Асадбек Собиржонов: "Бухоро"га ижарага беришганидан асло хафа эмасман”

  • Mr.NoBoDy 27.06.2019 15:42
  • 968
  • 30

Бу мавсум "Бухоро" клубида "Пахтакор"дан ижарага олинган икки футболчи тўп тепмоқда.

Достон Ибрагимов ва Асадбек Собиржонов. Июнь ойида Ибрагимов миллий терма жамоага, Собиржонов эса олимпия терма жамоасига чақирув олди. Яқинда Достон билан суҳбатлашган эдик. Навбат унинг жамоадоши Асадбек Собиржоновга етиб келди.

- Дастлаб футболга кириб келишингиз қандай бўлганини айтиб беринг.

- Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида туғилганман. Футболга кириб келишимга дадам сабабчи бўлганлар. Кўпчиликда бўлгани каби кичкиналигимда қўлимдан ушлаб футбол тўгарагига олиб боргандилар. У ерда Эргаш Шералиев ва Музаффар Бекназаров қўл остида шуғулланишни бошлаганман.

- Кўпчилик болаларни ота-онаси футболга беради, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам футболчи бўлиб етишмайди. Сиз нима учун футболчи бўлгансиз?

- Оиламизда ҳамма футболга қизиқади. Ақлимни таниганимдан буён футбол ўйнайман. Футболга жуда қизиқаман. Футболсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Агар бир кун футбол ўйнамасам ўзимни ғалати ҳис қиламан. Мен учун футболдан яхшироқ спорт тури йўқ. Футбол - менинг ҳаётим.



- "Пахтакор" академиясига қачон келгансиз?

- 2012 йил мураббийим Музаффар ака Бекназаров ва дадам мени "Пахтакор" академиясига олиб боришган. Футболчи сифатида янада шакллансин деб ният қилишган бўлса керакда. Ўша пайтда мен тенгиларга Темур ака Олимхўжаев мураббий эди. Биринчи борганим ҳали ҳамон эсимда. Машғулотга қўшилдим ва турли машқларни бажардик. Охирида барча болалар билан футбол ўйнадик. Тошкентдан уйга қайтаётганда дадам "табриклайман, "Пахтакор" академиясига қабул қилишди" деганлар. Ўша лаҳзада қанчалик хурсанд бўлганимни тасвирлаб бера олмайман. Чунки "Пахтакор" академиясига кириш, у ерда шуғулланиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шундан кейин академияда Темур Олимхўжаев шогирдига айланганман.

- Ўтган йил сизни асосан "Пахтакор" ёшлар жамоасида кўрардик. Бу йил асосий таркибда ўйнашингиз мумкин эди. Бироқ раҳбарият "Бухоро"га ижарага беришни лозим топди. Ушбу қарордан хафа эмасмисиз?

- Йўқ, йўқ "Бухоро"га ижрага беришганидан асло хафа эмасман. Аксинча Жаъфар Ирисметовга раҳмат айтмоқчиман. Агар у киши мени "Бухоро"га ижарага бермаганларида ҳозир "Пахтакор" ёшлар жамоасида ўйнаб юрган бўлармидим. "Бухоро" сафида Суперлигада тўп тепаяпман ва ўз тажрибамни ошириб бораяпман. Худога шукур бу мавсум Суперлигада дебют қилдим, кўп ўтмай, Фарғонада "Қўқон-1912" билан баҳсда биринчи голимни ҳам уришга муваффақ бўлдим. Ишонинг ёшлар лигаси ва Суперлига ўртасидаги тафовут жуда ҳам катта.

- "Бухоро"да ўз олдингизда қандайдир мақсад қўйдингизми?

- Бу мавсумдаги энг асосий мақсадим "Бухоро" клубини қийин вазиятдан чиқиб кетишига қўлимдан келгунича ёрдам бериш ва чиройли ўйин намойиш этиб "Пахтакор"га қайтиш.

- Футболчилар орасида дўстларингиз борми? Энг яқинлари ким?

- Ҳаётда ҳам, футболда ҳам яқин ўртоқларим жуда кўп. Энг яқин дўстларим ҳозирда АГМКда ўйнаётган Камрон Саидазимов ва "Сўғдиёна" аъзоси Муҳаммадали Юлдашев.

- Мавсум бошида "Бухоро"да Бахтиёр Ашурматов бош мураббий бўлиб ишлади. Муҳсин Муҳаммадиев келганига кўп бўлмади ва у ҳақида ҳали тўла тасаввурга эга эмассиз. Ашурматов қандай мураббий экан?

- Бахтиёр Аъзамович ажойиб инсон эканлар. Бу мураббийдан анча нарса ўргандим деб бемалол айта оламан. Машғулотларда биздан максимал ҳаракат қилишимизни талаб қилардилар. Уларнинг машғулотлари жуда қизиқарли ўтарди. Жуда тартибни хуш кўрувчи инсон эканлар. Бекорга ўтган йил Ўзбекистон кубогида ғолиб чиқмаганлар.



- Ўзбекистон олимпия терма жамоаси июнь ойида икки марта Миср олимпиячиларига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди. Любинко Друлович мазкур йиғинга сизни ҳам чақирди.

- Олимпия терма жамоасида жуда кучли футболчилар жамланган. Рақобат жуда кучли ва терма жамоадаги муҳит ажойиб. Барча футболчилар бир-бири билан аҳил ва иноқ экан. Миср билан бўлган иккала ўйинда ҳам захирадан майдонга тушдим. Насиб қилса олимпия терма жамоаси Таиланддаги Осиё чемпионатида муносиб иштирок этади ва Токиодаги ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритади.

- Чет элда севимли клубингиз борми? Қайси футболчиларга ҳавас қиласиз?

- Ёшлигимдан "Барселона"га мухлислик қиламан. Каталонияликларнинг ҳар бир ўйинини кўриб бораман. Футболчилардан Неймар ва Филиппе Коутиньонинг ҳаракатларига ҳавас қиламан.

- Ҳеч “футболдан чарчадим, футболчиликни ташлайман” деган хаёл ўтганми?

- Футболчи бўлишда албатта қийинчиликлар бўлган. Лекин футбол ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб қолгани сабабли уни ташлаш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман.

- Инстаграмда жуда фаолсиз. Бир кунча қанча вақтни инстаграмда ўтказасиз?

- Инстаграмга кунига 2-3 соат вақт ажратаман.

Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар