Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорликда маҳаллалараро “Чарм тўп” турнирини бу йил юқори савияда ўтказишга катта эътибор қаратмоқда.
Айни пайтда жойларда мазкур мусобақанинг туман ва шаҳар босқич ўйинлари ўтказилмоқда. Республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар жамоалари “Чарм тўп” мусобақасининг вилоят босқичи йўлланмаси учун баҳс олиб боришмоқда. Ўйинлар анча қизиқарли ва шиддатли руҳда ўтаётганини қайд этиш жоиз.
Туман ва шаҳар босқичлари ўз ниҳоясига етгач, вилоят миқиёсида энг кучлилар сараланади. Сўнгра ҳал қилувчи Республика босқичи эса 22-27 август кунлари Тошкентда ташкил этилади. Финал ўйини пойтахтимизнинг асосий стадионларидан бирида, катта гала концерт ва сайл билан бирга бўлиб ўтади. Гарчи “Чарм тўп” иштирокчилари ҳаваскорлар бўлсада, улар профессионал даражадаги катта бир турнирга эга бўлишмоқда.