Матбуот анжуманида "Пахтакор" раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев, "Пахтакор" клуби раиси ўринбосари Дилшод Каримов, "Пахтакор" клуби собиқ бош мураббийи Максим Шацких ва янги бош мураббий Педро Морейра иштирок этди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Барчани кириб келаётган Янги йил билан табриклаймиз. 2024 йил "Пахтакор" учун қийин йил бўлди, кутилган натижаларни қўлга киритмади, бунинг учун мухлислардан узр сўраймиз. Аслида йил бошида мақсадимиз чемпионлик эмас эди. Ёшларга имконият беришни мақсад қилгандик. Суперлигада 6-ўринни эгалладик, бу натижа қониқарсиз деб бўлмайди. Ўзи умуман Тошкент клублари бу йил ёмон иштирок этишди. "Локомотив" Про лигага тушиб кетди, "Бунёдкор" охирида Суперлигада қолишга эришди. 2024 йил учун футбол мухлисларига раҳмат айтаман, ЎФАга чиройли ўйинларни ташкил этиб берганларга, ҳакамларга ҳам раҳмат айтамиз, бироз қизишганда мухлисларимиз ҳақорат қилишади, улардан узр сўрайман.
- Сизни узоқни кўра оладиган инсон сифатида биламиз. "Пахтакор" клубини келажакда қандай кўрасиз?
- "Пахтакор" билан катта бўлдик, ёшлигимдан ҳар бир ўйинига борардик. Миржалол Қосимов ўзбек футболи афсонаси, Игорь Шквирин ўйинларини кўрганмиз. "Пахтакор" дунёда ўзига яраша обрўси бор клуб. Европага борганимизда кўплар "Пахтакор"ни билишларини айтишди. Келажак ҳақида сўрадингиз бир йиллик чемпионлик эмас ўзига яраша обрў эътибори бўлишини, Осиё майдонларида ҳар қандай клубга қарши тенгма тенг ўйнашни хоҳлардим. Бунинг учун барча ҳаракатларни амалга оширяпмиз. Масалан Марокаш терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштироки, Исландияни эсланг, Хорватияни ёриб чиққанини эсланг. "Шериф"ни олинг, "Шахтёр" Европада ўз номига эга бўлган.
- Йоахим Лев билан учрашдингиз. Бу учрашув ҳақида нима дейсиз? "Пахтакор" стадионининг тақдири қандай бўлади?
- Йоахим Лев билан тасодифий учрашув бўлди. Бир шаҳарда кўришиб қолдик ва бирга тушлик қилдик холос. Мураббийлик бўйича гаплашмадик. "Пахтакор" стадиони чимини ФИФА стандартларига мос тарзда янгилаймиз. Насиб қилса баҳордан ўз майдонимизда ўйнашни бошлаймиз.
- Кучли клуб ўз инфратузилмасини ҳам кучли қилиши керак. Бу борада қандай иш олиб борилади? "Аякс" даражасига чиқа оладими "Пахтакор"?
- Тўғри инфратузилма ҳам керак, аммо Бразилияни олинг, қишлоқлардан чиққан болалар Жаҳон чемпиони бўлишмоқда.
- Максим Шацких қандай асосга кўра истеъфога чиқарилмоқда? Янги бош мураббий билан неча йиллик шартнома тузилмоқда ва унинг олдига қандай вазифалар қўйилмоқда?
- Максим Шацкихга раҳмат айтаман. 3 йилдан буён бирга ишладик. Йил бошида айтганимдек чемпионлик вазифаси қўйилмаганди. Ёшларга имконият яратиб бердик, шу сабабли Шацких клубда қолади. У директорлар кенгашида қолади ва менинг маслаҳатчим бўлади. У янги мураббийга ҳам ёрдам беради. Морейра билан 1+1 кўринишида шартнома туздик. Унинг ўзи чемпионлик учун курашмоқчи.
- Нега "Пахтакор"га Элит ОЧЛдан олдин яхши кучли ҳужумчи олиб бермадингиз?
- Агар йил бошида чемпион бўлишни хоҳлаганимизда битта эмас 5 нафар ҳужумчи оберардим. Лекин биз бир йилда кўпик каби ишиб кейин йўқ бўлиб қолишни хоҳламадик. Ёшларга йўл бериб кўришни истадик. Ҳар йили Суперлига бор, ҳар йили Элит ОЧЛ бўлади. Лекин қаттадир ўзимизни кўрсатиш эмас ёшларга эътибор қилиш эди.
- Янги бош мураббийга саволим: Европадан Осиёга кўчиб ўтиш барибир таваккал ҳисобланади. "Пахтакор"ни танлашингизга айнан нима сабаб бўлди?
Педро Морейра: - Барчага хайрли кун. Ўзбекистонда эканимдан хурсандман. Максим Шацких 3 йил ичида 2 марта чемпион бўлди. Бу ажойиб натижа. Мен жамоа билан янгича услубда ўйнашни истайман. Бу ерда келишимдан олдин клубни ўрганиб чиқдим ва ўзимда ниманидир ўзгартиришни хоҳладим. Клубнинг ғояси ва режалари менга ёқди. 2024 йилда ёшларга эътибор қилингани келажакда албатта ўз мевасини беради. Клубни ўрганишни бошладим ва кечаги ўйинни ҳам томоша қилдим. Ўйин менга ёқди. Европанинг кўп клубларида ёрдамчи бўлиб ишладим, энди у тарих. Футбол мухлисларини чиройли ўйин орқали трибуналарга қайтаришга ҳаракат қиламиз.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Мен савол муаллифидан бироз хафа бўлдим. Бу ўзбек футболига паст назар билан қарашми? "Пахтакор" дунёда ўз ўрнига эга клуб ҳисобланади. Ўзбекистонлик футболчилар Францияда, Италияда ўйнашмоқда. ЦСКАни етакчисига айланмоқда бизнинг йигитлар.
- Нега айнан Педро Морейра танловида тўхталинди?
Дилшод Каримов: - Биз бу борада кўп ишладик. Турли тизимлар орқали мураббийларни текширдик. Унинг иш услуби бизга мос келгани учун Педро Морейрани танладик.
- 2024 йил ҳақида қандай фикрдасиз?
Максим Шацких: - Йил бошида олдимизга чемпионлик вазифаси қўйилмаган эди. Биринчи даврани пешқадамдан 4 очко ортда қолаётгандик. Иккинчи давра бошида нимадир содир бўлди ва якунда 6-ўринни эгалладик. Бу йилги ёшлар анча тажриба олишди. Агар Элит ОЧЛдаги ўйинлар сони янада кўпроқ бўлганида йигитларнинг тажрибаси янада ортарди.
- Нега кетма кет икки йил давомида "Пахтакор"да "саботаж" (финта) бўлмоқда?
- Кўп футболчиларимиз чемпионликдан тўйишган. Улар фақат кейинги йилга шартнома олишни хоҳлашади. Биз эса шартнома узайтишни истамадик, шу боис улар ўйинни ташлаб юборишади. Аҳамият бўлсангиз ўтган йил ёши катталарни стадионга ўтказиб қўйдим ва Диёр Холматовни сардор қилиб қўйдим. Бу йил ҳам Шацкихга бироз дам бердик ва ўзларига қўйиб бердик. Аммо улар ҳам эплай олишмди. "Пахтакор"да ўйнаш нафақат ойлик олиш, балки шараф ҳисобланади. Фақат молиявий томонларини ўйламаслик керак.
- Сиз тадбиркорсиз, нима деб ўйлайсиз "Пахтакор" неча йилда фойда келтиради?
- Дунёда менича 10-15та клуб фойда келтирса керак. "Пахтакор"га фойда келтириши учун эмас ёшликдан шу клубга мухлис бўлганимиз учун ёрдам беряпмиз. Кимдир қилиши керакку барибир. Ўзбекистонда футболдан даромад келишига мен ишонмайман.
- Шацких 2 ойлик таътилдан қайтганидан кейин Черан, Собирхўжаев ва Камолиддин Тожиев кўринмай қолишди.
- Улар ҳам 2 ойга таътилга чиқишди. Черан 38 ёшда, менимча у мураббийлик ўқиса яхши бўларди. У ўзбек футболига катта ҳисса қўшган фидоий инсон ҳисобланади. Аммо кейинги йил Черанни "Пахтакор"да кўрмаяпмиз. Черандан кучли мураббий чиқади. Хайрлашув учрашуви? Стадионда мухлисларни ўзи йўқку.
- Алижонов ва Ҳамдамов "Нефтчи"га ўтмоқда деган гаплар чиқди...
- Улар ҳали ҳеч қаерга кетишмади. Агар Алижонов ва Ҳамдамовни олиб қолсак Элит ОЧЛда чемпион бўламиз деб айта оладиган инсон бўлса уларни ҳар қандай ойликка бўлса ҳам олиб қоламиз.
- 2024 йил "Пахтакор"нинг сметаси қанча бўлди? 2025 йилда смета ошадими?
- Тахминан 100 миллиард сўмдан ошди. 2025 йилда смета ошади, чунки "Пахтакор" стадиони реконструкция ҳам бошланади тез орада.
- Нима деб ўйлайсиз Тошкентга 4 та клуб кўп эмасми?
- Менинг ҳам фикримча Тошкентга 4 та клуб кўп. Лекин бу борада мен ҳеч нима қила олмайман. Фикрингиз тўғри, лекин гапимни илтимос кесиб чиқариб юборманглар.
- "Пахтакор" стадиони реконструкция қилинади дедингиз аммо ёш футболчилар ўйнаётган Чилонзордаги майдон ҳолати жудаям қониқарсиз ҳолатда. У ерга қачон эътибор қаратасизлар?
- Албатта босқичма босқич академияга ҳам эътибор қаратамиз. Нафақат Чилонзор, балки Қибрайга ҳам қараймиз.
- 2021 йилда "Пахтакор" футболчиларининг маошларини эълон қилиб шаффофликни тарғиб қилгандингиз. Янги бош мураббийнинг маошини эълон қила оласизми?
- (кулиб) Янги бош мураббий шартномасига маошни эълон қилмаслик банди борда. Лекин буюрсин деймиз. Бизга яхши футбол намойиш этиб берса бўлгани қолгани иккинчи даражали.
- "Пахтакор" ҳақида қандай фикрдасиз?
Педро Морейра: - Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашмоқда. "Пахтакор"да академия яхши ишламоқда. Сўнгги мавсумда асосий таркибдаги ёшлар ўз тажрибасини оширишмоқда. Ўзим ёшлар жамоасида ишлаб кейин катталар жамоасига ўтганман. Бизда янгича қарашлар мавжуд. Ҳозирги ёшлар ҳам яхши, уларга янада кучайишлари учун ёрдам берамиз. "Пахтакор" турли тоифаларда чемпион бўлаверади. Бундан ташқари Шацкихдан ҳам ёрдам сўрайман, чунки у ҳар бир футболчининг имкониятини биламиз.
- Нега бизда сифатли майдонлар йўқ? Академия болалари ҳам ёмон майдонда ўйнаб катта бўлишмоқда.
- Жуда тўғри савол бўлди. Агар асфальт йўл қурмоқчи бўлсак фақат устини ўйлаймиз, тагига эътибор қилмаймиз. Майсага эътибор қилинса узоқ йил хизмат қилиб беради. Унга ўғит бериш керак. Пул сарфлагандан кейин албатта қараймиз. Туркиядан ходимларни чақирдик ва 5 йил давомида ўзингиз қараб берасиз деб шарт қўйдик.
- Сиз Пауло Фонсекага ёрдамчи бўлиб ишлагансиз, Шацких ҳам ёрдамчи бўлиб ишлаб кейин "Пахтакор"га келганди. Дастлабки икки йилда у чемпион бўлди. Ўз олдингизга қандай мақсад қўясиз?
Педро Морейра: - Тажрибамни ошириш учун кўп йиллар давомида ишлаб келганман. "Пахтакор" ғоялари билан менинг ғояларим мос келди. Биз ҳар ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳар бир ғалаба орқали совринларга яқинлашиб борамиз. "Пахтакор" халқаро майдонсиз қолиб кетиши клубга ярашмайди ва мақсадимиз тезроқ Элит ОЧЛга қайтиш бўлади.
- "Пахтакор" ўйин услубини янгилайсизми?
Педро Морейра: - Ҳар бир одамнинг ғояси турлича бўлади, ўйинчилар бизнинг асосий ёрдамчилар бўлади. Чунки мураббий айтади, футболчилар уни бажаради. Мендан олдинги мураббийлар штабига раҳмат айтаман.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: - Биз янги бош мураббийнинг ишига аралашмаймиз. Тактика ва таркибларга умуман аралашмаймиз. Буни ҳам ўзбеклаштириб бир ҳафтадан кейин чойхонадан чиқа олмайдиган бўлиб қолмасин тағин (кулади).
- Янги йилда "Пахтакор"да янги легионерлар бўладими?
Жаҳонгир Ортиқхўжаев - Павел Павлюченко, Кими Мерк ва Драган Черан билан хайрлашамиз. Ироқлик Башар Ресан билан келишувга эришдик. Бизда яна 5 та имконият бор. Мўлжаллаб қўйган футболчиларимиз бор. Бош мураббий билан маслаҳатлашган ҳолда албатта кучайтирамиз.
- Ўзбек футболида нималарга эътибор қилиш керак?
Максим Шацких: - Майдон сифатларини яхшилаш керак. Бундан ташқари футболчилар меҳнатсевар бўлиши керак. Ҳар куни чиқиб меҳнат қилиши керак. Майдонлар яхши бўлса мухлислар ҳам, футболчилар ҳам маза қилишади.
Педро Морейра: Биринчи навбатда Ўзбекистонга кўникишим керак. Мухлисларга ёрқин ва чиройли ўйин намойиш этиб беришимиз керак. Майдон масаласи ҳам муҳим фактор, шу боис ишлайдиган муҳит барчаси яхши бўлиши керак. "Пахтакор"нинг ўзида бирор бир нарсага ёрдам бериш имкони бўлса албатта хурсанд бўламан. Ўзбек мураббийларига ҳам ёрдам беришга тайёрман.
- Стадиондаги шароитларни яхшилаш борасида таклифларим бор эди: Киришда машина билан киришда муаммо бўлади, табло янгиланадими, стадиондаги диктор овози биз мухлисларга етиб келмайди...
- Саволингиз учун раҳмат. Ўринли савол. Сиз айтган нарсалар катта маблағ талаб қилмайди, насиб қилса албатта бу борада иш олиб борамиз. Аммо майдон трибунасини майдонга яқинроқ қилиш учун капитал ремонт керак бўлади.
Тадбир сўнггида Максим Шацких Педро Морейрага "Пахтакор" вимпелини топширди ва шу орқали янги бош мураббийга омад тилади.