ЎФАда Суперлига ҳакамлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Mr.NoBoDy15.05.2019 13:34
1167
30
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан учрашувларда ҳалол ва адолатли ҳакамликни таъминлаш, шаффофликни ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганидан хабарингиз бор. Coca Cola Суперлига 8-туридан ўрин олган учрашувларда ҳакамлар томонидан қабул қилинган баъзи қарорлар футбол мухлислари ва мутахассислар ўртасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Ўйинларда юзага келган вазиятларни таҳлил қилиш, ҳакамлар фаолияти мавзусида фикр алмашиш мақсадида бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотда ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти мутахассислари, ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги Суперлига ҳакамлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Дастлаб, йиғилганларга ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаментининг янги раҳбари Бекзод Арипов таништирилди.
"Аввалмбор, ЎФА раҳбарияти, жумладан, Биринчи вице-президент Умид Муҳаммаджоновичга менга билдирилган юксак ишонч учун миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Ана шу ишончни оқлаш учун бор куч ва маҳоратимни ишга солишга, миллий чемпионатимиздаги ҳакамлик адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламан", - деди Бекзод Арипов.
Шундан сўнг, ФИФА рефериси Равшан Эрматов сўз олиб, ҳакамликнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди. Жумладан, ҳакамлар ўйин пайтида катта босим остида сониялар ичида қарор қабул қилиши кераклиги, бундай вазиятларда инсонийлик омили туфайли хатолар юзага келиши мумкинлигини айтиб ўтди.
"Ҳар бир вазиятни баҳолашда ФИФА томонидан белгиланган 6та критерий бор. 3таси сариқ карточка, 3таси қизил карточка билан боғлиқ. Ҳакам 1 сонияда мана шу вазиятларни миясида кўриб чиқиб, энг тўғри вариантни танлаши керак, - деди Равшан Эрматов. - Биз ҳар бир ўйиндан кейин учрашувларда рўй берган баҳсли вазиятларни таҳлил қилиб чиқмоқдамиз. Бизда видеоёзувлар орқали такрорий вазиятларни кўриш имконияти бор. Ҳакамларда эса бундай имконият йўқ. Улар шу заҳоти қарор қабул қилишлари керак. Бу жуда мураккаб жараён. Шунга қарамай, биз ҳакамларнинг маҳоратини ошириб бориш учун турли семинарлар ташкил қилмоқдамиз. Мазкур семинарларда уларнинг хатолари таҳлил қилинади, ўз устиларида ишлаш учун ҳакамларга махсус топшириқлар берилади. Ҳозирда ҳакамлар ҳар ой норматив топширишмоқда. Жисмоний ҳолатларини яхшилаш борасида ҳам катта ҳаждаги ишлар олиб борилмоқда".
Шундан сўнг, йиғилганларга Суперлига 8-туридан ўрин олган ўйинларда юзага келган баҳсли вазиятлар видеоёзуви намойиш қилинди. Жумладан, "Пахтакор" - "Навбаҳор", "Металлург" - "Локомотив", "Динамо" - АГМК ўйинларини бошқариб борган ҳакамлар Зокир Қодиров, Азиз Асимов ва Валентин Коваленко ўша ўйинлардаги баҳсли қарорлари бўйича оммавий ахборот воситалари ходимларига тушунтириш бериб ўтдилар.
Жумладан, баъзи такрорий вазиятларда ракурс етарли бўлмагани боис ҳакамларнинг қабул қилган қарорлари мухлису журналистларда турли тушунмовчиликлар пайдо қилгани таъкидланди. Ўша вазиятлар бўйича воқеа рўй берган жойга яқин турган ҳакамларнинг ўзи изоҳ бериб, вазиятга ойдинлик киритишди.
Журналистлар очиқ мулоқот давомида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди, қизғин баҳсу мунозараларга киришишди.
Таъкидлаш керакки, ОАВ ходимлари ва ҳакамлар юзма-юз ўтириб, ўйиндаги баҳсли вазиятларнинг бундай таҳлил қилиниши биринчи маротаба ташкил этилмоқда. Келгусида бундай очиқ мулоқотларни тез-тез ўтказиб туриш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан барча чора-тадбирлар кўрилади.