Истеъфо. "Динамо"ни ким бошқаради?

  • Mr.NoBoDy 08.08.2022 00:51
  • 444
  • 30

Шипилов истеъфога чиқибди...

Бу "Динамо" раҳбарияти қаторасига 3 марта хато қилганини билдиради:

1. Жамоани Суперлигага қайтарган тажрибали Ҳаким Фузайловнинг кетгазилди.

2. Тожикистонлик мутахассиснинг ўрнига мураббийлик фаолиятида ҳеч бир клубни 30 та ҳам ўйинда бошқармаган Предраг Роган олиб келинди. У 9 та турда атиги 6 очко тўплади. 

3. Хато бошқа бир хато билан тузатилди. Бугун истеъфога чиққан Шипилов 5 ўйинда 1 очко ишлади.

Шу ўринда савол туғилади: "Динамо"нинг мавсумдаги 3-устози ким бўлади? 

Вариантлар кўп. Ишсиз юрган Вадим Абрамов, Шуҳрат Мақсудов, Бахтиёр Ашурматов. Ўтган мавсум "Сурхон"ни элитада олиб қолган Баҳром Ҳайдаров. "Турон"ни Суперлигада ушлаб қололмаган Шквирин ва Ҳакимов. "Пахтакор"ни чемпион қилган Питер Хюистра. Самарқандликлар раҳбарияти "Машъал"ни 2 марта қуйи дивизионга тушириб юборган Александр Хомяков билан шартнома имзоласа ҳам ажабланмайман...

Аммо юқоридаги вариантларнинг барчаси навбатдаги хатога айланади, холос. Чунки "Динамо"нинг 1 оёғи аллақачон Про лигада (охирги мағлубиятдан кейин жамоанинг Суперлигада қолиши мўжизага тенг). 

Самарқанд клуби сўнгги 12 ўйинда 6 очколик фарқни йўққа чиқариб, элитадаги ўрнини сақлашига ишонадиган оптимистлар учун эслатиб ўтамиз: жамоа 14 турда атиги 7 очко тўплаган. Кўп эҳтимол билан Ариго Сакки ҳам ҳозирги "Динамо"га ёрдам беролмайди.

Шундай экан, раҳбарият узоқни кўзлаши зарур. Агар вилоятга ростан ҳам яхши футбол керак бўлса, ҳозирдан 2024 йилни ўйлайверган маъқул. Яъни, бу мавсум Про лигага тушишни ҳам бўйинга олиб, потенциали юқори бўлган янги авлод мураббийларидан бирига ишонч билдирилиши керак. У жамоани олиб қолса, қаҳрамонга айланади. Уддалай олмаса, Кападзега ўхшаб янги жамоа шакллантиради, футболчилари билан бирга ўсади ва 2024 йил ортга қайтмайдиган бўлиб Супелигага чиқади.

Албатта, бу қарашларнинг барчаси шахсий. Кўпчилик қўшилмаса керак. Лекин Самарқандга пул учун борадиган катта мураббийларнинг "Динамо"га ҳеч қандай фойдаси тегмаслиги аниқ. Раҳбарият жамоа билан бирга ўсадиган, яқин 3-4 йилини клубга бағишлайдиган ёш мутахассисларга имкон бергани маъқул. Бундайлар катта пул сўрамайди. Улар учун асосийси нималарга қодирлигини барчага исботлаб, фаолиятининг бошида яхши имидж шакллантириш.

Муҳими, раҳбарият юқори потенциалли, ўз қарашларига эга, тўғри номзодни танлай олиши керак. Мен "Динамо"га ҳозир "Бунёдкор"да ишлаётган Анвар Ғофуровни (самарқандлик) тавсия қилган бўлардим. У юқоридаги критериялиарга мос тушишдан ташқари, футболчилик давридаёқ "Обод"ни ўйновчи мураббий сифатида Олий лигада олиб қолганини кўпчилик яхши билади.

Сизнингча, Самарқанд клубини қайси мутахассис қабул қилиб олади?

Oбуна бўлинг → ФА| футбол АНАЛИЗИ

Ўхшаш янгиликлар