Июнь ойининг энг қиммат 10та трансфери

  • Mr.NoBoDy 05.07.2019 12:42
  • 1355
  • 30

Футбол оламининг трансфер бозорида юртимиз кўчалариданда қайноқ об-ҳаво ҳукмронлик қилмоқда.

Ёзнинг эндигина бир ойи ортда қолди, аммо клублар трансфер бозорида жуда фаол иштирок этишмоқда. Ҳозир ҳамма ҳаракатда. Кимдирлар жамоасини кучайтириш мақсадида у ёки бу футболчини сотиб олиш ниятида бўлса, бошқалар етакчисини қимматроққа пуллаш пайида. Биз эътиборингизга июнь ойида амалга оширилган энг қиммат трансферлар Топ-10лигини тақдим этамиз.

10. Костас Манолас
"Рома"дан "Наполи"га - 36 млн евро

28-ёшли грециялик футболчи "Рома"да ажойиб олти мавсумни ўтказди. Маноласнинг агенти... Ҳа, унинг ҳам агенти Мино Райола. Футболчига бўлган қизиқишни яхши биларди ва Костас учун (албатта ўзини ҳам хафа қилдирмай), энг яхши вариантни топиб берди. Футболчига қизиққанлар орасида Мадриднинг "Атлетико"си ҳам бор эди ва бир қарашда айнан ўша ерда Манолас учун ажойиб муҳит кафолатлангандек эди. Лекин якунда футболчи А Серия клубида қолишга қарор қилди ва Карло Анчелотти қўл остидаги "Наполи" сафига бориб қўшилди. Манолас фаолиятининг энг ёрқин даврини бошдан ўтказмоқда ва бугунги нарх-навони инобатга олсак, топ-ҳимоячи учун 36 млн евро унчалик катта сумма эмас. 

Кулибали – Манолас – Максимович учлигидан ўтишнинг ўзи бўлмаса керак. Ким билади дейсиз, балки бундай ҳимоя билан Анчелотти Скудеттога эга чиқар... Неаполликлар энди бошқа чизиқларни ҳам етарлича кучайтириб олсалар кифоя.

9. Рауль Хименес
"Бенфика"дан "Вулверхэмптон"га - 38 млн евро

Ўтган ёз "бўрилар" 28 ёшли мексикаликни ижарага олишган эди. АПЛда форварднинг ўйини чинакамига очилди ва ном чиқара бошлади. Мавсум давомида Рауль 13та гол урди ва 7та голли узатма етказиб берди. Айнан Хименес жамоа ўйинининг муҳим деталларидан бирига айлана олди ва натижада "Вулверхэмптон" сенсацион тарзда 7-ўринни эгаллаб, Европа Лигаси учун йўлланмани қўлга киритди.

Раҳбарият бундай футболчини қўйиб юбора олмасди. Мексикаликнинг трансфери учун "бўрилар" клуб тарихидаги рекорд сумма — 38 млн евродан воз кечишларига тўғри келди. 

8. Родриго Гоэс
"Сантос"дан "Реал"га - 45 млн евро

Бу трансфер ўтган йили амалга оширилганди. Лекин 18 ёшли футболчи эндигина "Мадрид"га келиб қўшилди. "Сантос" тарбияланувчиси учун "қаймоқранглилар" ақлбовар қилмас сумма — 45 млн евро тўлаб беришди. Бу ёш футболчилар бўйича Жанубий Американинг энг қиммат трансфери бўлиб тарихга кирди. Бошқа томондан келажак учун жуда яхши сармоя ва у ўзини яқин вақтлар ичидаёқ оқлаши мумкин. Бразилиялик чиндан улкан иқтидор соҳиби ва тўғри йўлга солинса, дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлишига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда ҳозиргача дунёнинг турли ОАВлари Родригони турли хил рамзий терма жамоалар ва сайёрамизнинг энг иқтидорли ёш футболчилари қаторига қўшишмоқда.

Родриго 18 ёшда бўлишига қарамай, "Сантос" сафида 80 та ўйин ўтказишга улгурди (уларнинг 41 таси – Бразилия А Сериясида) ва 17 та гол уришга муваффақ бўлди. Унинг техникаси кишини ўзига мафтун қилади, яхши тезликка эга ва ҳар икки оёғида бирдек кучли зарба бера олади, жуда Пирлочалик бўлмасада, майдонни яхши кўради. Асосан чап қанотда ҳаракат қилсада, ҳам ўнг қанотда, ҳам марказда бирдек фойдали тўп тепа олади. 

7. Ферлан Менди
"Лион"дан "Реал" - 48 млн евро

Марселонинг "Реал"даги ҳаёти энди аввалгидек бўлмайди. "Қироллик клуби" унинг позициясига 24-ёшли Франция термаси вакилини сотиб олишди. Мадрид клуби чап қанот ҳимоясидаги рақобат чинакамига "қироллик клуби"га ҳос бўлади ва энди ҳеч ким Марселога асосий таркибдан жой кафолатлай олмайди. Марсело ва Зинедин Зидан муносабатлари яхши эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Лопетеги, Солари даврида таркибдаги жойини Регулионга бой бераётган Марсело франциялик қайтгач, яна енгилроқ нафас ола бошлаганди. аммо айнан Зидан туфайли Менди "Реал"га кўчиб ўтди. Футболчини "Барселона" ҳам ўз таркибида кўриш ниятида эди. Франция термаси ва умуман футбол дунёси тарихий вакилларидан бири билан бирга ишлаш имконияти туфайли Менди пойтахт жамоасини таналади.

Футболчининг тақдири, оғир ҳаёти ҳақида аввалроқ мақола чоп этгандик. Икки йил олдин Менди Лига 2 вакили "Гавр" шарафини ҳимоя қилаётган эди. Бугун эса у Франция термаси аъзоси ва дунёнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири. 

6. Эдер Милитао
"Порту"дан "Реал"га - 50 млн евро

Агар Менди асосий таркиб учун Марсело билан рақобатлашса, қарама-қарши қанотда Карвахаль бошқа бир янги футболчи билан рақобатда ғолиб бўлиши талаб қилинади. Мадридликлар "Порту"дан 21-ёшли Эдера Милитаони сотиб олишди. Бразилиялик ҳам қанотда, ҳам марказда ҳаракат қила олади. Бу Зидан қайтганидан сўнг илк трансфер бўлганди. Бу трансферда ҳам "қаймоқранглилар" "майдалашиб" ўтиришмади ва каттагина суммадан воз кечишди. Айниқса, Милитао Европада бор йўғи бир мавсум ўтказгани, ҳамда "Порту" бир йил аввал уни "Сантос"дан бор йўғи 8 млн еврога харид қилганини инобатга олсак.

Копа Америкага футболчи захира футболчиси сифатида кетган бўлсада, чиндан фойдали ўйинчи. Ҳужумларга қўшилишда фаол, кўплаб голли узатмалар етказиб беради ва ўзи ҳам гол уришни канда қилмайди. 

5. Аарон Уан-Биссака
"Кристал Пэлас"дан "Манчестер Юнайтед"га - 55 млн евро

21-ёшдаги Конго Демократик Республикаси вакили учун тўланган сумма исталган мухлисни карахт қилиб қўйиши аниқ. Айниқса, ўтган мавсум "Кристал Пэлас" ўйинларини кузатмаган бўлсангиз. Футболчини "Бавария" ҳам ўз таркибида кўрмоқчи эди, лекин Аарон "Манчестер Юнайтед"ни танлади ва "қизил иблислар" "Пэлас"га 55 млн евро тўлаб беришди.

Кўпчилик Уан-Биссака бунча пулга арзимаслигини таъкидламоқда. Ҳа у эндигина 21 ёшда, АПЛда бор йўғи икки мавсум ҳаракат қилди ва "Манчестер Юнайтед" даражасида тўп тепмади. Аарон ҳужумга мунтазам қўшилсада, статистик кўрсаткичлар у бу борада унчалик ҳам фойдали эмаслигини кўрсатмоқда (клуб таркибида 46 ўйин – битта ҳам гол урмаган, бор йўғи 4 та голли узатма берган). Ҳаттоки ёшлар терма жамоасида ўтган Евро-2019 да асосий таркиб учун курашда "Шальке" вакили Жонджой Кеннига ютқазди. 

4. Лука Йович
"Айнтрахт"дан "Реал"га - 60 млн евро

"Айнтрахт" тарихидаги энг яхши трансфер юришларидан бири ва "Бенфика" тарихидаги энг омадсиз келишув. Икки йил олдин ёзда лиссабонликлар Лука Йовични немис клубига ижарага, аммо 7 млн евро эвазига сотиб олиш ҳуқуқи билан бериб юборганди. Сербиялик футболчи икки мавсум юқори даражада ҳаракат қилди ва "Айнтрахт" Германия Кубогида зафар қучишига ва Европа Лигаси ярим финалига етиб боришига катта ҳисса қўшди. Натижада май ойида "Айнтрахт" Йовични ўша келишилган 7 миллионга сотиб олди ва шу заҳотиёқ, "Реал"га 60 млн еврога сотиб юборди. Шу ўринда таъкидлаш лозим, кейинги трансфердан 30% "Бенфика"га насиб қилди.

Каттагина пулга сотиб олинганига қарамай, ҳеч ким Йовичга "Реал"да шоҳона ҳаёт ваъда қилмайди. Таркибга кириш, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун курашиш лозим, ахир бу "Реал". Лука эндигина 21 ёшда. Буёғига ҳам стабил ўйин намойиш қила оладими ёки бир-икки мавсум ўйинчисимиди, яқин вақтлар ичиқда бунга жавоб оламиз.

3. Френки де Йонг
"Аякс"дан "Барселона"га - 75 млн евро

Эрик тен Хаг қўл остида "Аякс" – ўтган мавсум кашфиётларидан бўлди ва миллионлаб мухлисларни чиройли ўйини билан хушнуд этди десак муболаға бўлмайди. Френки де Йонг ушбу спектаклнинг асосий фигураларидан бири бўлди. Одатга кўра, "Аякс" иқтидорли ёшларни тарбиялаб, футболчилар гуруҳи билан омадли мавсум ўтказди ва топ-клублар жамоа етакчиларини териб кетишди. Энг "ширин жойи" "Барселона"га тегди. Каталонияликлар трансфер борасида баҳордаёқ келишиб қўйишганди. 

"Аякс" Де Йонгни "Виллем II"дан 2015 йил ёзида 10 млн еврога харид қилганди. Уч йил ўтиб, амстердамликлар уни 7.5 баробар қимматроққа сотиб юборишди. Шу ўтган давр мобайнида тен Хаг "Аякс" ўйинини Де Йонг атрофида қурди. Энди Френки "Барселона"га фойда келтиришни бошлайди, қизиқ томони каталонияликлар ва амстердамликлар ўйин услуби жуда ўхшаш ва ёш йигитча катта муаммоларга дуч келмаса керак. 

2. Лукас Эрнандес
"Атлетико"дан "Бавария"га - 80 млн евро

Ҳисоб-китобда жуда қаттиқ "Бавария" бундай нархда футболчи харид қилишига ўрганмаганмиз албатта. Лекин гап Жаҳон Чемпиони, Мадриднинг "Атлетико"си етакчиларидан бири ва дунёнинг энг кучли чап қанот ҳимоячилари сирасига кирувчи Эрнандес ҳақида кетмоқда. Устига-устак футболчи эндигина 23 ёшда. Энди мюхенликлар ҳимояси қанотларида жаҳон чемпионлари Эрнандес ва Павар тўп тепади. "Бавария" тарихида рекорд трансфер, дунё бўйича эса фақатгина бир бор ҳимоячи учун бундан кўп тўлашган – "Ливерпуль" Вирджил ван Дейк учу "Саутгемптон"га 85 млн евро ўтказиб берган.

1. Эден Азар
"Челси"дан "Реал"га - 100 млн евро

Албатта, кутилганидек, биринчи ойнинг энг қиммат трансфери ҳам "Реал"га тегишли. Флорентино Перес қайта қуриш ишларини бошлаб юборди ва 300 млн евро сарфлашга улгурди. Сумманинг учдан бир қисми "Челси"га Эден Азар учун кетди. Айнан у жамоанинг янги етакчиси бўлиши ва Криштиану Роналдуни унутишга ёрдам бериши зарур. Белгиялик футболчи "қироллик клуби" тарихига ўз исмини ёздириб қўйиш учун барча имкониятларга эга. 

Таъкидлаш лозим, ушбу 100 миллион евро яна 30 млн еврога ўсиши мумкин. Бу нарса Азарнинг ва "Реал"нинг янги мавсумдаги иштирокига боғлиқ. "Лилль" клуби тарбияланувчиси фаолияти давомида Франция ва Англия чемпиони бўлган, энди шу ишни Примерада такрорламоқчи ва албатта Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритмоқчи.

***

Кўриб турганингиздек трансфер бозорида энг фаоллардан бири Мадриднинг "Реал" жамоаси бўлиб турибди. Июнь ойи якунига етиб, ушбу мақола ёзилган сўнг, Матео Ковачич (Челси, 35 млн евро) ва Тангуи Ндомбеле (Тоттенхэм, 60 млн евро) трансферлари ҳам амалга ошди. Олдинда Неймар ва Погба трансферлари амалга ошиши мумкин. Агар бу амалга ошса, айнан улар Азарни ёзнинг энг қиммат трансферлари қаторида силжитиши мумкин.


Нозима Зарипова таржимаси

Ўхшаш янгиликлар