Мурод Исмоилов: “Финалда қайси жамоа ғалаба қозонса ҳам якунда футбол ютади”

  • Mr.NoBoDy 05.10.2024 11:24
  • 45
  • 30

Хабарингиз бор, бугун Фарғонада “Навбаҳор” ва “Андижон” жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан билан сайтимиз ходимлари ўзбек футболида фаолият олиб бораётган таниқли мутахассислардан бугунги финал ҳақида фикр ва мулоҳазалар олишмоқда. Жумладан, ҳозирда Қувасойнинг “Цементчи” клубида ишлаб келаётган фарғоналик тажрибали мураббий Мурод Исмоиловнинг фикрлари эътиборингизга ҳавола этилади.

“Ҳар икки жамоа ҳам финалга қадар машаққатли йўлни босиб ўтишди”, - дея сўз бошлади Мурод Исмоилов. “Навбаҳор”нинг ҳам, “Андижон”нинг ҳам айнан кубок доирасидаги натижаларини юқори баҳолайман. Оғир ўйинларда кучли ва қийин рақиблардан ўтиб, ушбу финал босқичига қадар етиб кела олишди.

Бевосита гувоҳ бўлаяпмиз, Ўзбекистон кубоги финал учрашуви учун тайёргарлик жараёни ва эътибор юқори савияда ташкил этилмоқда. Хусусан, ҳар икки вилоят ҳокимлари, шунингдек Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам мазкур финалга катта эътибор қаратмоқда. Биласизми, “Навбаҳор”нинг ҳам, “Андижон”нинг ҳам мухлислари атрофда етарлича ном қозонишган. Шу боисдан ҳам кураш нафақат майдонда, балки трибуналарда ҳам давом этади. Бугун бизни жуда қизиқарли финал, катта атмосферали ўйин кутаяпти. Бугун қайси жамоа ғалаба қозонишидан қатъий назар якунда футбол ғалаба қозонади” - деб сўзларини якунланди тажрибали мутахассис.

Ўхшаш янгиликлар