Кике Сетьен: “Мен доим шогирдларимга кучли ўйинлар пайтида кучни етарлича тақсимлашни ўргатганман. Рақиб хатоларини кутишимиз керак. Бу бугунги ўйинда ҳам асосий режаларимиздан бири бўлиб қолади. “Наполи”ни етарлича ўрганиб чиқдим. Гуруҳ баҳсларида супер натижалар қайд этишди. Улар бу мавсумда “Ливерпул”ни мағлуб этишди. Ҳеч бир ўйинга беэътибор қараш керак эмас, айниқса у Чемпионлар лигасида бўлса. Шунинг учун ўзимизни яққол фаворит демаган бўлардим. “Наполи”ни ички чемпионатда ишлари унча ҳам яхши эмас. Бор кучларини ушбу мусобақага ташлаганлари аниқ”.
Женнаро Гаттузо: “Бизни катта имтихон кутиб турибди. Футболчиларимнинг кайфияти унча ёмон эмас. Улар буюк клубга қарши ўз майдонларида ҳаракат қилишади. Стадионимиз супер муҳитни яратиб беришга тайёр. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкинки, бизда рақибга қарши умуман қўрқув йўқ. Тан олиб айтаманки, “Барса” сўнгги 15 йилликнинг энг яхши клубларидан. Таркибимизда сезиларли йўқотиш мавжуд – Кулибали жароҳати сабаб қайдномага киритилмади. Аммо бу бугун бор имкониятларимиздан фойдаланишимизга тўсқинлик қилмайди деб ўйлайман”.
Эслатиб ўтамиз, “Наполи” – “Барселона” учрашуви тунда Тошкент вақти билан соат 01:00да бошланади.