Хабарингиз бор, ноябрь ойида ўтказилган U-19 Осиё Чемпионати-2020 саралаш баҳслари доирасидаги Саудия Арабистони – Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашув ОФКнинг Тартиб-интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, қитъа футбол конфедерацияси ЎФАга шикоят мактуби йўллаб, учрашув давомида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийлари ўзини нопрофессионал тарзда тутганликлари ва бўлажак мусобақа учрашувларидан дисквалификация қилиниши мумкинлигини маълум этганди.
Ушбу нохуш ҳолат видеотафсилотлари ЎФАга келиб тушгач Ижроқўм Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев раҳбарлигидаги мураббийлар штабини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича қарор чиқарган эди.
Эндиликда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига мураббийлик соҳасида ўз маҳоратини ошириб келаётган яқин ўтмишнинг етук футболчиларидан бири – Темур Кападзе устозлик қилади. Темур Кападзе Ўзбекистон U-19 терма жамоасини келаси йилнинг 14–31 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати финал босқичига тайёрлайди.