Афсонавий "Сан-Сиро": пайдо бўлиши, хўжайинлари ва "Узуклар ҳукмдори" ҳақида

  • Mr.NoBoDy 02.07.2019 23:21
  • 694
  • 30

Дунёда буюклиги борасида "Сан-Сиро" билан тенглаша оладиган стадионлар жуда кам.

Санъатни чинакамига тушунадиган инсонлар аренани “Ла Скала футбол” деб аташади. Таҳминан бир аср давомида бу ерда ҳақиқий футбол ўйинлари ўтказилди. Биз таниган ва севган буюк футболчилар ҳам айнан шу стадионда тўп тепди. Лекин афсуски, арена яқин кунларда бутунлай бузилиши мумкин. Сабаби, Миланнинг икки клуби инновацияга қўл уришди, унинг натижаси эса  афсонавий иншоотнинг йўқ бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бугун “Сан-Сиро” билан боғлиқ бўлган ажойиб воқеаларни ёдга олиб, унга оид қизиқарли фактларни эътиборингизга тақдим этмоқчимиз.

Гап аслида нимада?

“Сан-Сиро” билан боғлиқ бу саволлар бир неча бор кўтарилган. “Милан” ҳам, “Интер” ҳам у ердан кетиб, ўзига янги арена барпо этмоқчи бўлган. “Қизил-қоралар” ҳаттоки, бир неча йил олдин ўз лойиҳаларини ҳам тақдим этган, аммо баъзи сабаблар туфайли режа амалга ошмаган. Шунга ўхшаш “ёндашувлар” талайгина. Томонлар афсонавий, лекин маънавий жиҳатдан эскириб қолган бинодан нафақат қочиш, балки уни замонавийлаштириш хусусида ҳам ҳар икки клубни қониқтирадиган ечимлар ҳақида суҳбатлашишди.

Бироқ қайта таъмир учун миллионлаб пул сарфлагандан кўра, уни бузиб ташлаб, янги арена қуриш уларга осонроқ туюлди, назаримизда. Аммо бу борада ҳам узоқ вақтгача бир тўхтамга кела олмадилар. Бунга асосий сабаб, Милан грандлари ўртасидаги мушкул корпоратив ҳолат бўлди. Клублар бир раҳбардан иккинчи раҳбар қўлига ўтди. Улар эса вазиятни яна қайта-қайта муҳокама қилавердилар. Лекин “Интер”нинг хитойлик, “Милан”нинг эса америкалик хўжайинлари бошқарув идорасида тартиб ўрната олишди. Энди эса инфраструктура инвестицияларида кескин қадам ташлашга тайёр турибдилар. 

Барча жанжал “Милан” президенти Паоло Скаронининг қуйидаги сўзларидан сўнг бошланди: “Бизда янги “Сан-Сиро” бўлади. Биз янги аренани эски иншоот ёнида барпо этамиз. Аввалги бино аста-секинлик билан бузиб ташланади ва унинг ўрнида янги объектлар қад ростлайди”. Буни “Интер” директори Алессандро Антонелло ҳам тасдиқлади. Шундан сўнг, ушбу хабар рост эканига ишонч ҳосил қилинди. Клублар янги арена қуриш учун таҳминан 700 миллион евро ажратишмоқда ва янги аренани яна ўзаро бўлиб олишга келишишди. Стадион очилиши 2022 йил бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

“Сан-Сиро”нинг пайдо бўлиши

Пьеро Пиреллининг ёрдами билан стадион қурилиши бошланган эди. У “Милан” президенти бўлган. У “қизил-қоралар” аренадан ўз уйи сифатида фойдаланиши учун 5 миллион лира тўлаган. “Сан-Сиро” стадионини Улиссе Стаккини ва Альберто Кугини томонидан лойиҳалаштирилган: 1925 йил 1 августдан иншоот барпо этишнинг биринчи куни бошланган ва жуда тезлик билан қуриб битказилган. Бунгача эса “Милан” ўша ердаги кичик майдонларда уй ўйинларини ўтказишга мажбур бўлган.

Факт: бугунги кунда стадионга икки клуб эгалик қилишига қарамай, у биринчи бўлиб “қизил-қоралар"га тегишли бўлган. “Нерадзурри” аренага кейинроқ келиб жойлашган. Аммо барчаси тартиб билан амалга оширилган. Аввалига “Сан-Сиро” инглиз стадионларига ўхшаш тарзда қурилган: 4 та трибуна, 1тасининг усти ёпиқ, сиғими эса 35 000 кишини ташкил этган. Арена 13 ой давомида қуриб битказилган.

Ноёб жамоа

“Сан-Сиро” стадиони 1926 йилнинг 19 сентябрида тантанали равишда очилган, илк учрашув — “Милан” - “Интер” дербиси бўлган. Ўшанда меҳмонлар 3:6 ҳисоб билан ғалаба қозонган. Айнан ўша кундан буюк баҳсларга старт берилган. Бугунги кунда ҳам Милан дербиси мухлислар ўртасида катта қизиқишларга сабаб бўлади. Кўриб турганингиздек, бу бежизга эмас! Сўнгги йилларда “Милан” ходимларига билдирилаётган танқидлар кўпайган.

“Милан” янги стадиондаги биринчи баҳсида мағлуб бўлганига қарамай, тарихда бир ажойиб воқеа қайд этилган. Илк учрашувдан бир неча кун ўтиб, жамоалар ўзаро яна майдонга тушдилар, аммо биргаликда: “нерадзурри”нинг 8та, “россонери”нинг 3та ўйинчиси бир жамоа бўлиб, “ДФК Прага”га қарши ўйнашди ва 4:1 ҳисоб билан ғалаба қозонишди.

“Сан-Сиро” хўжайинлари

Кўплаб мухлислар “Сан-Сиро” аренаси икки клубга тегишли деб ўйлайди. Аммо бундай эмас. Пьеро Пирелли қарори билан барпо этилган стадион 1935 йилгача “Милан”га тегишли бўлган. Кейинчалик у шаҳар ҳокимиятига сотиб юборилган. Улар эса дарҳол қайта таъмирлаш ишларини бошлаб юборишган. Шаҳар ҳокимиятининг биринчи буйруғи стадионга ёй шаклидаги секторлар қўшиш бўлган. Бу секторлар 4та трибунани бир-бирига улаб туриши керак эди. Бу нарса ўриндиқлар сонини 20 мингга ошириш имконини берган. Милан шаҳри ҳокимияти ҳамон “Сан-Сиро”га эгалик қилади, клублар эса ижара ҳақи тўлайдилар. Мана шу нарса ҳам клублар у ердан кўчиб кетишларига сабаб бўлмоқда.

Халқаро тажриба

“Сан-Сиро” шаҳар ҳокимиятига сотиб юборилишидан бир йил аввал, у ерда ҳалқаро ўйин ташкил қилинган. 1934 йил Жаҳон Чемпионати ярим финали доирасида аренада Италия ва Австрия (1:0) ўртасидаги баҳс бўлиб ўтган. Лекин кейин ўйинлар тўхтатилиб қўйилди, сабаби II жаҳон уруши бошланди. Шундан сўнг, 1946 йил 1 декабрдан яна баҳслар ўтказилишига старт берилди. Ўша куни Италия миллий терма жамоаси яна австрияликлар билан учрашди ва 3:2 ҳисоб билан ғалаба қозонди.

Қўшнилар

1947 йил “Интер” бутунлай “Чивик Арена”дан кетди ва “Сан-Сиро”га кўчиб ўтди. Улар 1947-1948 йилги чемпионатдаги илк ўйинини сентябрь ойида ўтказадилар. Ўшанда уларнинг биринчи рақиби “Модена” (1:1) клуби бўлган эди.

“Узуклар ҳукмдори”

Шаҳар уруш оқибатларини аста-секин унута бошларкан, ҳукумат вакиллари иккинчи узук лойиҳасини ишлаб чиқишди. Лекин 1954 йилда қазиш ишларини бошлаб, табиий қаршиликка дуч келадилар: дренаж тизимини яратишда муаммолар пайдо бўлади. “Милан” ва “Интер” бир муддат оддийроқ майдонда тўп тепишларига тўғри келган. Аммо 1955 йил сентябрь ойига келиб барчаси ҳал бўлади ва қурилиш ишлари якунига етказилади. Лекин томошабинлар сони аввал режа қилинганидек 100 минг эмас, 85 минггача тушурилди. Бироқ “Сан-Сиро” ажойиб кўринишга эга бўлди.

Тунги “Сан-Сиро”

1957 йилгача стадионда ҳеч қандай ёритгич чироқлари бўлмаганини биласизми?! Ўша йилнинг 23 августидан “Сан-Сиро” майдонини 180та прожекторлар ёрита бошлади. Шу куни “Милан” ва “Фиорентина” (4:0) ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтган эди. Айнан шу воқеа кечки пайт ва тунда ҳам учрашувлар ташкил қилиш имконини берди.

“Интер” бу ишга ҳеч қандай ёрдам бергани йўқ. “Милан” ҳаражатларнинг барчасини ўз зиммасига олди. Шаҳар ҳокимияти бунга жавобан, “қизил-қоралар”нинг тунги баҳслари учун олинадиган пулларни бекор қилди. Орадан ўн йил ўтиб, мухлислар стадионда илк бор электрон таблони кўришга муваффақ бўлдилар.

Стадион ёнидаги ҳалқалар

1990 йилги Жаҳон Чемпионатидан олдин Милан хўжайинлари аренада кенг миқёсдаги қайта таъмирлаш ишларини бошлаш ҳақида ўйлаб қолдилар. “Сан-Сиро” учинчи ярусга эга бўлиши керак эди, лекин шаҳар ҳокимияти, турли жамоалар ҳамда Милан клублари ўртасида катта баҳс-мунозаралар келиб чиқди. “Қизил-қоралар”нинг ўша вақтдаги президенти Сильвио Берлускони ўз клуби учун янги арена қуриш ҳақида ҳам обдон ўйлаб кўрган. Буни қарангки, архитектор Жанкарло Рагаццининг лойиҳасини ҳаётга тадбиқ қилиш насиб қилган экан.

Агар “Сан-Сиро”нинг сўнгги йиллардаги суратларига эътибор берсангиз, архитекторларнинг иши яққол намоён бўлади. Унда стадионнинг икки ёнига ҳалқа кўринишидаги объект қурилди. Қайта қуриш ишлари 1990 йилнинг 2 июнида ўз ниҳоясига етди. Бунинг учун 180 миллиард лира сарфланди.

Стадион икки номи

“Милан” мухлислари аренани “Сан-Сиро” деб аташларига қарамай, аслида стадионнинг расмий номи бошқачароқ. 1980 йил 3 март куни стадион афсонавий италиялик футболчи шарафига “Жузеппе Меацца” деб номланган.


Жузеппе Миланнинг икки клубида ҳам ўйнаб, мухлислар қалбидан жой эгаллаган. Аммо нима учун бу ном “қизил-қоралар”га ёқмайди? Гап шундаки, Жузеппе Меаццани кўпроқ “Интер”даги баҳслари билан ёдга олишади. Сабаби, фаолиятининг асосий қисмини у “нерадзурри” таркибида ўтказган ва 3 маротаба Италия чемпионатида ғалаба қозонган. Қизиғи шундаки, “Милан” ишқибозлари аренани “Сан-Сиро”, “интерчилар” эса — “Жузеппе Меацца” деб атайдилар.

Стадионда фақат футбол ўйнашмайди

“Сан-Сиро” асосан футбол майдони бўлса-да, у ерда бошқа спорт тадбирлари ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, жаҳон юлдузлари иштирокидаги концертлар ҳам ташкил қилинади (бугунги кунда ҳам). Масалан, боксчилар Дуилио Лои ва Карлос Ортис ўртасида Жаҳон Чемпиони мақоми учун жанг бўлиб ўтган. Ўшанда стадионга 53 000 мухлис ташриф буюрган эди. Яна бир ёрқин мисол — Боб Марли. Буюк бастакор фаолияти давомида атиги бир марта Италияга гастроль сафари уюштирган. Концерт айнан “Сан-Сиро”да бўлиб ўтган (90 000 одам).

Энди нима бўлади?

Милан клублари бир қарорга келиб, буни оммага ҳам расман эълон қилганларига қарамай, шаҳар мэри Жузеппе Салла грандларни ҳовуридан тушуриб қўйди: “Стадион шаҳар ҳокимиятига тегишли. Агар “Милан” ва “Интер” янги стадион қурмоқчи бўлса, бунга анча вақт керак бўлади. Арена учун биз масъулмиз. Ёдингизда бўлса, Олимпиада-2026 очилиш маросими “Сан-Сиро” бўлади деб ваъда бериб қўйганмиз.

Ҳа, дўстлар, 2026 йилги қишки Олимпиада ўйинлари Милан ва Кортина-д'Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтади. Айнан шунинг учун ҳам, ҳамкасбларимиз бу режани 7 йилдан кейин амалга оширишларига тўғри келади. Сўнгги кунлардаги сўров натижаларига кўра, омманинг асосий қисми иншоот эскириб қолганига қарамай, афсонавий арена бузилишини истамаяпти. Эртами кечми, унинг ҳам даври тугайди. Шунга қадар эса, ундан баҳра олиб яшаш даркор".


Нозима Зарипова таржимаси

Ўхшаш янгиликлар