"Ман Юнайтед"да Оуэндан кейин 7-рақамни олган футболчи ҳозир қаерда?

  • Mr.NoBoDy22.07.2021 03:34
  • 168
  • 30

2009 йил. Ёзги трансфер мавсуми МЮ учун муҳим аҳамият касб этганди.

Ўшанда клуб тарихидаги энг қимматбаҳо сотув амалга оширилди: Криштиану Роналду ⇒ "Реал Мадрид" (94 млн евро). Асосий шогирди жамоани тарк этган бўлса-да, САФ янги юлдузларни жалб қилишга шошилмади. Клуб трансфер ойнаси ёпилгунига қадар фақат 3 футболчи учун пул сарфлади: "Бордо"дан 20 ёшли Габриэл Обертан (4 млн евро), "Уиган"дан 25 ёшли Антонио Валенсия (18,8 млн евро) ва "Молде"дан 21 ёшли Маме Бирам Диуф (4,5 млн евро).

Бу учликдан фақат эквадорлик ўйинчининг Манчестердаги ишлари юришиб кетди. Клуб шарафини 10 йил давомида ҳимоя қилган Валенсияни ҳатто жамоа афсоналари қаторига қўшсак, муболаға бўлмаса керак. Зеро, у "қизил иблислар" либосида Неманья Видич (300) ва Криштиану Роналдудан (292) кўпроқ ўйин ўтказган (339).

7-рақамнинг МЮ тарихидаги ўрнини биласиз. Эътиборли жиҳати, мазкур рақамда тўп тепиш бахти Эрик Кантона, Дэвид Бекхэм, Криштиану Роналду ва Майкл Оуэндан кейин Антонио Валенсияга ҳам насиб қилди. У 2012-13 йилги мавсумни 7-рақамда ўтказган.

Шунингдек, эквадорлик универсал футболчи Майкл Каррик фаолиятини якунлаганидан кейин "Манчестер Юнайтед"нинг асосий сардори ва етакчисига айланди.

Валенсиянинг Манчестердаги миссияси 2019 йилда якунига етди. Шундан кейин бир муддат ватанида ўйнаган футболчи 2021 йилни Мексиканинг "Керетаро" жамоасида бошлади.

Бироқ, жорий йилнинг 12 май куни соғлиғидаги муаммолар туфайли ортиқ давом этолмаслигини эълон қилган Валенсия 36 ёшида катта футбол билан видолашди. Қуйида унинг МЮ сафида амалга оширган самарали ҳаракатларини томоша қилишингиз мумкин.


"Атлетико"дан "Барселона"га ўтган Арда Туран ҳозир қаерда?

Ўхшаш янгиликлар