Ўзбекистон МТЖнинг июнь ойидаги ўртоқлик учрашувларига жалб қилинган футболчилар рўйхати Суперлиганинг 10-туридан кейин эълон қилинади
Mr.NoBoDy25.05.2019 14:34
1198
30
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йилнинг июнь ойида 3та ўртоқлик ўйини ўтказади. Дастлаб, 2 июнь куни Аланья шаҳрида Туркия миллий терма жамоасига қарши, кейин эса 7 ва 11 июнь кунлари Тошкентда КХДР ва Сурия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Мазкур ўртоқлик ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Эктор Купер бошчилигидаги миллий терма жамоамиз 28 май куни Тошкентда йиғинга киришади. Мазкур йиғинга жалб қилинган футболчилар номи Coca Cola Суперлиганинг 10-туридан кейин 27 май душанба куни эълон қилинади. Чунки шанба ва якшанба кунлари бўлиб ўтадиган тур учрашувларида миллий терма жамоага номзод бўлган футболчилар жароҳат олишиб қолиши ва бошқа кутилмаган ҳолатлар рўй бериши мумкин. Шу сабабли Эктор Купер тўлиқ рўйхатни эълон қилиш учун Суперлиганинг 10-тури якунига етишини кутишга қарор қилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 28 май куни Тошкентда бошланадиган йиғин давомида "Сity Palace" меҳмонхонасида жойлашиб, "Жар" стадионида машғулот олиб боради. 31 май куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси делегацияси Тошкент-Истамбул-Анталия йўналиши бўйлаб Туркияга йўл олади. У ерда 2 июнь куни Аланья шаҳридаги "Alanya Stadium" ўйингоҳида Туркия миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказилади.
Шундан сўнг миллий терма жамоамиз аъзолари 3 июнь куни ярим тунда Тошкентга қайтиб келиб, йиғинни давом эттиришади.
7 ва 11 июнь кунлари Тошкентдаги "Миллий" стадионда КХДР ва Сурия терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтади. 12 июнь куни эса йиғин якунига етади ва терма жамоага жалб қилинган футболчилар ўз клубларига қўйиб юборилади.