24 ёшли африкалик футболчи ўғрилар томонидан отиб ўлдирилди

  • Mr.NoBoDy 06.04.2024 00:22
  • 1824
  • 30

Жанубий Африканинг “Кайзер Чифс” клуби марказий ҳимоячиси, 24 ёшли Люк Флерс ёнилғи қуйиш шохобчасида, жиноятчилар унинг машинасини ўғирламоқчи бўлганида отиб ўлдирилган.

“Ўйинчиларимиздан бири Люк Флерснинг фожиали ва бевақт вафот этганини билиб, чуқур ҳайратда ва қайғудамиз. Биз ушбу ўта оғир дамларда унинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлигимизни билдирамиз”, — дейилади “Кайзер Чифс” баёнотида.

Гаутенг полицияси вакили подполковник Мавела Масондонинг сўзларига кўра, гумондорлар Флерсни машинадан тушириб улоқтиришдан олдин унга ўқотар қурол кўрсатган ва кейин отиб ташлаган.

24 ёшли йигит яқин атрофдаги касалхонага олиб кетилган ва шифокорлар томонидан унинг вафот этгани маълум қилинган.

Жанубий Африка Премьер Лигаси 6—7 апрель кунлари бўлиб ўтадиган барча ўйинларни Флерс хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланишини эълон қилди.

Люк аввалроқ Токио Олимпиадасида Жанубий Африканинг U23 терма жамоасида ўйнаган. У гуруҳдаги барча ўйинларни ўтказган, бироқ жамоа ҳеч қайси ўйинда ғалаба қозонмаган. Шунингдек, 2021 йилда у Эфиопияга қарши Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига чақирилган, аммо Флерс майдонга тушмаган.

Ўхшаш янгиликлар