"Ал Ҳилол" ва Бразилия терма жамоалари футболчиси Неймар октябрь ойида узоқ муддатли оғир жароҳатидан тикланиб, майдонга қайтди. Неймар ОЧЛ Элит мусобақаси доирасида "Ал Айн"га қарши ўйинда майдонга тушди.
Globo нашри берган маълумотга кўра, Неймар Бразилия футбол конфедерациясидан уни 2024 йил охирига қадар йиғинларга жалб қилмасликни сўраган. Терма жамоадагилар Неймар "Ал Ҳилол"да кўпроқ ўйин амалиёти олиб, спорт формасини яхшилаб тиклаб олиши учун бунга рози бўлишган.
Шу тариқа, Неймар Бразилия термасининг ноябрь ойидаги йиғинларида қатнашмайди. Футболчи Венесуэла ва Уругвайга қарши ўтадиган ЖЧ-2026 саралаш ўйинларини ўтказиб юборади. Неймарнинг қайтиши учун идеал вақт 2025 йилнинг март ойи деб қаралмоқда. Март ойидаги йиғинларда Бразилия термаси Аргентина ва Колумбияга қарши кураш олиб боради.