Артур (Дота 2 ўйинидаги ники "Arteezy") Бабаев узоқ вақт дунёнинг энг яхши ўйинчиси деб ҳисобланган ва ҳозиргача фаолияти давомида деярли 2 млн. доллар ишлаб топган (бу кўрсаткич бўйича киберспорт тарихидаги 26 ўринда), аммо ҳеч қачон The International (норасмий жаҳон чемпионати)да ғолиб бўлмаган. У шартнома имзолаган жамоа Evil Genesius икки йилдирки йирик турнирларда ғалаба қозонмаяпти, бироқ 5 марта 3-ўринни эгаллашди. Бабаев Дота 2 мухлисларининг севимли киберспортчиси ҳисобланади.
Артур Бабаев 1996 йил 1 июль куни Тошкентда дунёга келган, аммо 2 йил ўтиб Бабаевлар оиласи Канадага кўчиб кетади. Arteezy Ўзбекистонда ўтказган вақтини эслай олмайди, бироқ отаси оиладагилар бахтли бўлиши учун кўп меҳнат қилганини яхши билади.
(Суратда ўнгдан биринчи)
Игорь амаки (отаси) Артурни шахмат ўйнашга ўргатди, аммо бўлажак киберспортчи қоидаларга риоя қилишдан чарчаб, ўз қоидаларини ўйлаб топарди. Оилада у билан рус тилида гаплашишган, Артур эса инглизчада жавоб берарди ва натижада у рус тилини эсидан чиқарди, аммо ҳамма нарсани тушунади.
(Игорь ва Елена Бабаевалар, 2016 йил)
Йигитча кунига 10 соатлаб компютер қаршисида ўтирарди, бироқ унинг ота-онаси Артурни бу учун қаттиқ койишмаган, чунки у мактабда жуда яхши ўқирди. Игорь ва Елена Бабаевалар ўғлини доктор қилишмоқчи эди. Arteezy 15 ёшида бор эътиборини Дота ўйинига қаратди, бу ўйиннинг форумларида вақт ўтказди ва энг кучлиларни курашга чорлади. Кейин ўйинларни кўриб, уларни таҳлил қилди. Мактабдаги охирги йилларида ўйинга кўпроқ вақт ажратиш учун Артур хатто севган қизи билан гаплашмай қўйди.
"Тонгги соат бешда туриб, машғулот ўтказишимга тўғри келарди. Отам эрта туриб, ишга кетарди ва доимо нега вақтли уйғонганим ҳамда нима билан шуғулланаётганимни сўрарди".
У 17 ёшда ҳозирги кунда грандлардан бири бўлган Evil Genesius билан шартнома имзолайди. 2014 йилда у дунёнинг энг яхши ўйинчисини бирга-бир жангда мағлуб этади ва жамоаси билан The International турнирида 3-ўринни эгаллайди. Уни ўзбек Дота усталари ва ҳаваскорлари жуда яхши танишади.
"Ота-онам The International мусобақасига келишганида, улар ҳайратдан ёқа ушлашган. Улар минглаб мухлислар ўтирган аренанини кўришди. Онамга мусобақа ўтадиган саҳнани кўрсатишга қарор қилдим, эшик олдида эса одамлар олдимга келиб, суратга тушишди. Ўша пайтда ота-онам ўйин мени бахтли қилганини тушунишган деб ўйлайман. Барча оталар ва оналар фарзандининг бахтини исташади".
"Ҳозир отам ҳам Дота 2 мухлисига айланган. У бўш вақтида кўп ўйинларни томоша қилади. Эрталаб олтида туриб, ошхонага қаҳва тайёрлагани чиқсам, отам МДҲ жамоаларининг ўйинини кўраётган бўлади. У мендан бирор жамоа нега бу ишни қилганини сўрайди. Баъзида хатоларимни айтиб ҳазиллашади, баъзида эса нега бу стратегияни танлаганимиз ҳақида қизиқади".
Arteezy ўсмирлигидаёқ ота-онаси учун уй олиб берган. 22 ёшли йигит айни дамда хитойлик қиз билан учрашади. У ҳам Дота 2га алоқадор (турнирларда бошловчи ва шарҳловчилик қилади).
Исми: Артур Бабаев
Ник: Arteezy
Жамоаси: Evil Geniuses
Фаолияти давомида ишлаб топган даромади: $1,928,613
Ҳа, айтганча, айни дамда у жамоаси билан Москвада ўтаётган Epicenter номли йирик турнирда иштирок этмоқда. Август ойида эса у Хитойда бўладиган норасмий жаҳон чемпионатида зафар қучишга уриниб кўради.