ads


Моуринью учун сўнгги имконият. Португалиялик "уриб туширилган учувчи" эмаслигини исботлай оладими?

  • Mr.NoBoDy 29.06.2019 14:42
  • 590
  • 30

Унда вариантлар кўп эмас.

Айни дамда Европа футболи таътилда ва бу трансферлар ҳамда мураббийлар тайинлануви учун қулай вақт ҳисобланади. Клубда турли масштабдаги ўзгаришлар рўй беради ва буни кузатиш жуда қизиқ. Футболчи, мураббий ёки жамоанинг номи қанча машҳур бўлса, унга бўлга эътибор шунчалик катта бўлади. Шу сабабли замонамизнинг энг кўп соврин ютган мутахассисларидан бири Жозе Моуринью атрофида ажиотаж юзага келган.

Португалиялик мураббий 2018 йил декабрда "Манчестер Юнайтед"ни тарк этганидан сўнг, ижодий танаффусда бўлиб турибди. Ярим йил ўтди ва энди ишга қайтиш мумкин. Бу клуб ёки терма жамоа бўладими, ҳозирча номаълум. Аммо бир нарса аниқ: Моуринью қаерга йўл олмасин, у топ мураббийлигини исботлаши керак.


Моуринью ўз жамоаларини "куйдиради"

Ҳақиқий мухлислар узоқ вақт клуб билан бўлади, мураббийлар эса келади ва кетади. Ғалабалар улар учун катта аҳамиятга эга. Бироқ мураббий кетганида жамоа қандай ҳолатда қолиши ҳам жуда муҳим. Янги мураббийга кучли, рақобатбардош жамоа ёки ички можаролар бошланган бир гуруҳ футболчилар қолган бўлиши мумкин.

Шу сабабли 2015 йилда (Моуринью иккинчи марта "Челси"ни тарк этганида) Фабио Капелло қуйидаги гапларни айтган эди: "Моуринью - буюк мураббий, бироқ бир ярим йил ичида у футболчиларни "куйдирди". Улар рухан чарчаган, талаб қилинаётган ишларни бажара олишмаяпти. Футболчилар 1,5 йил, максимум 2 йил бор кучи билан ўйнайди. У "Реал"да ишлаганида шундай бўлган, энди Лондонда. Балки у йигитлардан кўп нарса талаб қилар". Италиялик мутахассис гапларида жон бор. Моуринью ишлаган жамоаларга эътибор қаратадиган бўлсак, Капелло тўғри гапирган.

Мураббийнинг фаолиятини "олдин" ва "кейин"га ажратадиган бурилиш нуқтаси бўлганми? Қандай қилиб португалиялик ўз номини чўққига чиқиб, кейин чуқурга қулаган брендга айлантирди?


Моуринью медиа одамига айланди

Португалиялик мураббийлик фаолияти давомида ҳайратланарли натижаларга эришди. У юлдузсиз "Порту" билан Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди, "Челси" билан Англия чемпионига айланди (50 йилда биринчи марта), кейин эса "Интер"га ўтиб, нераззуриларга совринлар ютиб берди.

Олтин требл. Бунинг ҳаммасини томирида қон оқадиган тирик инсон бажарди. Аммо айнан ўшанда ўзини ҳаммадан устун кўра бошлади. Жуда кўп соврин ютган кучли мутахассис ва ўзини юлдуз ҳисоблайдиган медиа одами "Реал"га ўтди. Битта нарсани ёдда тутиш керак: Ҳар қандай мувафафақиятга эришмагин, аммо ҳар қандай ғалаба ортида фақат бир киши турмайди. Моуринью медиа қора туйнукка айланди, барча фото ва видеокамералар фақат унга қаратилган эди. Унинг интервьюлари провокациялар билан тўлди, феъли эса оғирлашиб борди. Моуринью мураббийдан кўра кўпроқ можароли хонандага айланди.

Тўғри, Жозе "Реал" билан кўп нарсага эришди: Испания чемпионати ва Кубогида зафар қучди, бир мавсумда рекорд ўрнатиб, 100 очко тўплади, Чемпионлар лигаси ярим финалигача етиб борди ва ҳаммага "Барселона"ни қандай мағлуб этиш мумкинлигини кўрсатди. Фактлар фактлигича қолади. Бироқ бошқа томондан Капеллонинг сўзларини тасдиқланди: Моуринью "қаймоқранглилар"даги бор сувни сиқиб чиқарди, учинчи мавсумда эса ички можаролар бошланди, чемпионатни 15 очко фарқ билан иккинчи ўринда якунлашди. Шу билан Жозенинг "Қироллик клуби"даги ҳикояси якунига етди.


Пасайиш

Кейин у "Челси"га қайтиб, эски таниши Рафаэль Бенитеснинг ўрнини эгаллади. Жозе яна муҳаббат ва меҳрни ҳис қила бошлади. Биринчи мавсум тайёргарлик вазифасини бажарди, иккинчисида эса Англия чемпионати ва Лига Кубогида зафар қучилди. Учинчиси муваффақиятсиз бўлди. "Аристократлар" 16та баҳсда 9 марта мағлуб бўлишди ва 2015 йилнинг декабрида Моуринью истеъфога чиқарилди. Истеъфодан олдин у ҳамма билан жанжаллашди, ҳакамлар, клуб ходимларини танқид қилди. Жамоа эса очиқчасига ёмон кўринди.

Унинг кейинги клубида ҳам анъана давом этди. Моуринью "Манчестер Юнайтед"даги лик мавсумида Лига Кубоги ва Европа лигаси ғолибига айланди, бироқ АПЛда олтинчи ўрин эгалланди. Иккинчи мавсум олдингисидан ёмонроқ якунланди. "Манкунианлар" совринсиз қолишди. Ўша мавсум "Сити"га тенг келадигани топилмади. Моуриньюнинг ҳимоявий услуби фойда бермай қўйди. "Юнайтед" ўртамиёна жамоалардек кўрина бошлади, бу пайтда эса Жозе айбдорларни излай бошлади. 2018 йилнинг 18 декабрида у ишсиз қолди.


Моуринью учун вариантлар

Айни дамда хорижий ОАВ Жозе Моуриньюнинг навбатдаги иш жойини муҳокама қилишмоқда. У дам олиб, кучини тиклади ва янги чорловларга тайёр бўлиши керак. Рафаэль Бенитес "Ньюкасл"да қолмаслиги маълум бўлганидан сўнг, матбуотда бу жамоани Моуринью бошқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо у ушбу маълумотни рад этди.

"Мен ғалаба учун ишламоқчиман. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Агар зафар қучмасам, бу мен, футболчилар, клуб ва бутун тизим учун муаммога айланади. Шу сабабли менга ғалаба учун ўйнаш керак бўлган лойиҳа керак. Агар кимдир менга 10 йиллик битим таклиф қилиб, 7-8 ўринларни эгаллаш вазифасини қўйса, бу мен учун эмас. Табиатим бошқача. Мақсадим ғалаба учун кураш.

Португалиялик мутахассис топ клубдан таклиф олмаса, терма жамоани қабул қилиши мумкин. Унга ким таклиф юборишидан қатъий назар, бу Жозега ўзининг топ мураббийлигини исботлаш учун сўнгги имконият бўлади. Акс холда у ўртамиёна мутахассислар қаторига кириб қолади.

Ўхшаш янгиликлар