Тарих такрорланди. "Пахтакор"дан антирекорд

  • Mr.NoBoDy 07.08.2022 04:17
  • 2721
  • 30

Амалдаги чемпион 11-турнинг қолдирилган учрашувида очко йўқотди.

Жиззахдаги учрашув тўғрисида сиз эътибордан қочирган баъзи маълумотларни қуйида келтирамиз.

Ғалабасиз серия

Охирги пайтларда "Пахтакор" "Сўғдиёна"га қарши ўйинларда анча қийналяпти. Айниқса, Жиззахда. Аниқроқроғи, "шерлар" сафарда Улуғбек Бақоев шогирдларини қаторасига 3-бор енга олишмади (улардан 2таси мағлубият қайд этилган). Ўзаро учрашувларга назар солсак, бу "Пахтакор" тарихидаги энг ёмон натижа экани маълум бўлди.

Яна Агишев...

"Пахтакор" ўтган йилнинг 24 октябрь куни ҳам Жиззахда 3 очко йўқотган эди. Ёдингизда бўлса, ўша баҳсни ҳам Вадим Агишев бошқарган ва телевидениеда трансляция қилинмаган ўйинда "Сўғдиёна" ғалаба қозонганди.

Бу жамоаларнинг навбатдаги тўқнашувини ҳам Агишев бошқарди ва пойтахтлик ишқибозларнинг кескин норозилигига учради. Мухлисларнинг аксари Ҳамробековнинг четлатилиши билан Суюнов дарвозаси томон пенальти белгиланишини адолатсизлик, деб ҳисобламоқда.

Бироқ тарафсиз мутахассислар 43 ёшли рефери ҳар 2 эпизодда тўғри қарор чиқарганини тасдиқлади.

Эски муаммо...

Жиззахдаги стадионнинг ҳолати кўпчиликка манзур келмайди. "Сўғдиёна" билан ўйиндан кейин Максим Шацких бунга алоҳида тўхталди. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда Питер Хюистра рақибнинг майдони борасида фикр билдирар экан, қуюшқондан чиқиб кетганди.


Энг қизиғи нима, биласизми? Бу мавзуни "шерлар"нинг янаям эскироқ мураббийи — Шота Арвеладзе биринчи марта 2018 йилда кўтарган эди. Орадан 4 йил ўтди. Бу орада Жиззах клуби чемпионат аутсайдеридан ОФК кубоги ғолиблиги учун асосий даъвогарга айланди. Лекин эски муаммо ҳалиям ечимини топганича йўқ. Демак, ростан ҳам "бўрилар"нинг ўзига футбол ўйнаш учун қулай майдон керак эмас. Акс ҳолда...

Черан чўққида!

"Пахтакор" етакчиси Милан Митрович дарвозасига йўл топди. Бу сербиялик футболчи учун Суперлигадаги 105-гол ҳисобланади. Драган шу тариқа Ўзбекистон чемпионатлари тарихида энг кўп гол урган легионер — туркманистонлик Артур Геворкянга етиб олди. Навбатдаги гол Черанни мутлақ рекордчига айлантиради.

Қизиғи, "шерлар"нинг кейинги рақиби "Нефтчи". Нима деб ўйлайсиз, Черан рекорд голини "Пахтакор"нинг азалий рақиби дарвозасига ура оладими?


Ўхшаш янгиликлар