Хабарингиз бор, эртага «Пахтакор» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги бўлиб ўтади. Унда Суперлиганинг амалдаги чемпиони «Локомотив» жамоаси Ўзбекистон Кубоги соҳиби АГМК жамоаси билан тўқнаш келади. Бугун мазкур баҳс олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Эътиборлиси, мазкур тадбир ўзгача тарзда бўлиб ўтди. Анжуман одатдагидек стадионнинг анжуманлар залида эмас, «Самарқанд дарвоза» кўнгилочар савдо марказида ўтказилди.
Тадбирда ҳар икки жамоа бош мураббийлари, футболчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мухлислар иштирок этишди.
Анжуманда қатнашган мураббийлар эртага мухлисларни қизиқарли ўйин кутиб турганини алоҳида қайд этиб ўтишди.
«Эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Биз учрашувга тайёрмиз. Стадионга мухлисларни таклиф қиламиз, чунки биз айнан улар учун ўйнаймиз. Стадион тўлиб туриши футболчиларга ҳам куч бағишлайди. Умид қиламизки биз ўйинда олдимизга қўйган мақсадимизга эришамиз.
ОЧЛда «Ал Насср»га қарши ўйинда ёмон ўйин кўрсатмадик. Гуруҳ босқичига чиқишни жудаям истагандик. Аммо бу футбол ва ушбу ўйин ана шундай ҳолатлар билан қизиқ. Нима бўлганда ҳам ҳаёт давом этади. Биз эртанги ўйинда бундан ҳулоса чиқарган ҳолда майдонга тушамиз ва ўз мақсадимизга эришамиз. «Локомотив»дан чўчиётганим йўқ. Учрашув осон бўлмайди», – деди АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов.
Шунингдек, тадбирда журналистлар жамоа футболчиларидан ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
«Мураббий сифатида илк маротаба бундай ўйинда қатнашаяпман. Бу мавсумнинг илк расмий учрашуви бўлади. Умид қиламанки эртага яхши ўйин бўлади. Баҳсда кучли жамоа ғалаба қозонсин.
Жамоадаги ўзгаришлар? Футболда ўзгариш бўлиб туриши нормал ҳолат. Футбол бир жойда турмайди. Биз шунга қарамай олдинга интиламиз. Янги футболчилар нафақат эскиларни ўрнини эгаллашади, балки жамоамизни янада кучайтиришади», – деди «Локомотив» устози Андрей Фёдоров.
Хабар қилинганидек, эртанги учрашув Туркиянинг KOC Elektrik AS компанияси бош ҳомийлиги остида кечади. Мазкур ҳомийлик бўйича Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси (ЎТИУ) кенгаши раиси, Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти маслаҳатчиси Эржан Булут ўз фикрларини билдириб ўтди.
Тадбирнинг савол-жавоб қисми якунига етгач, мухлислар футболчилар билан биргаликда суратга тушиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, мухлислар учун автограф сессия ташкил этиб берилди. Бундан ташқари, эртанги учрашув учун чипталар тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, «Локомотив» ҳамда АГМК жамоалари ўртасидаги Суперкубок ўйини эртага соат 16:00 да «Пахтакор» стадионида бошланади.
Манба:
Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.