Биласиз, жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонда белгиланган қатор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида футболни ривожлантириш бўйича амалий ишларни бошлаб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
Шу мақсадда Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислар гуруҳи ҳудудларда болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган футбол тўгараклари ишини яхшилашга қаратилган футбол фестиваллари ташкил этишмоқда.
Шундай футбол фестивали бугун Тошкент шаҳрида ҳам ўтказилди. Дастлаб ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги мутахассислар Олмазор туманидаги 24- ҳамда 243-мактабларга ташриф буюришди ва ўқувчилар билан учрашув ўтказишди. Учрашувда футбол мутахассислари билан биргаликда таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ҳам иштирок этди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашув давомида ўқувчилар билан футбол, “миллионлар ўйини” сир-асрорлари хусусида суҳбат қурилди. Ёш ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлишди.
Сўнгра Шайхонтоҳур туманидаги 41-мактабда футбол фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда пойтахтимизнинг 20 та мактаби ўқувчилари иштирок этишди ва уларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан футбол тўплари ва спорт жиҳозлари тақдим этилди.