«Локомотив» «Рома» билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

  • Mr.NoBoDy 20.02.2019 13:40
  • 1450
  • 30

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони “Локомотив” футбол клуби ўз олдига юқори ўринларни қўйиш билан бирга ҳар томонлама етакчи бўлиш мақсадида ўз инфратузилмаси, академия, маркетинг ва стадионда мухлисларга қулайлик яратиш бўйича ҳам ишлар олиб бормоқда.

Куни кеча “Локомотив” ПФК бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов Италиянинг “Рома” клуби бош директори Мауро Балдиссони таклифига биноан клуб офисига ташриф буюрди. Бу учрашувдан асосий мақсад айни дамда “Рома” футбол академиясига раҳбарлик қилаётган Франческо Тотти ва яқин кунларда қурилиши бошланадиган “Локомотив” футбол академияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу билан бирга “Локо” сафида етишиб чиқаётган ёш, истеъдодли футболчиларни малака ошириш учун Римга юбориш, мураббийлар учун дастурлар ва амалий қўлланмаларни тақдим этиш, маркетинг соҳасини ривожлантириш, италияликлар тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш ҳисобланади.

Учрашув давомида Тўлабек Акрамов аввало ўзбек футболи эришаётган ютуқлар, Профессионал футбол лигаси томонидан амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар ҳамда “Локомотив” жамоаси ҳақида маълумот берди. Римликлар бош директори Мауро Балдиссони ва клубнинг ривожланиш стратегияси бўйича директори Алекс Зекка “Рома” футбол клуби, академия, мухлислар билан ишлаш, маркетинг соҳалари ҳақида маълумот бериб ўтишди.

Балдиссони италияликлар Хитой ва АҚШда қурилган “Рома” футбол академиялари тўғрисида фикр юритиб, Ўзбекистонда “Локомотив” билан ҳамкорликда ишлаш таклифи жудаям фойдали эканлиги ҳамда Ўрта Осиё футбол бозорига анчадан бери қизақаётганини таъкидлаб ўтди.

“Рома” бош директори ҳамкорликнинг дастлабки босқичида “темирйўлчилар” мураббийлари ва бир нечта истеъдодли футболчиларни малака ошириш учун Италияга таклиф этди. Шу билан бирга халқаро ҳомийларни жалб этиш, улар билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш борасида ўз таклифларини берди.

Ўзаро суҳбатдан сўнг Тўлабек Акрамовга “Рома” футбол клуби уй стадиони, клуб базаси, расмий дўконлар фаолияти таништирилди.
Жудаям самарали ўтган учрашувда томонлар клублар ўртасида алоҳида стратегия бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Ўхшаш янгиликлар