Ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларида ҳакамлик мавзусига бағишланган семинарлар ўтказилмоқда
Mr.NoBoDy17.05.2019 16:00
1032
30
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академиялари тарбияланувчилари орасида футбол ҳакамлиги билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро мусобақаларда фаолият олиб борадиган иқтидорли ҳакамларни ҳозирдан тайёрлаб бориш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айнан шу мақсадда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар футбол академияларида шу мавзуда семинар ташкил қилинди. Семинарларни тажрибали ҳакамлар Виктор Серазетдинов ва Андрей Цапенко олиб боришди.
Улар академия тарбияланувчиларига ҳакамлик касбининг ўзига хос томонлари ҳақида гапириб беришди. Шунингдек, ҳакамлик билан шуғулланишни истаган тарбияланувчилар қайси жиҳатларга эътибор қаратишлари зарурлиги таъкидланиб, ҳакамлик учун номзодларни танлаб олишда эътибор қаратиладиган меъзонлар ҳақида тушунтириш берилди.
Учрашув давомида академия тарбияланувчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва тегишли жавоблар олишди.