Ҳамиджон Актамов: "Иккинчи даврада "Қизилқум" бутунлай бошқа жамоага айланади"

  • Mr.NoBoDy 21.06.2019 22:21
  • 944
  • 30

Суперлиганинг 12-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Қизилқум" (8:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Ҳамиджон Актамов қатнашди.

- Йирик мағлубият туфайли ўйин ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Хатоларимиз кўп. Бу бахона эмас. Захирадан ўйинни кучайтирадиган футболчиларимиз йўқ. Асосан ёшларга ишонч билдиряпмиз. "Сўғдиёна" билан бўлган баҳсда кўплаб жароҳатлар олингани туфайли бугун улар бизга ёрдам бера олишмади. "Пахтакор" бизнинг яримта хатоларимизни ҳам жазолади.

Элгужа Григалашвилининг ҳам жароҳати бор эди. Бироқ танаффусда мағлубиятга чидолмагани боис ўзи майдонга туширишимни илтимос қилди. Шу боисдан ҳам уни майдонга туширдим. Аслида бугун унинг хизматидан фойдаланмоқчи эмасдик. Чунки жароҳати боис таваккалга қўл урмоқчи бўлмагандим. Ўйинда ҳам тўлиқ кучи билан югура олмади. Унинг жароҳати оғир.


- "Қизилқум" бошқарувидаги ўйинларингизда мағлубиятлар сони ғалабалардан кўпайиб кетган. Жамоанинг жорий мавсумдаги ҳолати ҳам яхши эмас. Бу борада қандай изоҳ бера оласиз?

- "Қизилқум" билан "Пахтакор" тенглаштириш тўғри келмайди. Масаланда. Бу футбол. Ҳеч ким майдонга ютқазаман деб тушмайди. Ҳамма ишлаяпти, ҳаракат қиляпмиз. Мени қўл остимда иккита эмас, балки 1,5та ҳам таркиб йўқ. Бугун ёшларни қўйдик. Ёшлар жамоасида илиқ таассурот қолдирган футболчиларга имкон бердик. Ўтган гал ёшларни туширмайсан, деган саволлар учрарди. Ёшларни тажрибаси йўқ, улар "Пахтакор" билан тенглаша олмайди. Ўйин амалиёти бериш мақсадида уларга имконият тақдим этдим.

Айни пайтда селекция ишлари олиб борилмоқда. Иккинчи даврада жамоадан кетадиган ва келадиган футболчилар ҳам бўлади. Ёзги танаффусдан сўнг "Қизилқум" умуман бошқа жамоага айланади. Биз жамоага янги қон олиб кирмасак бўлмайди.


Қайд этиш жоиз, бугун "Қизилқум" Ҳамиджон Актамов қўл остидаги энг йирик мағлубиятини қабул қилди. Шу тариқа Ҳамиджон Актамов "Қизилқум" бошқарувидаги 114-ўйинида (Олий лига/Суперлига, Ўзбекистон Кубоги, Лига Кубоги) 44-мағлубиятни тан олди. Шунингдек, Актамов 38 ғалаба ва 31 дуранг қайд этган. Тўплар нисбати: 136-165. 

Ўхшаш янгиликлар