ads


Марко Жампаоло - янги "Милан" учун идеал вариант

  • Mr.NoBoDy 27.06.2019 14:21
  • 547
  • 30

Сакки, Капелло, Аллегри ва Сарри ҳам уни мақтамоқда.

ads

“Сампдория” тарихидаги энг қиммат 5та шартномасидан 3таси сўнгги уч йил ичида содир бўлди. “Севилья” Луис Муриэльни (24,5 млн евро), “Интер” – Милан Шкриньярни (28 млн), “Арсенал” эса Лукас Торрейрани (30 млн) сотиб олган эди. Шунингдек, улар орасида Патрик Шик ҳам бор. “Рома” уни сотиб олиш шарти билан ижарага олган: бонуслар билан трансфер суммаси 42 миллионни ташкил қилган. Дуван Сапата – “Аталанта” унинг ижараси учун клубга 12 миллион евро берган, келаси йил эса “Самп”га яна 14 миллион тўлаб бериши керак.

Президент Массимо Феррерони мақташ учун яхшигина имконият – у пулларни ақл билан ишлатади. Лекин Ферреронинг фикрича, Марко Жампаоло бунда муҳим роль ўйнаган ва улкан ҳисса қўшган . “У янги лойиҳам учун идеал вариант, – дейди президент. – Мен ёш ўйинчиларни сотиб олмоқчиман, Марко эса улар билан жуда яхши ишлай олади”.

“Милан” бош директори Иван Газидис клубнинг келгусидаги режалари ҳақида гапириб, “россонери”га ёш футболчилар кераклигини таъкидлади. Бироқ газеталарда ёзишганидек, қайта сотиб юбориш учун эмас! “Улар “Милан” билан бирга ўсишини, шу ерда ҳақиқий юлдузга айланишини истайман”, – дейди Газидис. Унинг олдига қўйган мақсади ҳам худди Феррероникига ўхшайди.

Жампаоло ёшлар билан ишлаш унга осонроқ эканини тан олди. 2014 йил у Про Лига клуби “Кремонезе”га бошчилик қилган. “Ўшанда менга мураббийлик фаолиятим тугагани айтишган. Лекин жамоада қарашларини ўзгартирмайдиган тажрибали фахрий ўйинчилар йўқ экани менга қўл келди. Жамоа эса ғояларимга ишонган, айтганларимни қилган. Натижада биз ижобий натижаларга эриша олганмиз”.

Маурицио Саррини “Наполи”га таклиф қилишганида, “Эмполи” президенти Фабрицио Корси мураббийдан маслаҳат сўраган. Корси жамоа нафақат А Сериядаги ўрнини ушлаб қолиши, балки ёрқин футбол намойиш қилишини ҳам истаган. Сарри шундай жавоб берди: “Жампаолони чақиринг ва ҳаммаси ҳозиргидан яхшироқ бўлади”. Марко тўртинчи дивизионда ишлаётганига қарамай, швейцариялик мавсум давомида яхши мураббийлардан бири эканини исботлашига Маурицио ваъда берди.

“Эмполи” Сарри билан 42 очко тўплаб, 15-ўринни эгаллаган. Жампаоло эса клуб билан янада юқори поғонага кўтарилган — 10-ўрин. Марко камтарлик билан: “Шунчаки ўйинчиларим яхши эди”. Лекин тосканлар Б Серияга тушиб кетганидан сўнг, мураббий “Сампдория” томон йўл олди.

2016 йил ёзда, “Эмполи” тарихидаги энг муваффақиятли мавсумлардан бирида, “Милан” вакиллари Жампаолони клуб бош мураббийлиги лавозимига таклиф қилишди. У Адриано Галлиани билан суҳбатлашди, бир неча бор уйига ҳам борди. Сильвио Берлускони бу фикрни маъқуллади, лекин потенциал харидорлар билан маслаҳатлашишга мажбур бўлди. Улар эса Винченцо Монтеллани танлашди.

Жампаоло унинг ўрнига бошқа устозни танлаб кетишган вазиятга биринчи марта дуч келгани йўқ. 2009 йил Марко “Ювентус” директори Жан-Клод Блан билан тушлик қилди ва шартнома имзолашга ҳам яқин турган эди. Аммо Турин клуби хўжайинлари охирги паллада жамоага Чиро Феррарани таклиф қилишга қарор қилишди. “Мен нима учун бундай бўлганини сўрамадим, – дейди Жампаоло. – Албатта, алам қилган. Лекин мен бунга қўлдан бой берилган имконият деб қарамаганман. Шундай имкон пайдо бўлганидан  хурсандм бўлганман холос”.

Арриго Сакки севимли мураббийларини санаганида, Маркони ҳам доим рўйхатига қўшарди. Афсонанинг “оптимист мураббий” деган тушунчаси мавжуд бўлиб, Жампаоло ҳам худди Сарри, Эусебио, Ди Франческо ва Роберто Де Зерби каби шу тоифага киради. “Оптимист мураббий” чиройли ва кучли ўйин намойиш этади”, – дейди Сакки. Фабио Капелло – ўйиндаги режалари бўйича Саккининг бутунлай акси, аммо у ҳам Маркони қадрлайди: “Янги Капелло? Мен ўзимда Жампаолони кўраман”.

Гап-сўзларга қараганда, “Милан” раҳбарияти “Юве” мураббийини алмаштиришини эшитганида Массимилиано Аллегрига шартнома таклиф қилган экан. Макс рад жавобини берган ва Паоло Мальдинига бошқа бир мураббийни маслаҳат берган – “россонери” ўша вариантда тўхталди.

Жампаолонинг асосий салбий жиҳати у ўртамиёна мураббий ва ҳеч қачон турнир жадвалининг юқори поғонасидаги клублар билан ишламаган. У икки йил давоида А Сериянинг “Кальяри” клуби билан ишлади (9-ўринни эгаллади ва келаси йили истеъфога чиқарилди) Ундан олдин эса “Сассуоло”, “Гроссето” ва С2даги СПАЛда ишлади. “Маркони топ-клубга жуда кеч чақиришди”, — дейди мураббийнинг акаси Федерико. — Муаммо шундаки, у аста-секинлик билан ўсди. Тажрибали ва малакали мураббийлар эса аллақачон имкон олиб, ишга эга бўлган эди”.

Жампаоло “Сампдория”га борганида, жамоа икки очко фарқ билан элитада қолган эди (генуяликлар Винченцо Монтелла билан 15-ўринни эгаллаган ҳолда турнирни якунлашган). Орадан бир йил ўтиб, аввалги мавсумга нисбатан 8 очко кўпроқ жамғаришган (48 очко), кейинги икки чемпионатларда эса “Самп” 54 ва 53 очко тўплашга муваффақ бўлган. “Блучеркьяти” Европа Лигасига чиқолмади, клуб Жампаоло билан икки бор 10-ўринни эгаллади. Ўтган чемпионатда эса 9-поғонани забт этди. Бироқ “Сампдория” ўрнини сақлаб қолишдан кўра, кўпроқ еврокубок зонасига яқин бўлган ва ҳар йили ўтган мавсумга нисбатан кўп гол уришга эришган. 2018/19 йилги чемпионатда – 60та гол. А Сериянинг фақат 4 жамоаси самарали ўйнади: Аталанта (77), Наполи (74), Ювентус (70) ва Рома (66).

Марко “Наполи” мураббийи Сарридан ўрнак оладими йўқми, шуни сўрашганида, Жампаоло ҳаракат қилаётганини айтган: “Энг муҳими – доим ташаббускор бўлиш ва шарт бўлган ишларни белгилаб олиш. Аммо барчасини тезлик билан амалга ошириш қийин. Мен “Сампдория”да босимсиз, нимани хоҳласам шу ишни қилган ҳолда фаолият юритдим. Бунинг асосий плюс томони гранд бўлмаган жамоани шуғуллантиришдир. Унинг “Сампдория”си, ходимларнинг тинимсиз ўзгаришига қарамай, мунтазам равишда ўзини намоён этиб борди. Жампаоло клубга раҳбарият ва мухлислар томонидан босим етишмайди деб ҳисоблайди. “Мен вақтни душманим эмас, дўстим деб ҳисоблайман, – дейди у. – Асосийси шошмаслик керак. Катта жамоалар – аста-секин ишлашнинг самарасидир. Афсуски, клуб хўжайинлари орасида кичик натижаларга эришиш билан чекланиб қоладиганлар талайгина. Олға интилиб, истиқболни кўра оладиганлар эса аксинча, кам”.

Жампаолони беш маротаба ишдан бўшатишган – “Кальяри” (2 марта), “Сиена”, “Катанья” ва “Чезена”дан. “Брешиа”дан эса ўзи истеъфога чиқишни маъқул кўрган – президент Луижа Кориони билан чиқиша олмаган, ғазабланган ва бир неча кунга йўқ бўлиб қолган. Шартномани бекор қилиш учун қайтиб келди ва матбуот анжуманида нафақат “Брешиа” хўжайини, балки бутун Италия футбол тизимини ҳақида салбий фикрлар билдирди. Шундан сўнг, яна нольдан бошлашига тўғри келди – Про Лига ва “Кремонезе”. “Мен уларга ўзим таклиф бердим, қуйи поғонадаги жамоа билан ҳам юқори натижаларга эришиш мумкинлигини исботламоқчи бўлдим”, – дейди Жампаоло. “Милан” билан тузилган шартнома Марко айтган гапининг уддасидан чиқа олганини билдиради.

“Вазифамиз – ғалаба қозониш мумкин бўлган чиройли ўйин намойиш қилиш”, – дейди Жампаоло “Милан” мураббийи бўлганидан сўнг. Италия газеталари ёзишича, Марко “Сампдория” ва “Эмполи”да фойдаланган схемаси 4-3-1-2 бўйича ўйнар экан. Аммо мураббийнинг акаси Федериконинг айтишига қараганда, муҳими – ғоя: “У учун биринчи навбатда схема эмас, балки муносабат, кайфият ва психологиядир”.

Бир неча ҳафта аввал ижтимоий тармоқларда “россонери”нинг янги мураббийи Аллегри ҳамда Жованни Галеоне билан бир стол атрофида овқатланиб ўтирган сурати пайдо бўлди. Галеоне А Сериянинг ҳеч бир жамоасида тўлиқ мавсум ишламаган (уни “Пескара”, “Перужа”, “Наполи”, “Анкона” ва “Удинезе”дан бўшатиб юборишган). Шунга қарамай, у Италия футболининг афсоналаридан бири саналади. Унинг қўл остида Аллегри ва Жан Пьеро Гасперини тўп тепган, Жампаоло эса Галеоненинг ёрдамчиси бўлган. Учта мураббий ҳам Жованни билан танишиш уларга катта таъсир кўрсатганини таъкидлаган.

“У жуда сокин, камдан-кам ҳолларда ўзини бошқаролмай қолиши мумкин. Мени уни таърифлашим учун биргина сўзнинг ўзи кифоя. Кимдир буни ҳақорат деб қабул қилар, аммо буни салбий маънода айтмайман. Жампаоло – задрот", – дейди Галеоне. "Ёшлигида у Ван Галдан иш ўрганиш учун Барселонага борган. Унинг жамоалари доим бир маромда ўйнарди. У оддий нарсаларга ҳам жуда эътиборли эди. Қуйи поғонадаги жамоа бўлса ҳам, паслар бериб ўйнашини яхши кўрарди. Гвардиолага тақлид қилади дея олмайман, лекин унинг ғоялари Маркога ёқар эди. Бироқ фарқи шундаки, Гвардиоланинг жамоалари доим топ ва юлдузларга бой клуб бўлган".

Жампаоло тақлиди туфайли — 36 ёшли Фабио Квальярелла А Сериянинг энг яхши тўп урари бўлишга муваффақ бўлди. У "Эмполи" ва "Сампдория"нинг бир неча ёш ўйинчилари нархи кўтарилишига сабабчи бўлди. Меҳнатлари эвазига унга Италиянинг энг обрўли жамоаларидан бирида ишлаш насиб этди. Эҳтимол, Марко айтгандек, унинг фалсафасида бизнесга ўрин йўқдир. "Агар футболчи маошини ошириш мақсадида ёнимга келса, у ҳолда манзилда адашибди. Футбол мен учун – санъат. Замонавий футбол – санъат ва бизнес ўртасидаги доимий низодир. Бироқ иқтидорни сотиб олиб бўлмайди, иқтидорсиз эса ғалаба қозонишнинг иложи йўқ".

Жампаоло – "Милан"нинг охирги уч йил ичида "Сампдория"дан келган 3-мураббийидир. Лекин эътиборлиси шундаки, Синиша Михайлович футбол оламида анчагина таниқли эди. Винченцо Монтелла эса янада машҳурроқ бўлган: "Фиорентина" билан тўртинчи поғонани эгаллаган. Натижа ва машҳурлик томондан гапирадиган бўлсак, Марко – ҳеч ким. Аммо бир нарсани унутмаслик лозим: Сакки ва Аллегри ҳам қачонлардир шундай кунларни бошдан кечирган эди.


Нозима Зарипова таржимаси

Ўхшаш янгиликлар