Бугун 15 апрель куни Осиё футбол конфедерацияси штаб-квартираси жойлашган Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида мураббийлик таълими бўйича мутахасисслар гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишда Осиёнинг барча мамлакатларидан ташриф буюрган мутахассислар қаторида ЎФА Мураббийлик таълими департаменти директори Шавкат Имамов ҳам қатнашяпти.
Эртага 16 апрель куни ОФКнинг мураббийлик таълими бўйича конференцияси иш бошлайди. Мазкур конференцияда Ўзбекистондан Шавкат Имамов билан биргаликда ФИФА ва ОФК инструктори Ислом Аҳмедов ҳам қатнашади. Конференция давомида Осиёда мураббийлик таълимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, Мураббийлик таълими бўйича ОФК Конвенциясига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
ОФК конференцияси 18 апрель кунига қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.