Хосе Венансио Лопес: "Ярим финалга чиқиш учун Вьетнамга қарши учрашувда назоратни қўлга олишимиз талаб этилади"

  • Mr.NoBoDy 23.04.2024 12:25
  • 72
  • 30

Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес Вьетнамга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

— Осиё Кубоги энг қизғин паллага кириб бормоқда. Ҳозирда Осиё жамоалари жуда кучайган ва тенг даражада деб ўйлайман. Гуруҳдаги барча учрашувларда ғалаба қозонганимизга қарамасдан, қийин ўйинлар ўтказдик, бироқ вазиятлардан чиқиб кета олдик. Вьетнамнинг чорак финалга йўл олганиёқ уларнинг яхши жамоа эканини кўрсатади. Ғалаба қозонишимизга ишончим комил, лекин бу босқичда оддий ўйинлар бўлмайди.



Вьетнамнинг ўйин услуби ҳақида

— Рақибнинг ўйинларини таҳлил қилиб, шуни айтишим мумкинки, Вьетнам жуда тезкор, уларда рақобатбардош жамоа шаклланган. Чунки жамоа мураббийи Диего кучли мутахассис. У ўз маҳоратини ва нима истаётганини шогирдларига тез ва аниқ тарзда тушунтириб бера олади. Улар турли ҳолатларда қандай ўйнаш кераклигини билишади, шунингдек, вазиятга қараб тактикани ўзгартира олишади. Бунинг учун жамоа мураббийига раҳмат айтмоқчиман. Ярим финалга чиқишимиз учун учрашувни тўлиқ назорат қилишимиз талаб этилади.

Жароҳатлар ҳақида

— Баъзи футзалчиларимиз турнирдан аввал жароҳат олишди, бироқ бу баҳона бўла олмайди. Биз барча ўйинчиларимиз хизматидан фойдаланамиз. Энг муҳими, жароҳатлар ва ҳар қандай муаммоларга қарамасдан, ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқиш.

Жамоамга тўлиқ ишонаман. Биз учрашувга жуда яхши тайёргарлик кўрдик, ўйинга руҳан ва жисмонан тайёрмиз.



Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Вьетнам баҳси 24 апрель куни 19:00 да старт олади.

Ўхшаш янгиликлар