Мессининг ғазабини қўзғатмаган маъқул...

  • Mr.NoBoDy 29.11.2023 08:22
  • 1275
  • 30

Бразилиялик Марсело фаолияти давомида майдонда аргентиналик Лионель Месси билан жуда кўп марта тўқнаш келган.

«Реал» афсоналаридан бири яқинда айнан «митти даҳо»га қарши ўйинларини алоҳида эслади. Марселонинг айтишича, ўйин вақти Мессига нисбатан провакацион ҳаракатланиш, унинг ғазабини қўзғатиш фақат ва фақат таъқибчи томон зарарига ишлайди.

Марсело айниқса, Мадриддаги ўйинларда Мессига қаршилик кўрсатишда шу оддий қоида (Лео ғазабини қўзғатмаслик)га қатъий амал қилган экан. «Месси ўйин пайти умуман гаплашмасди ва мен ҳам унга луқма ташламасликка ҳаракат қилардим. Чунки унинг жиғига тегмасангиз, нисбатан мулойимроқ кўринарди, - деди «Реал» афсонаси. - Очиғи, айниқса, Мадриддаги ўйинларда ҳар доим йигитлар билан шу қоидага амал қилиш, Леони ўз ҳолида қолдириш кераклиги ҳақида келишиб олардик. Чунки агар унга ортиқча босим ўтказишни ўйласангиз ёки кескин ҳаракат билан халақит беришга уринсангиз, ўзингизга ғавғо орттирганингиз қолади. Бундай ҳолатда Лео жаҳлини қўзғатиб қўясиз. Ғазабланган Мессига қаршилик кўрсатиш эса амри-маҳол... Қаҳр отига минган Месси ҳар қандай рақиб учун даҳшатли тушга айланади».

Марселонинг фикрича, охирги Америка кубоги ва ЖЧда рақиблар шу оддий қоидага амал қилишмагани туфайли Леодан кўп азият чекишган: «Мана, Америка кубоги ва ЖЧда рақиб жамоалар футболчилари Леони провакацион ҳаракатлар билан издан чиқаришга кўп уринишди. Оқибатда бу айнан аргентиналикларга қўл келди. Энг ёрқин мисол сифатида ЖЧ-2022 чорак финал ўйинини кўрсатиш мумкин. Нидерландияликлар ўзларига қаттиқ ишонган ҳолда, нафақат Лео, балки унинг шерикларини ҳам ғазаблантириб қўйишди. Оқибатда Месси ваҳожат режимини ёқиб, гол урди, самарали узатма қайд этди ва барчасини Луи ван Гал олдида нишонлади».

Лионель Месси ва «Реал» ўртасидаги муносабатга келсак, аргентиналик юлдуз жами 47та «Эль-класико»да иштирок этиб, 26та гол ва 14та ассист қайд этган. Марселонинг ақидасига асосан айтсак, агар «реалчилар» Мессига қаршилик кўрсатишда «ғазаблантирмаслик керак» тушунчасига амал қилишмаганида, унинг статистикаси янада даҳшатли бўлармиди...?

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар