ЎФА ва ПФЛ раҳбарлари Туркияда маркетинг масалалари бўйича учрашувлар ўтказишди ва "Бешиктош" клуби билан танишишди

  • Mr.NoBoDy26.01.2019 15:34
  • 6989
  • 30

Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти ёрдамчиси Отабек Имомов ва Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров Туркия футбол федерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба ўргани мақсадида айни кунларда Туркияда бўлиб туришгани ва у ерда учрашувлар ўтказишаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Бугун ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари "Inteltek" компанияси раҳбари Аҳмет Сезар билан учрашиб,  клубларда маркетинг ишларини тўғри йўлга қўйиш масалаларида фикр алмашишди. Шундан сўнг  "Бешиктош" клубига ташриф буюрилди. ЎФА мутасаддиларини клуб вице-президенти Сердал Адалининг ўзи кутиб олиб, бой тарихга эга клуб билан яқиндан таништирди. Шунингдек, клубда олиб борилаётган ишлар, инфратузилма ва мухлислар билан ишлаш масалалари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Сердал Адали Туркиядаги ҳар бир йирик корхона ва компанияларда клубнинг ўз мухлислар гуруҳи мавжуд бўлиб, бу гуруҳ "Бешиктош" иштирокидаги ўйинларга стадионларга кўпроқ мухлисларни жалб қилиш бўйича тарғибот ишларини олиб боришини айтиб ўтди.






Бундан ташқари, Ўзбекистон вакиллари Спорт Арбитраж Суди - CAS адвокати Эмин Ўзкурд билан ҳуқуқий масалалар бўйича суҳбатлашишди. Эмин Ўзкурд "Бешиктош", "Фенербахче", "Галатасарай" каби клубларда ҳам фаолият юритади. Суҳбат давомида ёш ҳуқуқшунос футболчилар билан имзоланадиган шартномаларнинг талаблари, трансфер масалалари ва бошқа ҳуқуқий мавзуларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Эмин Ўзкурд бу борада Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриб, Суперлига клубларида фаолият юритаётган юристлар учун семинарлар ташкил этишга тайёр эканини ҳам маълум қилди. 


Туркия футбол федерацияси ва клублари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича учрашувлар давом этади.

Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.

Ўхшаш янгиликлар