Клублар ҳамда терма жамоалар иштирокидаги учрашувларни юқори даражада ташкил этишда комиссарларнинг ўрни ниҳоятда муҳим саналади.
Шу боисдан ФИФА ҳам, Осиё футбол конфедерацияси ҳам малакали учрашув комиссарларини тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб боришга ҳаракат қилади. Ортда қолган ҳафтада қитъа футбол конфедерацияси ФИФА билан ҳамкорликда комиссарлар учун семинар ташкил этди.
Дастлаб Малайзия пойтахти Куала Лумпурда ФИФА комиссарлари учун махсус семинар бўлиб ўтди. Унда ФИФА байроғи остида ўтказиладиган мусобақаларда ишлайдиган комиссарлар учун бу соҳадаги янгиликлар хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, терма жамоалар иштирокидаги ўйинлар ташкилотчилиги жараёнида эътибор қаратиладиган жиҳатлар батафсил муҳокама этилди. Мазкур семинарда ўзбекистонлик мутахассислар – Санжар Ризаев ва Олим Арифов иштирок этишди.