ads


Одил Аҳмедов нима истаяпти? Содиқ Аҳмадалиев билан батафсил суҳбат

  • Mr.NoBoDy 03.07.2019 12:43
  • 567
  • 30

Одил Аҳмедовни Наманган футболи йўлида қилаётган ишларини кўпчилигимиз яхши билмаймиз.

 Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бунчалик катта ишлар бўлаётганини кеча Тўрақўрғонга бориб билдим.

3 йил аввал Наманган спорт коллежига 2004 йилларда туғилган футболчиларни кўрикдан ўтказгани Рауф Инилеев ва Дилшод Нуралиев келишган эди. Ўшанда улар водийдаги энг яхши 2004 йилда туғилган болаларни коллежга киритиб, Наманган вилояти билан ҳамкорликда уларни тарбиялаб келаяптилар. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сардори айнан шу коллежда ўқиётганини мен ҳам яқинда билдим. Яна 3 нафар футболчи эса терма жамоага номзод экан. Бу футболчилар 2020 йил "Навбаҳор" фарм клуби сифатида Наманган вилояти 2-лигасида қатнашишади. Уларга "Локомотив" клуби жиддий қизиқаётганини ҳамма билиб бўлди. Аммо Аҳмедов ва унинг жамоаси эндиги ишлар Наманган футболи ривожи йўлида бўлишини такидлаб ўтибди.

Ўша имтиҳонда мен Дилшод ака Нуралиевга 2001 йилда туғилган футболчилар орасида битта яхши бола борлигини айтгандим. Акназаров Улуғбек, Ортиқов Содиқ ва Қаюмбоев Расулбек деган болаларни тавсия қилган эдим. Буни қарангки, бу ерда эътиборсиз қолган футболчини Тошкентга олиб кетишди. 1 йил у ерда Одил Аҳмедов ҳомийлигида ўйнади, кейин "Навбаҳор" ўринбосарлари таркибига чақиришганида, индамай қайтариб олиб келишди. Бу билан нима демоқчиман, бундай футболчилар жуда кўп Ўзбекистонда. Кеча "Қўқон-1912" дарвозасига 2та гол уриб "Пахтакор"ни ғалабасига хисса қўшган Шоҳрух Маҳмудхожиев яқин-яқиндаям Чустдаги БЎСМда юрган бола эди. Афсуски бундай наманганлик футболчилар Республикамизда сероб.

Ҳар йили ўтказилинадиган "Odil Cup" мусобақасининг финалига вилоятимиз ҳокими, Хайрулла Ҳайитбоевич ҳам ташриф буюрдилар. Қизиғи шундаки, финал ўйинидан кейин Вилоятимизнинг барча футболга оид инсонларини йиғиб, катта мажлис ўтказган ҳолда янги топшириқларни бердилар. Шуҳрат Мирхолдиршоев вилоят футбол ассоциациясининг янги Вице-президенти этиб тайинланди. Одил Аҳмедов эса болалар футболига ёрдам берадиган бўлди, Тўрақўрғонда янги қуриб битказилган Ўзбекистондаги биринчи хусусий футбол академияни кўрсангиз эди. Менимча яқин 5 йилда Ўзбекистоннинг энг кучли болалар футболига эга ҳудудга айланамиз.



Мен тадбирдан кейин дўстимиз, укамиз Одил Аҳмедов билан бирга ўсган Содиқжон Аҳмадалиев билан лойиҳа бўйича суҳбат қурдим.


"Одилнинг фикри ҳаёли Наманганда. Шунча иш қилсада, ота - онаси ва ака-укаларининг бари Наманганда яшайдилар. Унда Намангандан кетиш фикри умуман йўқ. Шунинг учун бу ерга жон куйдириб ётибди. 5-6 йилдан кейин Наманганга қайтса, шу клубни ОЧЛнинг доимий иштирокчисига айлантириш ҳақида ўйлаяпти. Бунинг учун ҳозирдан вилоятда болалар футболига катта эътибор қаратиб, ўринбосарлар сафига яхши савиядаги футболчиларни етказиб беришни мақсад қилган. Бунинг учун пойтахтда катта мактаб очдик. Мақсадимиз, Намангандаги болаларни энди ўзимиз пойтахтга олиб бориб, уларни "Пахтакор", "Бунёдкор", "Локомотив" ёки "Насаф"га эмас, қайтиб "Навбаҳор"га олиб келиш. Бу лойихамиз иш беришига ишонаман. Мухлислар бизларга озгина вақт берсинлар. 2020 йил ўринбосарлар жамоасининг ўйинидан роҳат оласизлар. Ўринбосарларимиз натижа учун эмас, 17-19 ёшли футболчиларни кашф қилиш учун майдонга чиқадилар. Шунда 2021 йилда "Навбаҳор"да камида 2 нафар савияли футболчини кўришимиз мумкин бўлади", - дейди Содиқжон.

- Мана шу ишларни амалга ошишига ишонасизми?


- Ака, ишонмасак шу базани қурармидик, қанча маблағ кетди. Ҳаммаси болалар учун. Водийни футболини сал бошқачароқ қилиб ривожлантирамиз. Ундан ташқари Хайрулла Ҳайитбоевичдек ҳокими бор вилоятда шу ишни бугун қилмасак, қачон қиламиз? Айнан вилоят ҳокимиятининг қўллаб-қувватлаши бизни иштаҳамизни очиб юборди. Билсангиз Тошкентдаги энг яхши болалар ўртасидаги мусобақаларни айнан, пойтахтдаги клубимиз амалга оширади. 2 йил ичида "Odil Junior" жамоаси катта ютуқларга эришди. Пойтахтдаги дўстимиз Нодирхўжа билан келишиб олдик, энди ҳамма яхши мусобақалар ВОДИЙда бўлади. Бу билан биз нимага эришамиз, пойтахтга боришга имконияти йўқ жамоаларга ўйин амалиёти берамиз. Энг сара футболчилар терма жамоасини тузамиз ва базамизда пойтахт ва хориждан ташриф буюрадиган мураббийлар билан машғулот ўтказамиз. 3 йил ичида Наманган вилоятида камида 100 нафар "С" ва 30 нафар "Б" лицензияси бор мураббийларни кашф қиламиз. Барчаси Европадака бўлади. 2008 йилда таваллуд топган ўзимизни тўрақўрғонлик дарвозабон "Локобол" мусобақасининг 1 ва 2 - босқич ўйинларида энг яхши дарвозабон бўлди. Мана шундай болалар "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилсагина, пул учун эмас, ор-номус учун майдонга чиқадилар.



- Қачон бизнинг клублар боқимандаликдан чиқадилар деб ўйлайсиз?


- Эътибор қилинг, клубларда йилдан йилга бюджет камайиб бораяпти. Афсуски бу бизни уйғотмаяпти. Ҳозирдан яхши футболчиларни тарбиялаб сотиш тизимига ўтишимиз керак. Шунинг учун ишни болалар футболидан бошлаяпмиз. Кўрасиз, 5 йил ичида "Навбаҳор" Ўзбекистон Олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасининг негизига айланади. Бу ишни бажариш жуда қийин, қаршиликлар ҳам йўқ эмас. Аммо шу ишга бел боғладик.

- Академиянинг очилиш маросими қачонга режа қилинган.


- Шу йилнинг куз фаслида барчаси тайёр бўлиши керак. Ҳозир катта мусобақа устида ишлаяпмиз. "Милан", "Интер", "Рома", "Фиорентина", "Лацио" каби клубларга таклифнома юбордик, албатта болалар жамоасига. Агар улар таклифимизга рози бўлсалар, Наманган Ўзбекистонга Европадан болалар ТОП жамоаси ташриф буюрган биринчи вилоятга айланади.



Фарҳод Умаралиев суҳбатлашди


Ўхшаш янгиликлар