фабио Борини, тажрибали Жанер Эркин ва нигериялик Аҳмад Муса бор.  Энди уларнинг қаторига Отабек Шукуров ҳам қўшилди.

Биринчи ўзбек

Бунга қадар Туркиянинг қуйи дивизионларида Дилшод Раҳматуллаев, Валижон Раҳимов сингари ҳамюртларимиз тўп тепган бўлса ҳам, Суперлигага йўлни айнан Шукуров "кашф қилди". У мазкур чемпионатдаги дастлабки ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади.

2018 йилда Тошкентдан Шаржага кўчган Отабекнинг навбатдаги манзили Истанбул бўлади.

Энг қиммат

Ҳамюртимиз айни пайтда Андреа Пирло жамоасидаги энг қимматбаҳо футболчи бўлиб турибди. Трансфермаркт портали уни 4 млн еврога баҳолаган. "Гладиаторимиз" буни майдонда ҳам исботлаб, тез орада "Карагюмрук" юлдузига айланишига ишонамиз. Чунки...

Маош

Чунки Отабекнинг ўзи ҳам кучлироқ лигаларда ўйнашни жуда истаяпти. У Туркияга ўтиш учун маошининг сал кам 3 марта қисқаришига рози бўлди. Аниқроқ айтсак, амирликларда йилига 1 млн 800 минг доллар маош олган қашқадарёлик ярим ҳимоячи янги жамоасида 700-750 минг атрофида ишлаб топади. 

Рақамлар орасидаги тафовут кичкина эмас. Отабек Шукуров кучлироқ лигада ўйнаш учун 1 млн доллардан воз кечяпти. Унга чин кўнгилдан омад тилаб қоламиз. Умид қиламизки, "гладиатор"нинг кейинги манзили Англия ёки Германия ареналари бўлади...

Oбуна бўлинг → ФА| футбол АНАЛИЗИ

Ўхшаш янгиликлар