Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси 6-13 сентябрь кунлари қўшни Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳрида ўтказиладиган “Умид кубоги-2019” халқаро мусобақасида иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур мусобақа олдидан футболчи қизларимиз Тошкентда ўқув-машғулот йиғини олиб боришади. Пойтахтимиздаги йиғин 27 август – 5 сентябрь оралиғида ташкил этилади. Бундан ташқари ушбу йиғин доирасида 2 та ўртоқлик ўйини ҳам ўтказилади. Терма жамоамизга Ҳиндистон аёллар миллий терма жамоаси рақиблик қилади. Дастлабки учрашув 29 август куни бўлиб ўтади. Иккинчи ўйин эса 2 сентябрь куни ўтказилади.