Давлат Турдиалиев таваллудига 62 йил тўлди

  • Mr.NoBoDy 25.04.2024 12:50
  • 168
  • 30

1962 йилнинг 25 апрель санасида Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган спорт шарҳловчиси Давлат Турдиалиев агар ҳаёт бўлганларида 62 ёшга тўлган бўлардилар.

Давлат Турдиалиев нафақат футбол, балки спортнинг кўплаб бошқар турларини чуқур ўргангани репортажларидан яққол сезилиб турарди. Пойтахтимизда ўтказилган дастлабки йирик теннис турнирларидан бевосита жонли эфирда репортажлари, боксга бағишланган ажойиб кўрсатувлари, ёзги ва қишки олимпиадалар, Осиё ўйинлари даврида бошқа мусобақалардан шарҳлари микрофон қаршисида ҳақиқий профессионал ўтирганидан далолат берарди.




У мамлакатимизда спорт журналистларининг янги авлоди шаклланишига катта ҳисса қўшгани таҳсинга лойиқ. Бугун ўзлари ёш ҳамкасбларига устозлик қилаётган бир қатор шарҳловчи ва репортёрлар Давлат аканинг маслаҳатлари, тавсиялари, ўринли танқидий фикрлари туфайли спорт мухлислари аудиториясида ўзларига яраша эътиборга эришишди. Давлат ака ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилар, ўз навбатида, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бирма-бир таҳлил қилиб, уларни тузатиш бўйича қимматли маслаҳатларини аямасди. Шу билан бир қаторда, телевидениега омма орасида обрў орттириш учун келганларни, эфирга тайёргарлик кўришга эринадиганларни хушламасди.

Давлат Турдиалиев фаолияти давомида ЎзМТРК телеканалларида спорт шарҳловчиси сифатида иш олиб борган. Турли йилларда «Ёшлар», «Спорт» телеканалларида футболга ихтисослашган муаллифлик кўрсатувларини тайёрлаган.

2009—2013 йилларда ЎзМТРК «Спорт» телеканали директори сифатида иш олиб борган Давлат Турдиалиев 2014 йил ёз ойларида «Спорт» телеканалида шарҳловчи ва кўрсатув муаллифи сифатида фаолият юритганди.

Давлат Турдиалиев меҳнат фаолияти давомида кўплаб шогирдларни тайёрлаган бўлиб, бугунги кунда улар ЎзМТРКнинг «Спорт» ва бошқа телеканалларида, радиостанцияларда, босма ва электрон нашрларда фаолият олиб боришмоқда. У кишининг ўғли Ҳасан Турдиалиев бугунги кунда «Спорт» телеканалида шарҳловчи сифатида ишлаб келмоқда.





Уларнинг шогирдларидан бири бўлган таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиевнинг 2016 йилда Камолиддин Алимовга берган интервьюсини тақдим этамиз:


- 2010 йил. Ўзим учун иккинчи уйдек бўлиб қолган, ТВ оламига йўл очиб берган «Ёшлар» телеканалидан кетаётгандим, - дея сўз бошлади Д.Файзиев. - Бир кун бундай қарорга келишимни ҳеч тасаввур қилмаганман. Чунки «Ёшлар» ва у ерда мен билан ишлаганларни ўзимга жуда яқин кўрардим. Аммо бир инсоннинг таклифини рад этолмасдим. Ўша вақтлардаги «Спорт» телеканали директори Давлат Турдиалиев «Ёрдаминг керак. Канални кучайтириш учун янги кучларга эҳтиёж сезяпмиз...», деб қолдилар. Йўқ дея олмадим. Раҳбар ва ходимларнинг фаоллиги эвазига каналда ижобий ўзгаришлар рўй берди. Янги дастурлар, трансляциялар бўйича ишлар олиб борилди.

Бир ғоя борасида бош қотира бошлагандим. Қайси даврада футболдан гап очилмасин, қизғин мунозара келиб чиқиши аниқ. Баъзида баҳс шу қадар қизиб кетадики, тортишаётганларнинг асаблари таранглашади. Айниқса, қарама-қарши клубларга мухлислик қиладиганларнинг мунозарасини кузатишнинг ўзи бир ўзгача манзара. Бу ҳолатни дунёнинг кўплаб футбол каналлари аллақачон экранга олиб чиқишган. Бизда эса спорт шарҳловчилари офисида даҳшатли қизғин суҳбатлар ўтказиларди. Бироқ томошабин уларни фақат эфир орқали кўрар, алоҳида кўрсатувлардаги якка чиқишларга гувоҳ бўларди. Шунча дискуссия ташқарида қолиб кетарди. Шу ҳолатни эфирга олиб чиқишни мақсад қилдим. Чунки футболдаги ҳафта воқеалари борасидаги шарҳловчиларнинг ўзаро баҳси томошабин учун қизиқарли бўлишини тахмин қилгандим. Ғояни директорга олиб кирдим.




- Рухсат берсангиз, бу дастурда асосан баҳс бўлади, фикрлар қарама-қаршилиги, баъзида эса асабий ҳолатлар ҳам рўй беради.

- Ишқилиб, муштлашиб кетмайсизларми? (кулиб)

- У даражага бормас, лекин микрофонларни ечиб, ташлаб чиқиб кетилиши мумкин.

- Имкон қадар барибир, эфир маданияти, ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда қилса бўлади. Ошириб юбормаслик керак. Ғоя ёмонмас. Нима билан бойитасиз? Фақат гап билан томошабинни зериктириб қўйилмайдими?

- Ҳар бир муҳим воқеа ҳақида роликлар тайёрланади. Графика ёрдамида рамзий терма жамоалар тузилади, учта чиройли голдан энг яхшиси студиядагилар ёрдамида аниқланади. Ва энг асосийси, бўлажак ўйинлар олдидан превью кўрсатилади, мухлислардан кичик интервьюлар олинади, уларнинг ўйинолди тахминлари билан қизиқилади. Агар йўқ демасангиз, ҳаммасини жонли эфирда ўтказмоқчиман...




- Оҳҳо, бошланишига балки ёзиб олармиз. Эфир вақти катта, студияда иштирокчилар кўп...

- Йуқ, дастурнинг «фишка»си ҳам шунда: ҳаммаси жонли эфирда! Орада туғиладиган ноқулай ҳолатлар ҳам шу ғоянинг бир қисми. Иштирокчиларнинг ҳаммаси профессионал шарҳловчи. Кўрсатув яхши ўтади. Агар бирор хато кузатилса, майли, кейин ўзгартиришингиз мумкин.

- Хўп. Менинг ҳам бир шартим бор: фақатгина шарҳловчиларнинг ўзи етмайди. Мутахассис чақир. Мураббийлар, футболчилар...

- Биласиз-ку, мутахассисларимизнинг аксарияти эфирга чиқишдан ўзларини олиб қочишади. Бироз муаммо пайдо бўлиши мумкин.

- Муаммо туғилса, ҳал қиласизлар. Менинг таклифим шу. Мутахассис чақир!

Шу тариқа «Турдан-тургача» дастури эфирга чиқа бошлади. Дастлаб уни ҳамкасбларим Зафар Имомхўжаев ва Дилшодбек Тўхтабековлар билан, ке-йинчалик эса бир ўзим ва таклиф этилган шарҳловчилар ҳамроҳлигида олиб бордик. Томошабинлар бунга турлича муносабат билдиришди. Илиқ фикрлар ҳам, танқидлар ҳам учради, албатта. Асосли танқидларни инобатга олиб, дастурни бойитиб бордик. Телеканалимиз шарҳловчиларининг овозини асосан кадр ортида эшитган томошабин бу дастур орқали уларнинг жонли эфирдаги фикр-мулоҳазаларини кўрди, кузатди.

Фақат бир нарса доимо қийинчилик келтириб чиқарарди. Ҳар сафар эфирга мутахассис чақириш. Баъзида бирор мураббий ёки футболчининг дастурда иштирок этмаслик учун турли баҳоналарни рўкач қилиши мени ҳайрон қолдирарди: «Европа футболиям гапириладими? Мен ўйин­ларни умуман кўрмайман» ёки «Ўзбек футболини гапирмаймизми, ишқилиб? Қўйинг, баъзиларнинг кўзига кўринмай турай».




Лекин тан олиш керак, мутахассислар ва футболчилар орасида бир гуруҳ фидойилари бор. Улар мухлисларга ўз фикрларини етказишдан асло қочишмайди. Қачон таклиф этмайлик, келиб, эфирларда иштирок этишарди. Улардан алоҳида миннатдорман.

Афсуски, ҳар кўрсатувда меҳмон чақира олмасдик. Аксарият вазиятларда тиғиз вақт муаммоси қийнарди. Шунда директоримиздан шу сафар ўзимиз ўтказиб қўя қолайлик, деб сўрардим. Оладиган жавобим эса ўша-ўша эди - «Мутахассис чақир!».

Орадан анча муддат ўтди. Дастурни ёпдим. Директоримиз саломатликлари ёмонлашгани сабабли раҳбарликдан шарҳловчиликка ўтдилар. 2014 йилги жаҳон чемпионатини шарҳлаб бордик. Мусобақа ажойиб тарзда ўтди. Турнир якунлангач, барчамиз учун устоз бўлган собиқ директор мундиал якунлари ҳақида дастур тайёрлаш ниятини билдирдилар.

- Даврон, ҳафта давомида вақтинг борми? «Мундиал якунлари» дастурини тайёрламоқчиман. Ҳар сонида битта гуруҳ ўйинлари таҳлилини ўтказамиз. Мен бошловчилик қиламан, сен эса меҳмон.

- Қандоқ бўларкин, балки бирор мураббийни чақирармиз. Сиз олиб борган дастурнинг меҳмони бўлиш мен учун ноқулайроқ...

- Жаҳон чемпионатини бошидан охиригача шарҳлаб бординг, таҳлил қила оласан. Ўзимиз ҳам қизиқарли тарзда ўтказа олармиз. Мутахассис чақириб ўтираманми, ўзинг келавер. Ҳаммаси тайёр. Биринчи эфир эртага. «А» гуруҳи ҳақида гаплашамиз. Бир соатча олдин келгин. Кеч қолмагин-а, охирги пайт сал бемалолхўжа бўлиб қолибсан (кулиб).

Ҳайрон қолдим. Шу кунгача барча эфирларимга мутахассис чақиришимни сўрардилар... доим мураббий қидириб юрардим. Ўзлари эса тинчгина мени чақириб қўя қолдилар.

Эфир куни келишганимиздек, бир соат аввал студияга кирдим ва уларни кута бошладим. Одатда, кеч қолмасдилар. Эфир бошланишига ярим соат қолганда қўнғироқ қилдим. Телефон ўчирилган. Режиссёр хавотирлана бошлади. Ижодий гуруҳни тинчлантирдим. Охиригача кутамиз. Жуда бўлмаса, бир ўзим бошловчи сифатида ўтказаман, дедим. Бир кун аввал ҳаммасини тушуниб олгандим.

Шундай ҳам бўлди. Эфирни олиб бордим. Жаҳон чемпионатининг «А» гуруҳи ўйинларини бирма-бир таҳлил қилдим. Дастурни охирига етказдик. Шундан сўнг маълум бўлдики, устоз шарҳловчи оғир аҳволда эканлар. Яна бир кун ўтгач, вафот этдилар...

Инсон ўз ҳаёти поёнига етаётганини турли белгилар орқали сезиши ва сездириши ҳақида кўп эшитганмиз. Охирги суҳбатимизда мени ҳайрон қолдирган нарсанинг сабабини тушундим. Тасаввур қилинг, агар улар ўша эфирга мени эмас, бирор-бир мутахассисни таклиф этганларида, қандай вазият кузатиларди? Дастурда узилиш рўй берарди, кўрсатувгача бўлган ҳаракатлар зое кетарди. Аммо ҳаётини шу соҳага бағишлаган инсон бунга йўл қўя олмасди.

Бу - устозимиз билан боғлиқ бир кичик воқеа, холос. Шу каби ибратли ҳолатларни кўп эслашимиз мумкин", - Даврон Файзиев.



Яна бир таниқли спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов бугун телеграмдаги ўз каналида Давлат Турдиалиев хотирасига қуйидаги постни жойлади.

УСТОЗ...

25 апрель. Бу куни ўзбек футболи шарҳловчилигига улкан ҳисса қўшган, аксар шарҳловчилар устози Давлат Турдиалиев туғилган сана.

1962 йилнинг 25 апрелида Фарғона вилоятида туғилган инсоннинг энг муҳим жиҳати – шогирдларини ҳалолликка чорлагани, шарҳловчиликдан аввал ҳақиқий Инсон бўлишга ундаганидир. Бу меҳнатларнинг мевасини бугунги кун томошабини кўриб турибди.

Илойим, борган жойлари Роббимизнинг энг яхши масканларидан бўлсин. Устозимиз кўра олмаган бахту иқболларни оила аъзоларида, фарзандларида, невара фарзандларида кўрайлик.

Доимо дуодамиз...", - Хайрулла Ҳамидов





Яхши инсонлар кўпроқ умр кўришини хоҳлашимиз табиий. Давлат Турдиалиев сафимизда юрганида жуда кўп хайрли ишларни амалга оширган бўларди. Лекин ўлим ҳақ. Яратганнинг иродасига қарши бора олмаймиз. Давлат Турдиалиев ўзидан яхши ном, ажойиб фарзандлар, истеъдодли шогирдлар қолдирди. Барчага мана шундай мазмунли умр насиб этсин! Давлат Турдиалиевнинг охирати обод бўлишини тилаймиз.

Материал сўнггида 2008 йилги Ўзбекистон кубоги финал учрашуви видеошарҳини тақдим этамиз. Тушунганингиздек ўша ўйинни Давлат Турдиалиев шарҳлаб борган эди.



Ўхшаш янгиликлар