RIP: Эмилиано Сала сўнгги манзилга кузатилди (фото+видео)

  • Mr.NoBoDy 19.02.2019 17:50
  • 2109
  • 30

Аргентинанинг Прогресо шаҳрида “Кардифф” ва “Нант” клубларининг собиқ ҳужумчиси Эмилиано Саланинг сўнгги манзилга кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Хайрлашув маросими Сала футболчилик фаолиятини бошлган “Сан-Мартин де Прогресо” клубининг биносида ўтказилди.

Маросимга кўплаб маҳаллий аҳоли, футболчининг яқинлари, ота-онаси сингли ва дўстлари тўпланишди.

Одамлар дафн маросимигача бўлган манзилда Саланинг тобутига яқин келиб хат, сурат ва гуллар қўйишди.

Маълумот ўрнида, 21 январь куни кечқурун Эмилиано Сала Франциянинг “Нант” клубидаги жамоадошлари билан хайрлашиб, “Кардифф Сити” билан шартнома имзолаш мақсадида, хусусий самолётда Уэльсга учиб кетади.

Бироқ, самолёт кўзланган манзилга етиб келишидан 1 соат олдин радарлардан йўқолиб қолди. Футболчи ҳалокатга учрашидан аввал WhatsApp’даги чатга “ҳозир самолёт парчаланиб кетса керак”, деган хабарни жўнатишга улгурган эди.

Самолёт қолдиқлари 3 февраль куни денгиз остидан топилди. Уни излаш ишларига хайрия асосида катта миқдорда маблағ тўпланди.

Эмилиано Рауль Сала Таффарель – 1990 йил 31 октябрь куни Аргентининг Лас-Колоньяс департаментида дунёга келган.

Ўхшаш янгиликлар