Суперлига: Қадамбой Нурметовнинг бенифисига айланган тур тафсилотлари ва лауреатлари ҳақида

  • Mr.NoBoDy 24.06.2019 18:00
  • 1080
  • 30

Суперлиганинг 12-тур ўйинлари кеча ўз ниҳоясига етди.

Мазкур турда бир қатор кутилган ва кутилмаган натижалар қайд этилди. Шунингдек, Суперлиганинг 12-туридан аввал ва кейин баъзи жамоаларда бош мураббийлар истеъфога чиқарилди.

Турнинг голларга бой ўтган ва Ҳамид Актамов бошқарувидаги "Қизилқум"нинг шармандали мағлубиятга учратган баҳсида "Пахтакор" рақиби дарвозасини 8 маротаба нишонга олди.

Амалдаги чемпион "Локомотив" эса Самарқандда Қадамбой Нурметовнинг дубли эвазига мағлуб этилди ва Андрей Фёдоровга чиқиб эшикларини кўрсатиб, Бабаянни бош мураббий сифатида яна катта футболга қайтарди.

Андижонда эса Қосимов бошчилигидаги АГМК зафар қучиб, жорий мавсум сафардаги илк очколарини қўлга киритишни уддалади.

Намангандаги "Навбаҳор" - "Бухоро" учрашувидан бир кун аввал кутилмаганда Андрей Канчельскис истеъфога чиқарилди ва наманганликларни "Бухоро"га қарши ўйинда Мустафо Байрамов бошқариб тушди. Натижада жамоа кетма-кет тўрт ўйинлик дуранглар сериясига барҳам бериб, узоқ кутилган ғалабани тантана қилди.

Термизда меҳмон бўлган Абрамовнинг "болалари" шамол таъсири натижасида қийин ўйин ўтказишди ва "Сурхон"га 2:0 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир жадвалидаги учинчи ўринни мазкур турдаги рақибларига бўшатишди. 

Жиззахда эса "Сўғдиёна" Улуғбек Бақоевнинг муваффақиятли сериясини давом эттира олмади. "Қўқон-1912"ни меҳмон қилган жиззахликлар голларга бой ўтган баҳсда муроса кучасини танлашди. 

Бекободда эса "Насаф" жамоанинг асосий тўпурарига айланиб олган Ҳумоюн Муртазоевнинг ягона голи эвазига "Металлург"ни хафа қилди.


Қизиқарли фактлар тўпланмаси:

- "Навбаҳор" тўрт ўйинлик дуранглар сериясини тугатди.

- "Металлург"нинг ғалабасиз серияси 6 ўйинга етди.

- "Пахтакор" "Қизилқум" (8:0) билан ўйинда "Бухоро" (7) жорий мавсум чемпионатдаги барча голларидан кўра кўпроқ гол урди.

- "Пахтакор" 12 ўйинда ўтказган жами голларини "Қизилқум" бир учрашувда айнан "Пахтакор"дан ўтказди - 8.

- "Пахтакор", "Локомотив", "Сурхон" ва "Динамо" ўз уйида енгилмас жамоа бўлиб турибди.

- "Бухоро" ва "Қўқон-1912" ҳозирча ўз майдонида ғалаба қозонгани йўқ.

- Ягона мағлубиятга учрамаган жамоа - "Пахтакор".

- "Андижон", "Металлург", "Динамо" ва "Қизилқум" ҳали меҳмонда ғалаба таъмини татиб кўргани йўқ.



ТУР ЛАУРЕАТЛАРИ

Тур дарвозабони - Суҳроб Султонов

АГМК дарвозабони Суҳроб Султонов "Андижон" билан бўлган учрашувда гарчи ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборган бўлсада, учрашув давомида қатор хавфли вазиятларда жамоаси жонига оро кирди. Айниқса биринчи бўлим сўнггидаги икки вазиятда ажойиб сейвлари орқали Султонов қайсидир маънода АГМКнинг ғалабасига пойдевор қўйди. Шу боисдан Султонов турнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.


Тур мураббийи - Даврон Файзиев 

"Динамо"дек камтарин жамоа билан Суперлигада ўйин жиҳатдан ҳам, натижа борасида  ҳам барқарор ўйнаётган Даврон Файзиев ўз уйида енгилмасга айланди. Мазкур турда чемпионлик учун курашаётган "Локомотив"ни мағлуб этган "Динамо"ни турнир жадвалининг юқорида ушлаб туришни уддаламоқда. Амалдаги чемпионга қарши муносиб ва жанговор ўйини ҳамда қўлга киритган ғалабаси туфайли турнинг энг яхши мураббийи деб Даврон Файзиевни эътироф этдик.


Тур футболчиси - Қадамбой Нурметов 

Суперлиганинг 12-турида "Динамо" ҳужумчиси Қадамбой Нурметов амалдаги чемпион "Локомотив"ни мағлуб этилишида энг асосий қаҳрамонга айланди. Айнан унинг иккита голи эвазига "Динамо" "Локомотив" устидан муҳим ғалабани тантана қилди. Камтарин жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланиб бораётган Қадамбой Нурметов турнинг энг яхши футболчиси номига муносиб кўрилди.



Тур рамзий терма жамоаси (4-3-3):

Дарвозабон: Суҳроб Султонов (АГМК)

Ҳимоячилар: Акмал Шораҳмедов (АГМК), Егор Кримец ("Пахтакор"), Владимир Бубанья ("Сурхон"), Шароф Муҳитдинов ("Насаф")

Ярим ҳимоячилар: Шаҳзод Шайманов ("Навбаҳор"), Шавкат Саломов ("Сурхон"), Шоҳруҳ Абдураҳмонов ("Динамо")

Ҳужумчилар: Қадамбой Нурметов ("Динамо"), Игорь Сергеев ("Пахтакор"), Суҳроб Бердиев ("Қўқон-1912")


ТУРНИР ЖАДВАЛИ


Суперлига тўпурари - Драган Черан (15)


Энг яхши ассистент - Жалолиддин Машарипов (8)


Навбатдаги тур

13-тур
28 июнь, жума

БУНЁДКОР — ДИНАМО
ҚИЗИЛҚУМ — НАВБАҲОР
АГМК — МЕТАЛЛУРГ
29 июнь, шанба
БУХОРО — АНДИЖОН
ҚЎҚОН-1912 — ПАХТАКОР
НАСАФ — СУРХОН
ЛОКОМОТИВ — СЎҒДИЁНА

Ўхшаш янгиликлар