“Бунёдкор” футбол академиясида “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан яна бир хайрли тадбир ўтказилди

  • Mr.NoBoDy 04.06.2023 08:50
  • 357
  • 30

“Бунёдкор” футбол клуби таъсисчиси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ташаббуси, «Бунёдкор» футбол таклифига кўра, пойтахтимиздаги 30-сонли болалар уйи тарбияланувчилари меҳмонимизга айланди.

Тадбирдан мурод байрам муносабати билан кўнгли ярим болаларнинг кайфиятини кўтариш ва уларнинг орасидан иқтидорларни танлаб олиб катта ҳаётга «Бунёдкор» орқали қадам қўйишини таъминлаш эди. Тадбирда меҳмонларимиз учун бир қатор спорт ўйинлари ташкил қилинди. Хусусан, болалар шаҳмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, футбол, қувноқ эстафета баҳсларида беллашишди. Албатта бу спорт баҳслари турлари айнан кимнидир ғалаба қозониши учун эмас, балки фестивал кўринишида ўтказилди. Бемалол таъкидлаш мумкинки, меҳмонимиз бўлган меҳрибончилик уйи тарбияланувчилари учун кун ажойиб руҳ ва кайфиятда ўтди.

Спорт тадбирлари якунига етгач, болаларга «Бунёдкор» футбол клуби таъсисчиси, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан ажратилган эсдалик совғалари топширилди. Совғаларни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Бошқарув раиси ўринбосари Усмонов Беҳзод Бобурович ва «Бунёдкор» футбол клуби директори Шерзод Ҳақбердиев топширди. 

Спорт тадбирлари якунига етганидан кейин ҳам байрам давом этди. Ўзбекона урф-одатларга кўра меҳмонларимиз бир пиёла чойга таклиф қилинди ва албатта миллий таом палов тарқатилди. Тушликдан сўнг меҳмонларимиз учун «Бунёдкор» академияси ва стадиони бўйлаб саёҳат уюштирилди. Болалар академиямизда тенгқурларига яратилган шароитлар билан танишди. Сўнг меҳмонларимиз «Бунёдкор» стадионига ташриф буюриб, пойтахтимиз кўрки бўлган ўйингоҳни яқиндан томоша қилишди. Эсдалик учун суратларга тушишди ва шу тариқа байрам ҳақиқий байрамона кайфиятда якунланди. Зеро, мазкур ташаббус ва таклифнинг асосий мақсади ҳам шу эди.

Ўхшаш янгиликлар