Суперлига. Бугун 13-тур якунига етади

  • Mr.NoBoDy 29.06.2019 07:42
  • 1255
  • 30

Бугун Суперлигада биринчи давранинг энг сўнгги тўртта учрашуви бўлиб ўтади.

18:00 - ЛОКОМОТИВ — СЎҒДИЁНА
Ҳакамлар:
Виктор Серазитдинов, Абдулҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Аҳмаджон Эргашев
Назоратчи: Сардор Нажафалиев
Комиссар: Диёр Имомхўжаев.

"Локомотив" Самвел Бабаян қўл остидаги илк баҳсни "Сўғдиёна"га қарши ўтказади.

"Локомотив" ўз майдонидаги мағлубиятсиз одимини давом эттирмоқда (5 ғалаба, 2 дуранг). "Сўғдиёна" эса охирги 5та турда ҳеч кимга ютқазгани йўқ (3 ғалаба, 2 дуранг).

Ушбу клублар Ўзбекистон чемпионатида жами 22 марта ўзаро ҳисоб-китоб қилишган. 16 учрашувда "темирйўлчилар"нинг қўли баланд келган. Тўртта баҳсда дуранг қайд этилган. "Сўғдиёна" бу рақибни фақат икки марта мағлуб эта олган холос.

"Локомотив" Тошкентда ўтган 11та ўйиннинг барчасида "Сўғдиёна"ни мағлуб этган. Яъни Жиззах клуби ушбу жамоа майдонидан ҳеч қачон очко билан ҳам қайта олмаган.

Охирги марта "Сўғдиёна" "Локомотив"ни 2008 йилда (ўз уйида) мағлуб этган экан. Шундан сўнг кетма-кет 15та ўзаро ўйинларда "Локо" умуман мағлуб бўлмаган.



18:00 - ҚЎҚОН-1912 — ПАХТАКОР
Ҳакамлар:
Вадим Агишев, Расул Фозилов, Максим Нехочин, Ғайрат Жўраев
Назоратчи: Артём Арутюнов
Комиссар: Александр Давиденко


Ўз майдонида битта ўйин ўтказган "Қўқон-1912" сафарда умуман ютқазмаган "Пахтакор"ни қабул қилади.

"Пахтакор" бу мавсум биронта ўйинда ютқазмаган ягона клуб бўлиб турибди. "Қўқон-1912" охирги 7та ўйиннинг ҳеч бирида ғалаба қозона олмади (3 дуранг, 4 мағлубият).

Ўзаро ўйинларда устунлик "Пахтакор" томонида. "Шерлар" 26та ўйиннинг 14тасида ғолиб бўлишган. Беш бор "Қўқон-1912" зафар қучган. Яна 7та баҳсда ғолиб аниқланмаган.

"Қўқон-1912" сўнгги бор 2003 йилги мавсумда ушбу жамоани мағлуб этган экан. Шундан кейинги 8та учрашувда "Пахтакор" қўқонликларга умуман мағлуб бўлмаган.

Охирги тўрт йилда Қўқонда ўтган ўзаро ўйинларнинг барчасида дуранг кузатилгани эътиборга молик.

"Пахтакор" сўнгги бор бундан 17 йил аввал (2002 йил) Қўқонда ғалаба қозонган.



20:00 - НАСАФ — СУРХОН
Ҳакамлар:
Темур Тўхтасинов, Ҳусниддин Шодмонов, Александр Буров, Илья Ильин
Назоратчи: Султон Зайлобиддинов
Комиссар: Шохруҳ Саид

Қашқадарё ва Сурхондарё клублари ўртасидаги тўқнашув. "Насаф"нинг мағлубиятсиз серияси 2та ўйинга етди (ғалаба ва дуранг).

Бу икки клуб шу кунгача чемпионат доирасида 16 марта ўзаро баҳс олиб боришган. 12та учрашувда "аждарлар" ғолиб бўлишган. Уч марта дуранг қайд этилган. "Сурхон" ўз тарихида бир мартагина "Насаф"ни таслим қилган. Бу воқеа 1999 йил Термиздаги баҳсда содир бўлган.

Фақат Қаршидаги ўйинларга эътибор қаратсак "Насаф" бўлиб ўтган 8та учрашувнинг барчасида бу рақибни мағлуб этган. Яъни "Сурхон" Қаршидан фақат мағлуб бўлиб қайтган экан. Яна бир факт: "Сурхон" Қаршида 8та ўйин ўтказган ва рақиб дарвозасига биттагина гол урган (1997 йил).



20:00 - БУХОРО — АНДИЖОН
Ҳакамлар
: Азиз Асимов, Артём Калинин, Фарҳод Усмонов, Наим Қосимов
Назоратчи: Ғайрат Каримов
Комиссар: Лазиз Қўчқоров

Мавсум давомида бош мураббийи ўзгарган икки клуб ўртасидаги баҳс. “Бухоро” бу мавсум ўз уйида умуман юта олмаяпти (3 дуранг, 3 мағлубият). “Андижон” эса сафарда ғалаба нималигини билмаяпти (4 дуранг, 3 мағлубият).

"Андижон"нинг ғалабасиз серияси 7та ўйинга етди (4 дуранг, 3 мағлубият). "Бухоро"да эса серия битта ўйинга кўпроқ (2 дуранг, 6 мағлубият).

Ушбу клублар бугунга қадар Ўзбекистон чемпионатида жами 44 марта ўзаро ўйин ўтказишган. "Бухоро" 20та, "Андижон" 12та ғалабага эришган. Қолган 12та учрашувда дуранг кузатилган.

"Андижон" Бухорода ўтган 22та ўйиннинг фақат биттасида ғолиб бўлган экан. Бу воқеа 2008 йилда содир бўлган. Бухорода ўтган охирги 6та ўйинда мезбонлар бу жамоага ютқазишмаган (5 ғалаба, 1 дуранг).

Ўзаро ўйинларнинг сўнгги учтасида (хоҳ уйда, хоҳ сафарда бўлсин) "Бухоор" уч марта ғалаба қозонган.


Ўхшаш янгиликлар