Равшан Эрматов билан очиқ мулоқот

  • Mr.NoBoDy 29.06.2019 12:00
  • 850
  • 30

Бугун ЎФА мажлислар залида куни ташкилотнинг янги раҳбарияти билан очиқ мулоқот тарзида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА бош котиби Аваз Максумов, ЎФА вице-президенти Шоакрам Исроилов ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев олиб борди. Дастлаб Равшан Эрматов 10та йўналишдаги маълумотлар ҳақида батафсил гапириб ўтди.

“Ассалому алайкум, ҳурматли ОАВ ходимлари, футболимиз дўстлари ва футболимиз жонкуярлари десам хато бўлмайди. Куни кеча бўлиб ўтган касб байрамингиз билан табриклайман. Футболни мана шундай севиб, қўллаб-қувватлаб туришингизни тилайман. Бизнинг эшикларимиз доим сизлар учун очиқ. Охирги йилларда футбол ҳақидаги мақолаларни ўқиб ўзимнинг тасаввурларим бор. Олдин танқидий мақолалар кўп бўлган бўлса, ҳозирги кунда таҳлилий ва таклифий мақолалар кўпайди. Қатор таклифларингиз футболда қўлланилишни бошлаб юборилди. Яқиндагина ҳам айтдим менга бу ерда туришдан кўра, футбол майдонида бўлиш қулайроқ. Аммо мана шундай масъулиятли вазифа менга топширилган экан уни сидқидилдан бажараман. ФИФА ва ОФК оғир, ҳал қилувчи ўйинларни ишониб топширар эди. Ҳар сафар майдонга тушганимда бизга ишонган инсонларни уялтириб қўймасликка ҳаракат қилганман.

Футболимиз мақтанарли даражада эмаслигини барчамиз биламиз, муаммоларни кўриб туриб бир четда қараб туриш менга тўғри келмайди. Футболимиздаги баъзи оғриқли нуқталарни кўрсатиб ўтамиз.



Биринчидан, футболда адолат ўрнатиш, келишилган ўйинлар ва тотализаторларни йўқотиш энг биринчи қиладиган ишимиз. Бу масалани биринчи кўтараётганимиз йўқ. Футболда адолат бўлмаса у ҳеч қачон ривожланмайди. Амир Темур бобомиз бежизга “Куч – адолатдадир” деб айтмаганлар. Хаттоки дунёдаги энг кучли ҳакамлар ҳам хато қилади, футбол хатолардан иборат. Аммо атайин қилинган хатолар жазосиз қолмайди. Бугунги кунда ЎФА қошида келишилган ўйинларга қарши кураш бўлими фаол ишламоқда.

Иккинчидан, футболимизда фахрийларимизга ҳурмат кўрсатиш. Тарихсиз келажак йўқ деган мақол бор. Агар биз тарихни ҳурмат қилмасак келажакни ҳам ҳурмат қилмаган бўламиз. ОФК ёки ФИФАдан келган мутахассисларга футбол Ўзбекистонга кеча кириб келмаганини кўрсатишимиз керак. Шу боис ЎФА биносидаги кичик музейни қайта ташкил этдик. Ўзбекистонда илк бор футбол ўйини 1912 йил Қўқонда ўйналганини барча билади. Яқин кунларда ўзбек футболи фахрийлар кенгашини қайта тиклаймиз. Уларга ЎФА биносида алоҳида хона ажратамиз.

Учинчидан, мухлислар масаласи. Ўзбек футбол мухлислари жуда ҳам талабчан. Мухлислар футболнинг ҳақиқий жонкуярлари, биз стадионларни сунъий равишда тўлдириш фикридан воз кечамиз. Босқичма-босқич ривожланишни олиб борсак мухлислар стадионларга оқиб кела бошлашади. Аммо баъзида севимли клуби мағлубиятга учраганда мухлислар томонидан номақбул сўзлар айтилаётгани кузатилмоқда. Шу боис мухлислар кенгашини ташкил қилишга қарор қилдик.

Тўртинчидан, мураббийлар ва футболчилар ҳақида. Футболни футбол қиладиганлар мураббий ва футболчилар. ЎФА ходимлари футболга хизмат қилиш учун келдик. Мендан бошлаб ташкилотнинг ҳар бир ходими футболимих хизматчиси. Энди мураббийлар ва футболчилар дардини кўпроқ тинглаймиз. Ҳамда бир пайтлар бўлган мураббийлар кенгашини қайта тиклаймиз. Бу кенгашда ўзбек футболи тарихи ва замонавий футболни яхши тушунадиган мураббийлар бўлишади. Футболдаги ҳар бир хато уни бир неча йил орқага суриб юбориши мумкин.

Бешинчидан, болалар футболи ҳақида. Бутун дунёда футболнинг пойдевори ва устуни ҳисобланади. Юртимизда жуда кўплаб футбол мактаблари ва академиялар мавжуд. Яқинда иккита футбол академиясига бориб кўрдик. Очиғини айтсак вазият жуда оғир. Яна бир муаммо болалар футбол мусобақалари жуда кам. Болалар футбол мусобалари аслида ҳар бир маҳаллага кириб бориш керак. Ўзимизда ҳам боллалар футболига бефарқ бўлмаган мутахассислар кўп. ОФК, ФИФА вакиллари ва ўзимизнинг мутахассисларни йиғиб гаплашамиз.

Олтинчидан, терма жамоалар ҳақида. Сентябрь ойида миллий терма жамоамиз ЖЧ-2022 саралашини бошлайди. Ўша ойда Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Тошкентда Осиё чемпионати саралашида қатнашади. Ноябрь ойида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Осиё саралашида иштирок этишади. Ҳар бир терма жамоа мураббийлари билан суҳбатлашдик ва уларга керакли шароитлар яратиб берилишини маълум қилдик.

Еттинчи масала бу ЎФА ва ПФЛ. Бундан буёғига ЎФА ОФК, ФИФА, спорт вазирлиги ва МОҚ билан яқиндан дўст бўлиб футбол манфаатларини устун қўядиган ташкилотга айлантирмоқчимиз. Футболда ишлайдиган ҳар бир ходим ўз йўналишини чуқур биладиган мутахассис бўлиши керак. ЎФА ва ПФЛда ишлаётган ҳар бир ходимни малакасини ўрганиб чиқамиз.

Жамоалар ПФЛга эмас, ПФЛ жамоаларга ёрдам бериши ва хизмат қилиши керак.

Саккизинчи масала бу ҳакамлар. Очиғини айтиш керак, ҳакамлик мавзуси футболимизнинг энг оғриқли нуқтаси. Ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолган мавзу бу. Футболни савиясини оширишга уринаяпмиз, аммо ҳаваскор ҳакамлар туфайли савияни тушириб қўймоқдамиз. Ҳакамлар орасида ҳайдовчилар ҳам бор, завод ишчилари бор. Ҳакамларни профессионалликка олиб ўтишимиз керак. Ҳакамлардан сифат талаб қилишдан олдин уларга малакасини оширишга шароитлар яратиб беришимиз керак. Шундан кейин, 100 эмас 200 фоиз талаб қилишимиз мумкин. ОФК ва ФИФА стандартлари бўйича ҳакамларни малакасини ошириш бўйича иш бошлашимиз керак. Бу ҳакамлар департаментига тоширилган.

Тўққизинчидан, халқаро алоқалар. ЎФАда иш бошлаганимнинг илк кунларида ОФК президенти Шайх Салмон бин Халифа қўнғироқ қилди ва бу лавозимда омад тилади. Куни кеча юртимизга ОФК вакиллари ташриф буюришди. Яна бир мақсадимиз Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси билан яқин ҳамкорлик қилишни истаймиз.

Ўнинчидан, футзал ва аёллар футболи. Футзални олдингидек савияга олиб чиқиш устида иш олиб борамиз. Аёллар футболи йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Шуни тан олиш керак, баъзи аёллар эркаклардан ҳам яхши ўйнайдиган бўлиб кетди”, - дейди Равшан Эрматов.

Шундан кейин журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.




Саҳифа янгиланмоқда...



Ўхшаш янгиликлар